Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мақсадни катта қўйиб, қўрқмаслик керак" – Ҳарварднинг ўзбек магистранти билан суҳбат
Шерзод Омонов Андижон вилоятида туғилиб ўсган. Ҳозирда Ҳарварднинг ҳуқуқшунослик мактаби магистратурасида ўқийди. Шерзод ўзининг муваффақиятларига инглиз тилини яхшироқ ўргангани ҳам бир сабаб бўлганини айтади. “Тилни билганингиздан кейин бошқа имкониятларни ҳам кўриб қоласиз”, – дейди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Ҳарвард университетига ҳар йили дунёнинг турли бурчагидан 50 мингдан зиёд одам ҳужжат топширади, аммо шундан атиги 3-4 фоизи ўқишга қабул қилинади. Андижонлик Шерзод Омонов эса ана шу камсонли талабалардан бири.
У 2024 йилда Ҳарварднинг Ҳуқуқшунослик мактабига тўлиқ молиявий ёрдам, яъни ҳеч қандай контракт тўловларсиз, бепул ўқиш учун қабул қилинган. У Kun.uz'га берган интервюсида Ҳарвардгача бўлган йўли ҳақида гапириб беради.
“Перфекционизм ҳаётимга таъсир қилган”
Андижон шаҳрида туғилганман ва болаликнинг асосий қисмини шу ерда ўтказганман. Мактабда жуда шўх бўлганман, лекин баҳоларим ҳам яхши бўлган. Онам жуда талабчан инсон. Оиламиз ўзи кичкина, шунинг учун ҳаётимда онамнинг роли жуда катта бўлган. Мисол учун, ҳозиргача эсимда, бирорта вазифани дафтарга ёзсам ва у хунук бўлиб қолса, онам йиртиб ташлаб, қайта ёздирарди. Натижада менда перфекционизм шаклланган. Бу кейинчалик ҳаётимга ҳам таъсир қилишни бошлаган. Нима иш қилсам ҳам шу биринчиси бўлишим керак, деган ички туйғу пайдо бўлиб қолган.
Мактабни битириб, лицейга топширганман. Бироқ у вақтда аниқ бир мақсад, катта амбициялар бўлмаган, тўғриси. Чунки нима қилишни ҳам билмасдим, шунинг учун лицейга топширгандим. Қизиғи, биринчи бўлиб аниқ фанлар йўналишига топширганман, чунки уйдагилар, қариндош-уруғлар шуни маслаҳат берган. Лекин лицейда аниқ фанлар йўналишига кира олмаганман. Инглиз тилини озгина билардим. Мактаб даврида репетиторга борардим ва натижада лицейда мени хорижий филология йўналишига қабул қилишди. Кейин мактабдаги синфдошим билан бирга Тошкент давлат юридик университетига ўқишга тайёрланишни бошладик. Биринчи уринишим омадсиз чиқди, киришимга 13 балл етмади. Иккинчи уринишда эса уддаладим.
“Тил билиш қўшимча имкониятлар эшигини очади”
Юридик университетига кирганимдан кейин асосий иш ҳал бўлди, энди сал дам олсам ҳам бўлади, деган хаёл келган. Лекин ўқиш бошлангандан кейин бошқа талабаларни кўрдимки, улар жуда иқтидорли эди. Ўзимни жуда паст даражада кўрдим. Уларнинг даражасига етишим учун яна ҳам кўпроқ меҳнат қилишим ҳақида тушуниб етдим. Аниқ эсимда, биринчи курслигимизда ҳатто 5-6 нафар талабанинг IELTS’и 8 балл эди. Биринчи курснинг охирига келиб, ўз олдимга катта мақсад қўйдим: яхшироқ натижалар, кўпроқ имкониятлар эшиги очилиши учун инглиз тилини чуқурроқ ўрганаман дедим. Ичимдан албатта чет элда ўқишим керак, деган туйғу ҳам ўтган.
2-курсда COVID-19 сабаб карантин бошланиб қолди. Бизда эса дарслар онлайн форматга ўтказилди. Бундан самарали фойдаланишни бошладим. Фақат инглиз тилига урғу бериб, кунига, 10 тадан сўзни ёдлаб, уларни HelloTalk иловаси орқали ишлатишни бошладим. 3-4 ой давомида шуни қилиб келдим, сезиларли ўзгаришларни сездим. Инглиз тилини билганингиздан кейин қўшимча имкониятларни кўришни бошлайсиз, масалан, қайсидир каналларда алмашинув дастурларини кўриб қоласиз.
3-курс бошланди. Шунда бир танишим алмашинув дастури, яъни Global UGRAD ҳақида гапириб қолди. Дастур бакалавриат талабаларига бир семестр давомида тўлиқ молиялаштирилган ҳолда АҚШда ўқиш имкониятини берарди. Биринчи топширишим ўхшамади, ўта олмадим. Кейин UGRAD ҳақидаги барча видеоларни кўриб чиқдим, олдин қатнашган иштирокчиларни топиб, уларнинг суҳбатини, тавсияларини олиб, кейин яна топширдим. Бу сафар қабул қилишди. Шундай қилиб, дастур сабаб Ғарбий Виржиния университетида бир семестр давомида ўқиб келиш имкони бўлди.
