Ўзбекистон | 15:06 / 11.07.2024
8796
1 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Қўқон аэропортига парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди

Бугун, 11 июл куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида бўлиб турибди. Шу йил март ойида янгидан очилган Қўқон аэропортига илк марта йирик ҳаво кемаси – давлат раҳбарининг самолёти қўнди. Президент бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Аэропорт 1977 йилда қурилган бўлиб, яқин йўналишларга парвозлар амалга оширилган. Кейинчалик фақат ҳарбий ҳаво кучлари томонидан фойдаланилган. Модернизация натижасида ушбу аэропорт орқали яна фуқаро авиацияси парвозлари йўлга қўйилди.

Аэропортда 100 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги қопламаси таъмирланган. Замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилган. Бу ишлар натижасида аэропорт А 320-200 ва ATR 72-600 русумли самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.

Шавкат Мирзиёев энди бу аэропорт халқимизга манфаат келтириши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун нарх ва хизматларни одамларга қулай қилиб, парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ички туризм имкониятларидан фойдаланиш яхши самара бериши, халқаро рейсларни ҳам йўлга қўйиш мумкинлиги қайд этилди.

Мавзуга оид