Жамият | 14:28 / 14.05.2022
41617
6 дақиқада ўқилади

18 йиллик умр кушандаси ёки миллионлаб инсонларни кишанлаган одат

Тамаки чекиш орқали одам ўз-ўзини заҳарлайди. Аввало ўпка зарарланиб, организмни кислород билан таъминлаш функцияси ёмонлашади, шу тариқа бошқа аломатлар кўпайиб боради. “Соғлом ҳаёт” лойиҳаси бу глобал муаммо миқёси, асоратлари ва уни тарк этиш бўйича асосий тавсияларни санаб ўтади.

Чекиш инсон саломатлиги учун зиён экани ҳеч кимга сир эмас. Буни нафақат ўтказилган тадқиқотлар, балки ён-атрофимизни кузатиш орқали ҳам билиб олишимиз мумкин. Бугунги кунда ҳар бешинчи йигит, ҳар йигирманчи қиз тамаки чекувчи ҳисобланади, доимий кашандаларнинг ҳар ўнтадан тўққизтаси бу зарарли одатни 25 ёшигача орттириб олган.

Таҳлилларга кўра, дунё аҳолисининг 780 миллионга яқини чекишни ташлашни хоҳлайди ва бунинг учун бир қанча усуллардан ҳам фойдаланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳам бу борада ўз тавсиялари мавжуд. Коронавирус хавф солган йилларда тамаки чекувчилар учун икки ҳисса синов бўлди десак адашмаган бўламиз. Сабаби вируснинг энг оғир аломати нафас аъзоларини зарарлаш бўлгани учун кашандаларнинг у сиз ҳам носоғлом ўпкаси бу «синов»ни жуда оғир асоратлар билан ўтказди.

Хўш, бугунги кунда ушбу зарарли одат билан курашиш, унинг қарамлигидан инсонларни қутқариш қай даражада амалга оширилмоқда. Бу борада мутахассис шифокор Ҳилола Жумаеванинг фикрларига қулоқ тутамиз.

Тамаки ўпкани қандай зарарлайди?

Дастлаб, ўпка зарарлана бошлайди ва нафас йўлларининг яллиғланиши юзага келади. Бизнинг нафас йўлимизда ташқаридан кириб келадиган заррачалар ва турли микроорганизмларни тутиб қоладиган микроскопик «киприкча»лар мавжуд. Тамаки чекувчи инсонда, энг аввало, ана шу «киприкча»нинг фаолияти бузилади ва у ўз вазифасини бажара олмай қолади. Натижада ўпканинг ҳимоя қатлами йўқ бўлиб, энди зарарли микроорганизмлар тўғридан тўғри нафас йўлига тушиб қолиши мумкин.

Бундан ташқари, катта нафас йўли кўп миқдорда шилимшиқ ажратади ва бу ўз навбатида йўтални пайдо қилади. Доимий йўтал эса ўз-ўзидан сурункали обструктив ўпка касаллигининг аломатидир. Агар чекишни шу тарзда давом эттирсангиз, секин-асталик билан қуйидаги аломатлар ҳам пайдо бўла бошлайди:

  • Нафас олиш йўллари торайиб, нафас олиш ва чиқариш қийинлаша бошлайди.
  • Ҳаво етишмай қолиши тез-тез безовта қила бошлайди.
  • Ўпканинг ҳаво «қоп»лари – алвеолалари секин-асталик билан емирилиб боради. Айнан улар қон айланиш тизимини қон билан таъминлаб туради. Агар алвеолалар вайрон бўлса, ўпканинг организмни қон билан таъминлаш функцияси пасайиб боради.
  • Спорт, рақс, қўшиқ ва яхши нафас олишни талаб қиладиган бошқа машғулотлар билан шуғулланиш тобора қийинлашади.
  • Энг ёмони, ўпка ҳам худди сигарет кули каби куйган тусга кира бошлайди.

