Жамият | 19:20 / 05.07.2019
71371
6 дақиқада ўқилади

Болаларда учрайдиган нутқ нуқсонлари касаллигини бутунлай даволаб бўладими?

Фото: Depositphotos

Kun.uz “Соғлом ҳаёт” лойиҳасининг навбатдаги сонида баъзи болаларда учрайдиган нутқ нуқсонлари касаллигининг кeлиб чиқиши, даволаш ва олдини олишга қаратилган муолажалар ҳамда ота-оналарга фойдали тавсиялар бeриб ўтишни мақсад қилди.

Нутқ камчилиги ўз-ўзидан барҳам топмайди, балки вақт ўтган сари янада мустаҳкамланиб, зўрайиб боради. Нутқ камчилигига эга кишилар логопeдик ёрдамга муҳтож бўладилар. Оғир нутқ камчиликлари боланинг нафақат нутқига, балки унинг умумий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун нутқ нуқсонлари касаллигини даволаш ва олдини олиш йўллари ҳақида логопeд Насиба Рустамова билан суҳбатлашдик.     

YouTube

Tas-IX

Нутқ нуқсонларининг келиб чиқиш сабаблари

Мутахассислар нутқнинг ўз вақтида ривожланмаслиги ёки кескин   секинлашувининг сабаблари жуда кўп эканлигини аниқлашган.

1.Ҳомиладорлик даври (перинатал даври);

2.Туғруқ даври (натал даври);

3.Туғруқдан кейинги давр (постнатал давр).

 1. Ҳомиладорлик даврида турли хил касалликларни бошдан кечириш, турли хил инфекциялар, интоксикация, ҳомила токсикози, гепоксия ёки кислород йўқотиш, қон босимининг ошиши, ҳомиладор аёл ва ҳомила қон гуруҳининг мос келмаслиги. Ҳомиладорлик пайтида сигарет, алькоголь ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол килиш, ўз-ўзини даволаш, яъни айрим дори-дармонларни қабул қилиш. Ҳомиладорнинг ҳомила учун хавфли бўлган жойларда ишлаши (радиация).

2. Туғруқ даврида акушерлик патологиялари яъни, тос суягининг кичкиналиги, ҳомиланинг киндик ўқига ўралиши. Туғруқдан олдин сув кетиши, ҳомиланинг нотўғри жойлашиши, туғруқ жараёнида бош миянинг жароҳатланиши, туғруқ жараёнидаги асфикция натижасида боланинг кўкариб туғилиши.

3. Туғруқдан кейинги давр - 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган даврда бош миядан турли хил жароҳатларни олиш, бош миядаги инфекциялар, турли хил юқумли касалликлар сабабли юзага келади.

Нутқ нуқсонларини таснифлашда биринчи навбатда боланинг руҳий, ақлий ва эшитиш идроки текшириб олинади. Нутқ нуқсонлари оғир-енгиллигига қараб гуруҳларга ажратилади.

1. Дислалия – бу артикуляцион аппарат аъзолари нормал иннервациясида юзага келган логопация бўлиб, асосан товушлар талаффузидаги камчиликлар ва баъзан фонематик идрок ривожланмаганлиги билан намоён бўладиган енгил нутқ нуқсони.

2. Дизартрия - бу артикуляцион аппарат аъзолари иннервациясининг органик жароҳатланиши натижасида юзага келадиган оғир нутқ нуқсони бўлиб, жуфт нейронларнинг шикастланиши натижасида юзага келади. Фалажланиш асосан бир тарафдан, чап ёки ўнг тарафдан бўлади. Бола тили асосан паретик фалажланган бўшашган ёки спастик, яъни таранг фалажланишда бўлади.

3. Алалия- бу бош миянинг органик жароҳатланиши натижасида юзага келадиган оғир нутқ нуқсони бўлиб, бу ташхис эшитиши ва заковати меъёрда бўлган шахсларга қўйилади.

Алалия нутқнинг 3та компоненти ривожланмаганлиги билан намоён бўлади.

4. Афазия- бу бош миянинг органик жароҳатланиши натижасида шаклланган нутқнинг йўқолиши. Болалар афазияси тажрибада кам учрайди. Афазия асосан инсультдан кейин учрайди. Болаларда эса мия инфекциялари, мия ривожланиши даврида турли хил кучли травмалар натижасида юзага келади.

5. Ринолалия - бу артикуляцион аппарат аъзоларида туғма ёки орттирилган нуқсонларнинг бўлиши ёки артикуляцион аппарат аъзоларида бурун, бурун ҳалқум соҳасида фалажланишларнинг кузатилиши, бурун суягининг қийшайиши, бурун соҳасидаги турли хил ўсимталар, оденоидлар, полиплар бўлиши натижасида юзага келадиган оғир нутқ нуқсонлари ҳисобланади.

6. Дудуқланиш - бу оғзаки нутқ жараёнида артикуляцион аппарат аъзолари мускулларининг тортишиши сабабли оғзаки нутқнинг темпритмик ўзгариши натижасида юзага келади.

Дудуқланиш келиб чиқишига кўра 2 хил бўлади:

1. Невротик дудуқланиш (логоневроз) боланинг кучли руҳий кечинмалари, стресс, депрессия, қўрқув, ҳаддан ташқари қаттиққўллик, чапақайликдан ўнг қўлга ўргатиш, оиладаги икки тиллилик, дудуқланувчига тақлид қилиш натижасида.

2. Неврозсимон дудуқланиш - бу бош миянинг органик жароҳатланиши, бош миядаги турли хил ўсимталар , дизартрия, таянч ҳаракат аъзолари касалликлари, ДЦП натижасида.

Дудуқланиш ўз вақтида бартараф этилмаса боланинг руҳий ривожланишига салбий таъсир этади. Бола ўз фикрини мустақил баён эта олмаслиги натижасида тенгдошлари билан мулоқотга кириша олмайди.

 Нутқ нуқсонлари қуйидаги мезонлар асосида текширилади.

1. Гугулаш даври (3 ойликдан)

2. 1 ёш 6 ойликда 10-15 та сўз.

3. 2 ёшда 300 та сўз

3. 3 ёшда 1000 та сўз.

4. 6-7 ёшга келиб 4000 дан 5000 гача сўз луғат бойлигида бўлиши лозим.

Нутқ нуқсонларини бартараф этиш йўллари

1.          Артикулция, нафас, майда қўл мускулларини ривожлантирувчи машқлар.

2.          Логомассаж (нуқтали , бўшаштирувчи, тетиклаштирувчи массаж)

3.          Муаммоли товушни нутққа қўйиш (тақлид ва механик усулида)

4.          Нутқни ривожлантирувчи дидактик ўйинлар.

Логопед тавсиялари

Боланинг нутқи кечикаётганини ёки товушларни нотўғри талаффуз қилаётганини, дудуқланаётганини сезганингиз заҳоти мутахассисларга мурожаат қилишингиз лозим. Қанча эрта мурожаат қилсангиз, нутқ нуқсонлари шунча самарали бартараф этилади.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид