"Саратон ва бошқа жиддий касалликлар боғчадаги сифатсиз таомланишдан келиб чиқмоқда" - мутахассис билан суҳбат
Айрим давлат боғчалари ачинарли аҳволда экани расмий минбар орқали тан олинди ва танқид қилинди. Болаларга чириган картошка едирилмоқда, дейди мамлакат бош санитари ўринбосари. Kun.uz билан суҳбатлашган шифокор Муаззам Иброҳимова ҳам боғчалардаги овқатланиш тизими оғир аҳволда эканини айтди. Унга кўра, боғчалардаги сифатсиз таомлар 7 ёшгача бўлган болаларнинг ошқозон-ичак, овқат аллергиялари ва онкологик касалликларга чалинишини кўпайтирган.
Сенат қўмитаси мажлисида боғчадаги овқатлантириш тизими муҳокама қилинди. Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков бугунгача тан олинмай келинган жиддий мавзуда ахборот берди.
Мажлис якунида муаммони ҳал қилиш юзасидан тегишли ташкилотларга тавсия, таклифлар юборилиб, бу бўйича Сенат қўмитасининг қарори ҳам қабул қилинган. Аммо бу қарор, тавсиялар хавотирли масалага ечим бўла оладими ёки йўқ, бир нима дейиш қийин.
Дарҳақиқат боғчалардаги вазият чиндан ҳам ёмон аҳволда экани бор гап. Буни ҳар замонда интернетда тарқаладиган тасвирлар орқали кузатиб қоламиз.
Шифокор Муаззам Иброҳимова ҳам бу ҳақдаги аччиқ ҳақиқатлар билан бўлишаркан, болаларга едирилаётган сифатсиз овқатларнинг оғир оқибатлари ҳақида гапиради.
“Аксарият боғчаларнинг ошхонасидаги антисанитария ҳолатлари, маҳсулотлардан ўғриликлар, болаларнинг тўғри ва мувозанатли овқатлана олмаётгани, ҳар бир болага индивидуал ёндашувнинг йўқлиги ҳамда таомномалардаги камчиликлар марказлашган умум овқатланиш корхоналарининг афзаллигини кўрсатиб беради.
Боғчалар ошхоналаридаги антисанитария, овқатланиш зоналарининг ётоқ ҳамда ўйин зоналаридан ажратилмагани инфекциянинг манбаи ҳисобланади. Малакасиз бўлган ошпазларнинг ишлаётгани [муаммонинг сабабларидан]. Уларнинг 700 минг сўм ойлиги бор, бу пулга боғча ошпази ҳеч қачон профессионал ошпаз пиширадиган овқатни тайёрламайди.
Мен ўзим 51 та МТТнинг ошхонасига кириб чиқдим, 51 тасида 1980-йиллардан бери ишлатилиб келаётган эски ўчоқлар, эски қозон, стол-стуллар бор – ҳамма нарсаси эски. Инфекция ғиж-ғиж, СЭС келади, пулини олиб кетади, ҳаттоки у ошхоналарни таг-туги билан ювиб тозаласангиз ҳам барибир жиҳозларнинг муддати ўтиб бўлган. Талабга жавоб бермайди, замонавий эмас.
Аксарият касалликлар нотўғри овқатланишдан келиб чиқади, айниқса 7 ёшгача бўлган, иммунитет шаклланмаган вақтни олсак, жуда кўп касалликларга чалинишади. Аввало ошқозон-ичак касалликлари, овқат аллергиялари ва бошқалар. Энг ёмони бошланғич касалликлар, инфекциялар келажакда ундан ҳам оғирларини келтириб чиқаряпти. Буларга онкология, онкогематология, қандли диабетнинг 2-турини айтиш мумкин.
Бундан ташқари, ҳар бир боғчада диетолог йўқ. Яъни ҳар бир болага индивидуал ёндашадиган диетологнинг ўзи йўқ. Масалан, битта боғчада 200 нафар бола қатнайдиган бўлса, 200 нафари ҳам 100 фоиз соғлом деган кафолатни ким беради, ҳеч ким бермайди. 200 нафарининг 48 фоизида ҳеликобактер пилори бор деяпман. Бундан ташқари, ошқозон-ичак тизимининг бошқа касалликлари, буйрак касалликлари бор. Мавсумий юқтирилаётган инфекциялар бор. Қайси боғчанинг ошхонаси “бола бугун бундай касал бўлиб келибди, бундай таом бериш керак” деяпти. Бундай шароитнинг ўзи йўқ”, – дейди у.
Муаззам Иброҳимова бу муаммонинг ечими боғчалар таъминотини умумий овқатланиш корхоналарига ўтказишда деб ҳисобламоқда.
"Ўзим шифокор сифатида 2 йил олдин бир лойиҳага қўл урдим, Бу – “Соғлом таом – соғлом миллат” деган лойиҳа. Нима учун бу лойиҳани ишлаб чиқдим? Биз анчадан бери онкологик касалликка чалинган болаларнинг чет элда даволанишига ёрдам берамиз. Шундай ҳолатларни кўрганимдан кейин “Соғлом таом – соғлом миллат” лойиҳасига қўл урдим", деди Иброҳимова.
Шифокор лойиҳа амалга ошганида боғча болаларининг қандай касалликка чалинганига қараб ошхоналарда овқат тайёрланиши, бу эса келгусида юзага келадиган беморликларни камайтириши мумкинлигини айтди.
Кўрганларимиз ва эшитаётганларимиз боғчалардаги овқатлантириш тизими ислоҳотга муҳтож эканини кўрсатмоқда. Болалар саломатлиги билан боғлиқ муаммони фавқулодда ҳал қилиш, комплекс режа ҳамда амалий ҳаракатларга ўтиш зарур.
Суҳбатдошимиз интервю сўнгида бу борада туркия тажрибасини қўллашга уриниб кўргани, “Соғлом таом – соғлом миллат” лойиҳасини ишлаб чиққани ва уни амалга оширишга ҳаракат қилгани, аммо маҳаллий ҳокимликнинг тўсиқларига учраб, лойиҳа деярли барбод бўлгани ҳақида гапирди.
Бу қандай лойиҳа бўлгани ва у нега барбод бўлгани ҳақида келгуси кўрсатувимизда батафсил тўхталамиз.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
18:52 / 19.09.2024
Коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда аниқланмади — ССВ
20:43 / 28.06.2024
Бухородаги боғчада болалардан бирининг отаси бошқа болага жароҳат етказди
15:26 / 22.06.2024
Жиззахдаги боғчада болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячига жиноят иши қўзғатилди
14:59 / 05.06.2024