Ўзбекистон | 21:46 / 18.05.2026
2859
1 дақиқада ўқилади

Автомобил одометрини ўзгартириб, бу ҳақда харидорни огоҳлантирмаганлик учун жавобгарлик белгиланади

Автомобил бозоридаги фирибгарликларга қарши янги чоралар жорий этилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Олий Мажлис Сенатининг 18 май куни ўтказилган навбатдаги мажлисида бир қатор қонунлар, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришлар маъқулланди.

Янги тартибга кўра, автомобил одометрини алмаштириб ёки кўрсаткичини ўзгартириб (босиб ўтилган йўл кўрсаткичини камайтириб), бу ҳақда харидорни огоҳлантирмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги киритилган 178-2-моддасига кўра, ушбу қилмиш БҲМ 10 бараваридан 15 бараваригача (4,12 миллион сўмдан 6,18 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда. Мазкур норма иккиламчи автомобил бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган.

«Ушбу норма автомобил бозоридаги фирибгарлик ҳолатларига чек қўйиш, автомобил савдосидаги суиистеъмолни бартараф этиш ҳамда истеъмолчиларнинг ишончли маълумот олиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади», деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид