Кундалик турмушимизда турли ҳолатлар бизни ўраб туради. Баъзан асабийлик, чарчоқ ва ортиқча диққат кишини ҳолдан қўйиши мумкин. Бунинг сурункали давом этиши эса турли касалликларга олиб келади.

Шундай касалликлардан бири – асаб тизимининг зўриқиши синдроми. Унинг сабаблари, белгилари, даволаш ва бу дарднинг олдини олиш ҳақида Тошкент давлат стоматология институти асаб касалликлари ва физиотерапия кафедраси катта ўқитувчиси Муборак Абдуллаева зарур кўрсатмалар бериб ўтди.

20 йиллик фаолиятимга асосланиб шуни айтишим мумкинки, кўпчилик юртдошларимиз шифокорларга ва мутахассислар қабулига асаб тизими билан боғлиқ муаммолар сабабли ҳам мурожаат қилишади. Булар асосан асаб тизими зўриқиш синдромлари: астеноневротик синдром, невростения, депрессия каби касалликлардир.

Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари

Бу касалликлар келиб чиқишига сабаблар жуда кўп. Булар ички ва ташқи омиллар таъсирида юзага чиқади.

Муборак Абдуллаева

Ички сабабларни кўриб чиқадиган бўлсак, турли хил соматик, неврологик касалликлар билан оғриш, бош миянинг ўткир қон айланиши бузилиши, бош мия жароҳатларини сурункали нерв мушак ўтказувчанлиги бузилиши касалликлари, касалликнинг узоқ давом этиши, турли хил препаратларни узоқ давр ичиш каби ҳолатлар натижасида беморларда асаб тизими астинезацияси юзага келиши мумкин.

Энди ташқи факторларга келадиган бўлсак, замона шиддати, нотўғри яшаш тарзи, куннинг нотўғри ташкил қилиниши, яъни иш ва дам олишнинг меъёрлашмагани, уйқусизлик, жисмоний имкониятларни ҳисобга олмай организмга бериладиган турли зўриқишлар, вақтида овқатланмаслик, шунингдек нотўғри овқатланиш сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, иш жойларининг тўғри ташкил қилинмаслиги: ёруғликнинг етарли бўлмаслиги, шовқин, бинонинг ҳаво циркуляцияси нотўғри бўлган дим хоналарда узоқ муддат бир хил ҳолатда ўтириб ишлаш ҳам асаб тизими астенизациясига олиб келиши мумкин.

Фото: Getty Images

Бу ҳолатнинг ўсмир ёшдаги болаларда учрашига сабаб оилавий муҳитнинг таъсири ҳам бўлиши мумкин. Оилада йўқотишлар бўлганда ёки доимий қаттиқ назорат бўлиши, болада эркинлик ва ўзига баҳо бериш ҳиссининг бўғиб қўйилган ҳолатлар ҳам асаб тизими зўриқишига олиб келади.