Магистратурани Ҳарвардда ўқиш учун нима қилиш керак?
UGRAD дастурини ўқиб келганимдан кейин ўзимга ишончим ҳам оша бошлади. Буни уддаладим, яна ҳам каттароқ натижага ҳаракат қилиб кўришим керак деган туйғу пайдо бўлди. Шунда магистратура дастурлари бўйича изланишни бошладим. Топ-100 та университетларни қарадим. Ҳарвардга ҳам кўзим тушганди. Талабларини қарасам, TOEFL билан қабул қиларкан. UGRAD’га TOEFL топшириб боргандим. Шунда тажрибам бор, яна ҳам яхшироқ тайёрлансам, баландроқ балл оламан ва топшириш имкониятим бўларкан, деб ўйладим
Бунда ҳам кирганлар қанақа маслаҳатлар беради, деб YouTube’да видеолар кўришни бошладим. Ҳарвард университетининг веб-сайтларини ҳам кузатишни бошладим, у ерда статистикаларни кўрдим. Ҳуқуқ мактабида ўзбек талабалар деярли йўқ. Яъни олдин ўқиган бўлса ҳам жуда саноқли, чиқса балки тўрт ёки беш нафар чиқар.
Ҳарвардга 2023 йил декабрида топширдим ва 2024 йил мартида ўқишга қабул қилинганим ҳақида билдим. Натижа чиққани эсимда, ишдан чиқиб бекатда эдим. 15 кундан кейин молиявий ёрдам хатини олганман. Бир вақтнинг ўзида чиқмаган. Ўшанда 100% молиявий ёрдам ҳақида ҳам хабар келган.
Қабул талабларида биринчи навбатда, инглиз тилига эътибор беришади. Яъни TOEFL энг ками 100 балл бўлиши керак ва ҳар бир TOEFL секцияси 25 дан кам бўлмаслиги керак. Шунингдек, аккредитациядан ўтган университетнинг юридик дипломига эга бўлиш лозим эди. Ундан ташқари, иккита тавсиянома ҳам керак. Яна 2 та қисмга бўлинадиган иншо бор. Иншонинг биринчисида бирор юридик муаммони ёритиб беришингиз керак бўлади. Иккинчиси эса ўзингиз ҳақингизда бўлади, ҳаётингиз, сизни нима бошқалардан ажратиб туради, нима учун айнан Ҳарвард сизни қабул қилиши керак деган мазмунда.
Бир нарсани ёдда тутишни маслаҳат берган бўлардим. Агар топ университетни танлаган бўлсангиз, сиз топшираётган йўналишга минглаб бошқа талабалар ҳам топширади. Хўш, буларнинг ичида сиз қайси жиҳатингиз билан ажралиб турасиз? Чунки сизни комиссия аъзоси кўрмайди, у сизни фақат хатларингиз орқали билади. Шунда айнан нимани гапиришингиз жуда муҳим бўлиб қолади. Тавсияномалар ҳам худди шундай. Кўпчиликдан эшитаман, тавсияномани катта бир раҳбардан олишим керак ёки бирор вазирдан олишим керак деган фикрлар билдиришади. Аслида ундай эмас. Америкада кўпроқ контентни қадрлашади, яъни ким бўлишидан қатъи назар сиз ҳақингиздаги инсонларнинг фикри муҳим. Шунга урғу берган бўлардим. Ундан ташқари, инглиз тилига кўпроқ аҳамият беришни маслаҳат берган бўлардим.
Университетдан молиявий ёрдамни қандай олиш мумкин?
Ҳарвардда “scholarship” деган нарса йўқ. Бу ерда фақат “financial aid”, яъни молиявий ёрдам эҳтиёжингиздан келиб чиқиб берилади. Ҳарвардда молиявий ёрдам ҳақиқий эҳтиёжларингиздан келиб чиқиб берилади. Ариза топширган пайтингизда алоҳида молиявий ариза ҳам тўлдирасиз ва у ерда йиллик даромадингизни кўрсатасиз. Солиқ қанча тўлайсиз, яшаш харажатингиз, асосий харажатингиз, қанақа молиявий бошқа мажбуриятларингиз бор – ҳаммасини кўрсатиб ўтасиз. Шундан келиб чиқиб, улар сизга молиявий ёрдам ажратишади. Ўзбекистонда ишлаётган бўлсангиз, айтайлик, ойлигингиз ойига 10 миллион сўм атрофида бўлса, катта эҳтимол билан 100% молиявий ёрдам оласиз.
Интервьюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.. Суҳбат давомида қаҳрамонимиз нима сабаб айнан Ҳарвардни танлагани, АҚШдаги ҳозирги ҳаёти, келгуси режалари ҳақида гапириб берган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Монтаж устаси Шоҳруз Абдурайимов.
Мавзуга оид
09:34 / 09.02.2026
АҚШ Мудофаа вазирлиги Ҳарвард билан илмий ҳамкорликни тўхтатмоқда
22:26 / 03.02.2026
Трамп Ҳарварддан миллиард доллар «товон пули» талаб қилди
12:35 / 04.09.2025
Суд: АҚШ ҳукумати Ҳарвардни молиялаштиришни ноқонуний равишда музлатган
16:03 / 07.06.2025