Ўзбекистон | 09:58 / 02.08.2024
4556
2 дақиқада ўқилади

Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар давлат органларига ишга жойлаштирилади

Уларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этган давлат ташкилотларига, давлат улуши эллик фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга жавобгарлик белгиловчи меъёрлар киритилмоқда.   

“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:

  • маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизматлар турларига “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида маҳаллий меҳнат органларига рўйхати тақдим этилган тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларни давлат органлари ва ташкилотларига йўлланма асосида ишга жойлаштириш хизмати киритилмоқда;
  • “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида маҳаллий меҳнат органларига рўйхати тақдим этилган тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизлар иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий меҳнат органларида уларнинг мурожаатисиз рўйхатга олиниши тартиби белгиланмоқда;
  • маҳаллий меҳнат органлари томонидан йўлланма асосида ишга юборилган шахсларни, шу жумладан, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси бўйича юборилган тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларни ишга қабул қилишни бўш (вакант) иш ўринлари мавжуд бўлгани ҳолда асоссиз равишда рад этган давлат ташкилотларига, давлат улуши эллик фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга жавобгарлик белгиловчи меъёрлар киритилмоқда.   

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини ишга жойлаштириш бўйича аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид