Йил сўнгидаги авиаҳалокатлар, Россияга шарт қўйган Илҳом Алиев ва Гуржистоннинг янги президенти инаугурацияси — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Йил сўнгидаги авиаҳалокатлар
2024 йилнинг охирги кунлари фожиали авиаҳалокатлар ва ҳодисалар билан тарихда қоладиган бўлди.
25 декабр куни Озарбойжон ҳаво йўллари авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учган Embraer 190 самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига авариявий қўнишни амалга ошира туриб ҳалокатга учради. Бортда 69 киши, жумладан, 5 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокат натижасида 32 киши омон қолган, уларнинг 12 нафари оғир аҳволда.
Дарвоқе, Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясининг доимий рейс билан Грозний шаҳрига йўл олган самолёти Оқтов шаҳри узра парвоз қила туриб, ҳалокатга учраган Озарбойжон ҳаво йўллари авиакомпанияси самолёти қурбонлари хотирасига икки бор осмонда ҳурмат бажо айлаб айланди. Бу жест интернетда жуда илиқ қарши олинди.
29 декабр куни Жанубий Кореянинг Jeju Air авиакомпаниясига тегишли самолёт Таиланддан Бангкок—Муан йўналиши бўйича парвоз қилган вақтда ҳалокатга учради. Бортида жами 181 киши бўлиб, 175 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзосидан 179 нафари ҳалок бўлган.
Самолёт Муан аэропортига қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, тўсиққа урилган ва кучли ёнғин келиб чиққан.
Қутқарувчилар аввал самолётнинг дум қисмидан 29 нафар жабрланувчини олиб чиққан бўлиб, уларнинг аксарияти оғир жароҳатлангани сабабли тезда жон берган. Сўнгги маълумотларга кўра, бортдаги йўловчиларнинг икки нафари омон қолган.
Жанубий Кореяда авиаҳалокат туфайли бир ҳафталик мотам эълон қилинди.
Канадада ҳам Air Canada Express авиакопаниясининг Dash–8 самолёти муваффақиятсиз қўнишни амалга оширди. Ҳалифакс шаҳрида йўловчи самолёти муваффақиятсиз қўниш натижасида ҳалокатли ҳолатга учради. Самолёт учиш-қўниш йўлагида сирпаниб кетиб, унинг чап қанотида ёнғин келиб чиққан. Самолёт саҳнида 73 киши бўлган. Ҳеч ким ҳалок бўлмаган, аммо бир неча киши енгил жароҳат олган.
Норвегия пойтахти Осло аэропортида ҳам Boeing–737-800 самолёти билан боғлиқ авиаинцидент содир бўлди. KLM авиакомпаниясининг Ослодан Амстердамга учаётган самолёти Ослодаги бошқа Саннефорд халқаро аэропортига мажбурий қўниш вақтида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган. Учоқ саҳнида бўлган 176 йўловчи ва 6 экипаж аъзосига зиён етмаган.
Шунингдек, кечаги кун давомида содир бўлган тўртинчи авиаинцидентда Бирлашган Араб Амирликларининг Рас-ул-Хайма шаҳрида Jazirah Aviation Clubʼга енгил моторли, икки кишилик самолёт денгизга қулаган. Ҳар иккала учувчи ҳалок бўлган.
Илҳом Алиев Россияга уч шарт қўйди
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев гарчи Владимир Путин узр сўраганига қарамасдан, Россия томонидан Оқтовда ҳалокатга учраган самолёт ўққа тутилгани ҳақидаги маълумотларни яширишга уринишларини кескин танқид қилди.
У самолётга Грозний яқинида Россия ҳаво мудофаа тизимлари томонидан тасодифан ракета зарбаси берилганини таъкидлади.
Алиевнинг сўзларига кўра, Россия расмийлари ҳалокатга газ баллонининг портлаши каби тахминлар орқали изоҳ беришга уринишган. У бу ҳаракатни воқеани ёпиб қўйиш ва жамоатчиликдан яширишга уриниши сифатида баҳолади.
