Миллионлаб одамлар ҳар бир янги кунни яхши ниятлар билан бошлашади: соғлом турмуш тарзига амал қилиш, ичиш ёки чекишни ташлаш, кўпроқ жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва тўғри овқатланиш.

Британиянинг Money.co.uk компанияси мутахассислари 2022 йилда соғлом ҳаёт кечириш учун энг қулай бўлган шаҳарлар рейтингини эълон қилди.

Тадқиқотда ҳавонинг ифлосланиш даражаси, умр кўриш давомийлиги, мамлакатдаги хавфсизлик ҳолати, йиллик қуёшли кунлар сони каби омиллар ҳисобга олинган.

Шунингдек, ўтган йиллардан фарқли равишда жорий йилда глобал пандемия бошланганидан бери долзарб бўлиб қолган бир қанча омиллар ҳам инобатга олинган: тиббиёт ходимлари, психиатрлар ва психологлар сони, руҳий касалликлар ва психофаол моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолат, мамлакат ёки шаҳарнинг умумий соғлиқни сақлаш харажатлари.

Япония – соғлом яшаш учун энг қулай давлат

Фото: Getty Images

Япония бир қатор ижобий омиллар сабаб 2022 йилда соғлом яшаш учун дунёдаги энг қулай давлат сифатида эътироф этилган. Мамлакатдаги жамоат транспорти жуда ҳам қулайлиги камдан кам одамга шахсий машинадан фойдаланиши учун зарурат яратади. Бу эса ҳавонинг жуда кам ифлосланишига олиб келади.

Шунингдек, японча овқатланиш маданияти (унчалик кўп бўлмаган порциялар ва оқсилга бой таомлар) ҳам соғлом турмуш тарзини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Мамлакат аҳолиси пиёда саёҳат қилишни афзал кўришади, буни жуда паст семириш даражаси (3,6 фоиз) ҳам тасдиқлайди.

Ўртача умр кўриш бўйича ҳам Япония дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга. Бугунги кунда сайёрадаги энг кекса одам ҳам япониялик Кейн Танакадир. У ҳозирда 119 ёшда.

Швейцария – узоқ умр кўриш кўрсаткичи энг юқори мамлакат

Фото: AP

Мамлакатдаги ўртача умр кўриш давомийлиги 84 ёшни ташкил этади. Швейцария шаҳарлари одамларни пиёда юришга мажбурлаш учун мўлжалланган, бир жойдан иккинчи жойга пиёда бориш жуда ҳам қулай. Бу ерда битта кичкина муаммо бор: йиллик қуёшли кунларнинг камлиги сабаб одамлар Д витамини таблеткасини истеъмол қилиб юришлари тавсия этилади.