Жамият | 15:09 / 12.04.2019
7456
5 дақиқада ўқилади

«Буюк дашт: тарих ва маданият». Қозоғистон кўргазмаси Ўзбекистонда

Қозоғистон Республикаси Миллий музейининг «Буюк дашт: тарих ва маданият» номли кўргазмаси Ўзбекистон Давлат санъат музейида намойиш этилмоқда, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири..

2018 йил Қозоғистонда «Ўзбекистон йили» сифатида ўтказилган ва бунинг натижаси ўлароқ, икки мамлакат ўртасидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий-маданий алоқалар мустаҳкамланган эди. Бунга жавобан 2019 йил Ўзбекистонда «Қозоғистон йили» сифатида ўтказилиши белгиланган.

Бу ҳаракатнинг илк намунаси сифатида Қозоғистон Миллий музейининг «Буюк дашт: тарих ва маданият» кўргазмаси Ўзбекистон давлат санъат музейида 1 ой (11 апрелдан 11 майга қадар) давомида намойиш этилади. Бу ҳақда кўргазма тантанали очилиш маросимидан аввал икки мамлакатнинг расмий вакиллари ва маданият арбоблари иштирокидаги матбуот анжуманида маълумот берилди.

«2017 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи чоғида Қозоғистон Республикаси Миллий музейида бизнинг «Ўзбекистон замонавий рассомлари» кўргазмамиз намойиш этилган эди. Мазкур кўргазма эса шунга жавобан ўтказилмоқда. Бундай маданият алмашинувлари қардош мамлакатлар алоқаларининг ҳар томонлама мустаҳкамланишига хизмат қилади, албатта», —дейди Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева.

Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова қозоқ маданиятининг ўзига хосликларини алоҳида эътироф этди. 

«Мазкур кўргазма қозоқ маданиятининг шаклланиш босқичларини кўрсатиб беради. Узоқ вақт давомида кўчманчилик маданиятига муносиб баҳо берилмаган. Аммо Қозоғистонда ўтган асрнинг иккинчи ярмида қилинган археологик янгиликлар кўчманчи халқлар жуда бой маданиятга эга бўлганини амалий жиҳатдан исботлаб берди. Айнан кўчманчи халқлар бир ердан иккинчи ерга цивилизациянинг тарқалишига катта таъсир кўрсатган», — дейди Оқилова.

Анжуманда иштирок этган Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сатыбалды Дархан Амангелдиевич ҳам икки қардош мамлакат муносабатларига тўхталиб ўтди. 

«2018 йили Қозоғистонда «Ўзбекистон йили»нинг ўтказилиши нафақат икки мамлакатда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам катта ижобий резонансга туртки берган эди. Сиёсат, маданият, иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорлик алоқалари янада яхшиланди, ўзаро товар алмашинуви ҳажми 25 фоизга ортди. Қозоғистон фуқароларининг четга чиқишда ёки аксинча қайтишда Тошкентга тўхтаб ўтишини ҳам бу илиқлашувнинг самараси сифатида кўрсатиш мумкин. Ўзбекистондаги «Қозоғистон йили»нинг ўтказилиши ҳам стратегик мақсадларга хизмат қилиб, ҳар икки мамлакат ва унинг фуқаролари учун манфаатли бўлади, деб умид қиламан», — дейди элчи.

Мазкур кўргазманинг энг эътиборли экспонати «Олтин одам» ҳисобланади. 1960 йиллар охири ва 1970 йиллар аввалида Олмаота атрофларида йирик археологик экспонат топилди. Иссиқ қўрғонида тадқиқот ишларини олиб бораётган археолог Кемал Акишев саклар қабиласи шоҳи ─ Олтин одамнинг қолдиқларини топди. Мамлакат рамзига айланган мазкур топилма «Қозоқ Тутанхамони» дея ном олган.

«Олтин одам»нинг бугунги кунга қадар Қозоғистонда 6та қабри топилган. Шунингдек, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда вилояти, Қозоқ Олтойи қабристонларидан топилган такрорланмас археологик топилмалар ҳам кўргазмада намойиш этилмоқда.

Экспонатларнинг аксариятини илк темир даврига тегишли биринчи дашт давлатларининг мероси ─ олтиндан ясалган, жониворлар тасвири туширилган буюмлар ташкил этади. Кўргазма намойишида оригинал услубдаги, ҳақиқий дашт муҳитини ёдга солувчи баннерлардан самарали фойдаланилган. Шунингдек, кўргазма доирасида қозоқ маданий ҳаётининг ўзига хослигини кўрсатувчи кичик лавҳа ҳам меҳмонларга намойиш этилмоқда.

Бугунги кунга қадар мазкур кўргазма намойиши Белорусь, Озарбайжон, Россия, Хитой, Польша, Корея ва Татаристон Республикаларида муваффақиятли амалга оширилди. Лойиҳа 2020 йилга қадар дунёнинг 20 мамлакатида намойиш этилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 14 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан мамлакатимизга келиши кутилмоқда. Президентлар қўшни қардош мамлакатда муваффақиятли якунига етган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми бўладиган Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этишади.

Мавзуга оид