1 декабрдан ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими тест режимида ишга туширилади
1 декабрдан бошлаб жарима балларини ҳисоблаш тизими тест режимида ишга туширилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бунда қоидабузарликлар автоматик тарзда дастурий таъминотда қайд этиб борилади. Ушбу тизим янги бўлгани сабабли, тест режимида ишлаган вақтда тизимдаги ҳамда содир этилган қоидабузарликлардаги барча хато ва камчиликлар тизимни техник қўллаб-қувватлаш даврида босқичма-босқич аниқланиб, бартараф этилиб, такомиллаштирилиб борилади.
Жарима балларини жорий этиш бўйича қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда қонун лойиҳасини қайта такомиллаштириш ишлари олиб борилаётгани айтилади.
Аҳолидан келиб тушиши мумкин бўлган эътирозлар олдини олиш мақсадида тест режими вақтида аниқланган қоидабузарликлар бўйича баллар ҳисобга олинмайди.
Дастурий таъминот синовдан ўтказилиб, аниқланган хато ва камчиликлар тўлиқ бартараф этилгандан кейин ишга туширилиб, ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади. Ижобий тест синов натижалари юзасидан, мазкур тизимни ишга тушириш вақти бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилган.
Маълумот учун, ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима балларини ҳисоблаб бориш, ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчини маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, қоида бузмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланиши тартибини назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш кўзда тутиляпти.
Мавзуга оид
20:43 / 14.11.2024
Еврокомиссия Meta’ни қарийб 800 млн евро жаримага тортди
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024