Ўзбекистон | 09:50 / 06.03.2020
6762
7 дақиқада ўқилади

Солиқ аудити қандай солиқ тўловчиларда ўтказилиши аниқ белгиланади

Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланади

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, солиқ аудити - муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланишини, шунингдек назорати солиқ органлари зиммасига юклатилган қонун ҳужжатларига риоя қилинганлигини солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларини (маълумотларни) ўрганиш ва таҳлил қилиш йўли билан текшириш ҳисобланади.

Солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

а) солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган, ёки тақдим қилинган асосномалар қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилган солиқ тўловчиларда;

б) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда (солиқ агентларида);

в) ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларда.

Ихтиёрий равишда тугатилаётган солиқ тўловчида солиқ аудити рўйхатдан ўтказувчи органнинг хабарномаси асосида ўтказилади.

Жиноят иши доирасида ёки суд ажрими асосида солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятида ўтказиладиган тафтиш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ўтказилади. Бунда тафтиш натижалари бўйича солиқ органлари ваколати доирасида кўриладиган чоралар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ тартибга солинади.

Солиқ органи солиқ аудити бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади.

Солиқ тўловчига шахсий кабинети орқали юборилган хабарнома солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, лекин хабарнома жўнатилган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай, почта орқали буюртма хат билан жўнатилган ҳолларда эса жўнатилган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай олинган ҳисобланади. Солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборганлиги тўғрисида телекоммуникация тармоғи орқали электрон шаклда маълум қилади.

Телекоммуникация тармоғи - телефон, телеграф, факсимиль турларини, маълумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуи тушунилади.

Солиқ тўловчи солиқ аудити бошланишига қадар хабарномада кўрсатилган ҳужжатларни ва маълумотларни тайёрлаб қўйиши лозим.

Хабарнома юборилганидан кейин солиқ тўловчи томонидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан қатъий назар солиқ аудити ўтказилади.

Солиқ аудити тайинланган солиқ тўловчида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини ўтказишга ҳақли.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 223 ва 224-моддаларида ҳамда Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган қонунбузарликдан келиб чиқиб аниқланади.

Солиқ аудити ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи чиқарилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади:

а) солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами;

б) солиқ аудитини ўтказувчи мансабдор шахсларнинг (текширувчиларнинг) фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

в) солиқ аудитини ўтказиш муддати ва даври;

г) солиқ аудитининг мақсади.

Солиқ аудитининг мақсади муайян давр учун барча ёки айрим солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ҳамда тўланиши тўғрилигини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан солиқ органлари зиммасига юклатилган бошқа масалаларни текшириш ҳисобланади.

Солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан уни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади. Солиқ аудитини ўтказиш дастури солиқ аудитининг мақсадидан келиб чиқиб тузилади.

Солиқ аудити охирги ўтказилган солиқ аудитидан кейинги солиқ даврини, лекин натижалари солиқ мажбуриятини аниқлайдиган солиқ даври тугаганидан кейинги беш йилдан ошмаган солиқ даврини қамраб олиши мумкин.

Солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳуқуқбузарлик ҳолатидан келиб чиқиб айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас.

Солиқ аудитини ўтказиш жараёнида олдин ўтказилган солиқ аудитида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда, солиқ органи фақатгина янги ҳолатлар бўйича қайта солиқ аудитини тайинлаши мумкин. Бу ҳақида солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахс солиқ органи раҳбарига (раҳбар ўринбосарига) илтимоснома киритади ва шу асосида солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қўшимча буйруқ расмийлаштирилади.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўттиз иш кунигача давом этади. Солиқ аудитини ўтказиш муддати икки ойгача, алоҳида ҳолларда эса уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати қуйидаги асосларга кўра узайтирилиши мумкин:

а) ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олишда (узайтириш ҳужжатлар талаб қилинаётган ҳар бир шахс бўйича кўпи билан бир марта йўл қўйилади);

б) чет эл давлат органларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот олишда;

в) экспертизалар ўтказишда;

г) чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилишда (ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинган асл нусхалари шаклида ёки нотариал тарзда тасдиқланган шаклда бўлиши мумкин);

д) ўрганилаётган ҳужжатлар ҳажми кўплигида;

е) яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларнинг ҳамда солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ электрон ахборот жисмларни текширилаётган шахс томонидан қайта тикланишида;

ж) мутахассислар хулосалари олинишида.

Зарур бўлган тақдирда, солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахс солиқ аудити муддатини узайтириш юзасидан солиқ органи раҳбарига (раҳбар ўринбосарига) асослантирилган илтимоснома киритади. Ушбу илтимоснома асосида солиқ аудити муддати юқори турувчи орган билан келишилган ҳолда узайтирилади.

Юқори турувчи солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосари) розилигига кўра солиқ аудити ўтказиш муддати илтимосномада кўрсатилган муддатга ёки камроқ бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Солиқ аудити муддати узайтирилганда олдинги буйруқнинг рўйхатга олиш рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қўшимча буйруқ расмийлаштирилади.

Солиқ аудитини ўтказишнинг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид