Германия махсус кучлари Болтиқбўйи инфратузилмасини қўриқлаш учун юборилади
Эҳтимолий қўпорувчилик таҳдидлари туфайли Германия шимолида терроризмга қарши курашга ихтисослашган махсус кучлар жойлаштирилади. Хавфсизлик чораларини кучайтириш «Шимолий оқим» портлашидан кейин бошланди, деб ёзади ARD телеканали.
Болтиқбўйи ва Шимолий денгизларда сув ости инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун Германия махсус кучларининг GSG-9 денгиз оператив бўлинмаси жалб этилади, дея хабар беради Германиянинг ARD телеканали ва Der Spiegel ҳафталик нашри 11 октябр, жума куни хавфсизлик хизматидаги хабардор манбаларга таяниб.
Журналистларга кўра, Болтиқ денгизидаги Шлезвиг-Голштейн федерал ерида жойлашган Нойштадт шаҳрига махсус кучларни жойлаштириш қарорини шахсан Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер қабул қилган. «Ушбу жойлашув туфайли бўлинма денгизларда ҳам, Германия шимолида ҳам инқирозли вазиятларга тезроқ жавоб бера олади», дейилади ARD баёнотида. Канал манбаларига кўра, хавфсизлик чораларининг кучайиши «Шимолий оқим» портлашидан кейин яққол кўзга ташланиб қолган денгизлардаги инфратузилмага қарши саботаж хавфи билан боғлиқ.
Германия мунтазам равишда «Россия жосуслик кемалари» фаолиятини қайд этиб боради, улар «Шимолий ва Болтиқ денгизлари тубидаги қувурлар ва бошқа сув ости линиялари харитасини тузади», дея аниқлик киритди ARD.
НАТО Европада йиллик ядровий машғулотлар бошланишини эълон қилди
НАТОнинг ўз ҳудудини ядровий ҳужумдан ҳимоя қилиш бўйича Steadfast Noon номли йиллик машғулотлари 14 октябрда бошланади. Бу ҳақда 10 октябр куни Лондонда НАТО бош котиби Марк Рютте маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бу йилги машғулотларга 60 дан ортиқ самолёт жалб этилади. Машқлар Шимолий денгиз узра – Буюк Британия, Белгия ва Нидерландия ҳаво кенгликларида ўтказилади.
«Беқарор дунёда душманлар НАТО ҳар қандай таҳдидга жавоб беришга тайёр ва қодир эканлигини билишлари учун мудофаа кучимизни синаб кўришимиз ва мустаҳкамлашимиз жуда муҳим», — дея тушунтирди Рютте. Шимолий Атлантика алянси таъкидлашича, Steadfast Noon машқлари Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига реакция эмас, деб ёзади dpa агентлиги.
Мавзуга оид
11:54 / 17.12.2024
Германияда mpox вирусининг хавфли штамми билан касалланганлар аниқланди
21:27 / 16.12.2024
Бундестаг Олаф Шолцнинг сўровига биноан унинг ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилди
16:14 / 14.12.2024
ОАВ: Германия узра РФ ҳарбий дронлари учиб ўтган бўлиши мумкин
15:21 / 14.12.2024