Кашандалар қанча умр кўради?

Тадқиқотларга кўра, кашандалар умрида чекмаган кишиларга нисбатан 18 йилгача кам умр кўрар экан.

Ҳар иккинчи кашанда бевосита чекиш билан боғлиқ асоратлар оқибатида вафот этган. Бу ўлимларнинг 87 фоизи умрининг охиригача чекишни давом эттирганлар билан содир бўлган, 6 фоизи – камида 15 йил илгари тамаки чекишни ташлаганлар орасида кузатилган. Олимларга кўра, тамаки чекишдан қанча тез воз кечилса, одамнинг узоқроқ умр кўриш имконияти шунча ошади.

Чекувчилар сони глобал миқёсда ўсиб боряпти. Эркаклар орасида ҳар бешинчи ўлим бевосита тамаки билан боғлиқ. Аҳолиси энг кўп тамаки чекувчи мамлакатларга Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, АҚШ, Россия, Бангладеш, Япония, Туркия давлатлари киради.

Чекишни қандай ташлаш мумкин?

Тамакини бирданига ташлаш қийин. Аммо буни ўз бошидан ўтказган инсонларнинг фикридан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу имконсиз эмас. Шунинг учун ҳам ҳеч қачон кеч бўлмайди. Сабаби чекишни ташлаганингизга:

  • 1 ой бўлган бўлса, нафас олиш сезиларли даражада тозаланади. Сурункали йўтал сизни безовта қилмай қўяди. Уйқу меъёрлашади. Иш қобилияти ошади. Товуш хиралашиши йўқолади.
  • 3-6 ой бўлган бўлса, ўпка тамакининг зарарли маҳсулотларидан (қатрон, тамаки чанги ва бошқалар) тозаланади.
  • 4-5 йил бўлган бўлса, ўпка саратони билан касалланиш сезиларли даражада камаяди.
  • 10-15 йилдан сўнг соғлом инсон организмига эга бўласиз.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: Қандай қилиб тамаки чекишни зарарсиз ташлаш мумкин? Қуйидаги бир нечта зарарсиз ва синовдан ўтган тавсияларни сиз билан бўлишмоқчимиз:

1.    Чекишни бирданига ташламоқчи бўлган инсонларда организм узоқ вақт курашади ва никотин талаб қилади. Шу сабабли чекишдан воз кечиш аста-секин амалга оширилиши, чекилаётган сигаретлар сонини кундан кунга камайтириш керак.

2.    Кўпроқ сув ичиш тамаки хуморини камайтиришга ёрдам беради.

3.    Чекишни ташлаш билан бир қаторда парҳезга риоя қилиш талаб этилади. Статистика маълумотларига қараганда чекишни ташлашнинг биринчи йилларида ўртача 2-4 килограммгача семириш кузатилади, бироқ ҳар кимнинг организми ўта индивидуалдир.

4.    Сигарет ўрнига сақич, конфет, қурут ва бошқа ўзингизга маъқул маҳсулотларни истеъмол қилишга одатланинг.

5.    Жисмоний машқларни эсдан чиқарманг. У, ҳеч бўлмаса, уйдан ишгача масофани пиёда босиб ўтиш бўлиши хам мумкин. Чекишни ташлаш даврида организм фаолликни талаб қилади. Шу орқали ортиқча калориялар табиий йўл орқали йўқотилади.

6.    Нафас олиш машқларини бажаринг. Чуқур-чуқур нафас олиб чиқаринг. Беш мартадан.

7.    Сигарет ҳақида ўйламанг. Чекаётган ва чекмаган пайтингиздаги умумий ҳолатингизни солиштириб кўринг. Кундалик жадвалга риоя қилинг. Бу овқатланишга хам, жисмоний машқлар бажаришга хам тегишли.

Шифокор Ҳилола Жумаева маълумотлари асосида
Аброр Зоҳидов ва Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Мавзуга оид