Ўзбекистон | 14:57 / 06.10.2024
17656
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда янги 1 800 ўринли мактаб биноси сифатсиз қурилаётгани аниқланди 

Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан инспекция томонидан бажаралиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган, сифатсиз ишлар жойида демонтаж қилдирилган. 

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд шаҳрида тикланаётган янги мактаб биноси қурилишида қатор қоидабузарликлар аниқланган. Бу ҳақда вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида сифатсиз қурилишларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган назорат тадбирларида шаҳарнинг Қорасув массивида Meʼmor complex MЧЖ томонидан қурилаётган 1 800 ўринли мактаб биноси қурилиши давомида қатор қоидалар бузилган. 

Хусусан, объект бўйича қурилиш ишларини ташкил қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилмаган, ҳудудга олиб келинган қурилиш материаллари тартибсиз ҳолда сақланган. 

Объектда юритилиши керак бўлган ижро журналлари тегишли тартибда юритилмаган, фойдаланилаётган материалларининг ишлаб чиқариш сертификатлари олинмаган ҳамда ёпма плиталар меъёрларга амал қилинмаган ҳолда ўрнатилган. 

«Бундан ташқари, бинонинг иккинчи қават деворларига терилган ғиштларнинг вертикал ва горизонтал оралиқ чоклари қоришма билан тўлиқ тўлдирилмагани ҳам аниқланди. Умуман олганда, юқоридаги қоидабузарликларга йўл қўйилишининг асосий сабаби буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик назорати ўз вақтида олиб борилмаганидадир», — дейди инспекция масъул ходими Cарвар Бобоназаров.

Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан инспекция томонидан бажаралиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган, сифатсиз ишлар жойида демонтаж қилдирилган.

Мавзуга оид