«Бу жуда ачинарли. Самолётимизга тасодифан зарба берилган бўлиши мумкин, бироқ Россия томони ўз вақтида айбини тан олиб, дўст давлатдан узр сўраши керак эди. Аммо дастлабки уч кун мобайнида бемаъни назариялардан бошқа ҳеч қандай тўғри маълумот олмадик», — деди Алиев.
Президент, шунингдек, учоқ Грознийга бир неча бор уринганига қарамасдан, унга қўнишга рухсат берилмаганини танқид қилиб, нега самолёт МинВоди ёки Махачқалъа аэропортига эмас, айнан Оқтовга йўналтирилганини ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Алиев Россиядан қуйидаги чораларни кўришни талаб қилди:
1. Айбга расман иқрор бўлиш ва Озарбойжондан узр сўраш.
2. Ҳодисада айбдор бўлган шахсларни жазолаш.
3. Озарбойжон давлатига ва жабрланганларнинг оилаларига товон пули тўлаш.
Бу талаблар Россия ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш учун муҳим эканини қўшимча қилди.
Россиянинг экстремизмга қарши янги стратегияси
Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган экстремизмга қарши кураш стратегиясига кўра, хорижга чиққан россияликлар рўйхатга олинади. Бу тизим экстремизмга қарши курашда муҳим йўналиш сифатида белгиланган.
Янги ҳужжатда хорижга чиққан шахсларнинг рўйхатига қуйидагилар киритилиши айтилган:
- «Экстремистик ташкилотлар»да иштирок этганлар.
- «Нодўстона давлатлар»нинг ўқув марказларида таълим олганлар.
Шунингдек, стратегияда янги тушунча — «русофобия» жорий этилмоқда. У рус тили, маданияти ва Россия тарихига нисбатан душманона муносабат сифатида таърифланган. Ҳужжатга кўра, русофобия сиёсий кучлар, айрим шахслар ва нодўстона давлатларнинг дискриминацион ҳаракатлари орқали намоён бўлади.
Стратегия Россиянинг хавфсизлигини таъминлаш учун экстремизмга қарши курашнинг асосий қадамларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Россиянинг Финландия ва Норвегияга ҳужум режаси
Россия НАТОга шарқдан ҳужум қилиш эҳтимолида Финландия Лапландияси ва Норвегия Финнмаркида буфер ҳудуд яратишни режалаштирмоқда, деб хабар беради ILtalehti нашри. Россия армияси бу сценарийни машқлар давомида амалда қўллаб кўрган.
Режага кўра, 14-армия корпуси Мурманск томонидан Норвегия соҳилларига ҳамла қилади, бу денгиз, қуруқлик ва ҳаво йўналишларида амалга оширилади. Финландия Лапландиясига десант ташлаб, Ивало аэропортини тезкорлик билан эгаллаш кўзда тутилган. Шунингдек, Кол яриморолида жойлашган ракета қўшинлари Финландияга ҳужум қилади. Бу ҳужумда «ўн минглаб» россиялик аскарлар иштирок этиши тахмин қилинмоқда.
Буфер ҳудуд яратиш жангларни НАТО ҳудудига кўчиришга ва алянс кучларини чалғитишга имкон беради. Манбалар, шунингдек, Россиянинг 44-армия корпуси Финландия жанубий соҳиллари ва жанубий-шарқига ҳужум қилиб, Фин қўлтиғининг шимолий соҳилини эгаллаши мумкинлигини айтмоқда. Бу, ўз навбатида, Эстония ҳимоясини қийинлаштиради. НАТО фикрича, Россия XVII аср Турку шартномасига мувофиқ ҳудудларни қайтаришга интилаётган бўлиши мумкин.
Владимир Путин 19 декабрда ўтказган матбуот анжуманида Россиянинг «тарихий ҳудудларини қайтаришга куч ва имкониятлари етарли» эканлигини таъкидлади. Ундан олдин у Россия идеали сифатида XVII асрдаги Империяни тилга олган эди.
Норвегиядаги украин қочқинлари
Норвегияга оид яна бир хабар. IMDi томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Норвегиядаги украин қочқинларининг фақатгина 10 фоизи ватанига қайтиш истагини билдирган, 47 фоизи эса уруш тугаганидан кейин ҳам Украинага қайтишни режалаштирмаяпти.
Сўровга кўра, қочқинлар орасида ёшлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, 16-17 ёшли ёшлар кўпаяётгани қайд этилган. Бу 18 ёшга тўлган ёшларнинг Украинадан чиқиш имконияти чеклангани билан боғлиқ бўлиши мумкин, дейди тадқиқотчилар.
2023 йилда ўтказилган шунга ўхшаш сўровда қочқинларнинг ҳар учинчиси Норвегияда қолишни хоҳлаган, кўпчилиги эса қайтиш ёки қолиш истаги бўйича аниқ жавоб бермаган.
Илон Маск нацистларни қўлламоқда
Илон Маск Германиядаги ўта ўнг қанот миллатчилари «Германия учун муқобил» (AfD) партиясига сармоя киритганини ва уни Twitter платформасида фаол тарғиб қилмоқда.
Маскнинг фикрича, AfD Германияда солиқларни пасайтириш, мигрантларни депортация қилиш, иқтисодиётда давлат ролини камайтириш ва тўғри ислоҳотлар ўтказишга қодир. У Германиянинг ҳозирги миграция ва энергетика сиёсатини кескин танқид қилиб, мамлакат бюрократия ва қоида-қонунлар туфайли иқтисодий ва маданий инқироз остонасида эканлигини таъкидлади.
Маск AfD’ни «Германия учун сўнгги умид учқуни» деб атади.
Илон Маск Германия саноати ва технологиялари соҳасида йирик сармоядор сифатида ўз танқидлари асосли эканлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Германиядаги ҳолатни ислоҳ қилиш AfD орқали амалга оширилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Германияда Бундестаг сайловлари 2025 йилнинг 23 февралида бўлиб ўтади.
Гуржистон президенти ўзгарди
Тбилисидаги парламент биносида Михаил Кавелашвилининг президентликка инаугурация маросими бўлиб ўтди. Янги президент мухолифат томонидан тан олинмаган.
Гуржистоннинг шу пайтгача амалда бўлган президенти Саломе Зурабишвили эса Кавелашвилининг инаугурациясини «пародия» деб атади ва «Гуржистон орзуси» партиясини «Россиянинг фожиаси» деб танқид қилди. У ўз қароргоҳини тарк этишга ва лавозимидан воз кечишга тайёр эканини билдириб, «Мен сизлар биланман» деб халққа мурожаат қилди.
Кавелашвили инаугурацияда қасамёд қилиб, Грузия Конституциясини, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга ваъда берди. У ўтмишда футболчи бўлгани ва олий маълумотга эга эмаслиги сабаб мухолифат томонидан танқид қилинган.
Тбилисидаги парламент биноси олдида норозилик акцияси бўлиб ўтди. Намойишчилар Кавелашвилига қизил карточкалар кўрсатиб, дипломини тақдим этишни талаб қилишди. Улар, шунингдек, ўз дипломлари билан парламент томон юриш уюштиришган.
Мавзуга оид
13:55 / 28.12.2024
Ғазодаги совуқ қурбонлари, Сувайш каналига рақобатчи қураётган Исроил ва Трампнинг оммавий депортация режаси — кун дайжести
14:01 / 27.12.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, Озарбойжон самолёти ҳалокати сабаби ва Яманга ҳужум уюштирган Исроил — кун дайжести
13:10 / 26.12.2024
Озарбойжон самолётининг ҳалокати, Ғазодаги энергетик инқироз ва Суриядан Ливияга кўчаётган Россия базалари — кун дайжести
13:45 / 25.12.2024