Ўзбекистон тарихидаги энг юқори кўрсаткич: давлат қарзи 29 млрд доллардан ошди
2022 йил давомида Ўзбекистон давлат қарзи 2,9 млрд долларга кўпайиб, 29,2 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 36,4 фоизни ташкил этди. Давлат қарзининг 90 фоиздан ортиқ қисми хорижий валютада жалб қилинган.
2023 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 29,2 млрд долларга етди. Бу – мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Давлат қарзи 2022 йил 3-чорагига нисбатан 3,1 млрд долларга кўпайган, ЯИМга нисбатан улуши ҳам 2,3 фоизга ошиб 34,1 фоиздан 36,4 фоизга етган. Таққослаш учун, 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига давлат қарзи 26,2 млрд долларни ташкил этган.
Давлат қарзининг умумий миқдори йилдан йилга ошаётган бўлса-да, унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 2020 йилдан кейинги даврда камайган.
Жаҳон банки (ЖБ) прогнозларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қарз олиш чекловларига риоя қилишда давом этиши кутилмоқда. Давлат қарзи ва умумий ташқи қарз 2024 йил охирига келиб ЯИМнинг мос равишда 32 ва 55 фоизигача босқичма-босқич камайиши мумкин.
Нега давлат ташқи қарзи кескин ошди?
Биринчидан, Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш кўлами доимо ўсиб борувчи характерга эга. Бу каби вазифаларни амалга ошириш учун давлатда 2 та муқобил ечим мавжуд: солиқларни ошириш ёки ташқи қарз ва инвестиция маблағларини жалб қилиш.
Солиқларни ошириш истиқболда иқтисодиётни ривожлантириш рағбатларига путур етказиши ҳисобга олинса, кўплаб ривожланган давлатлар иккинчи йўлни танлашни афзал кўришади.
Иккинчидан, ковид ва постковид даври дунёнинг кўплаб мамлакатларида ташқи қарз ўсишига олиб келди. Хусусан, ушбу омиллар таъсирида 2020 йилда қарз жалб қилиш миқдори кескин ошганини (17,8 млрд доллардан 23,4 млрд долларга) кўриш мумкин.
Учинчидан, давлат бюджети тақчиллигининг ошиб бораётгани. 2022 йилда ушбу кўрсаткич ЯИМнинг 3,9 фоизини ёки қарийб 35 трлн сўм ташкил этди.
2023 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган битимларнинг умумий қиймати 4,5 млрд долларни ташкил қилиши, шундан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, бюджет тақчиллиги учун 2 млрд (бу ўтган йилга нисбатан 500 млрд долларга кам), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 2,5 млрд доллар (бу ўтган йилга нисбатан 500 млн доллар кўп) жалб қилиниши белгиланган.
Хатарлар
2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 74,8 фоизи – АҚШ доллари, 8,2 фоизи – Япония иенаси, 7,7 фоизи – СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,7 фоизи – евро, 1,8 фоизи – ўзбек сўми, 2,8 фоизи – бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.
Яъни давлат қарзининг 90 фоиздан ортиқ қисми хорижий валютада жалб қилинган. Валюта курсининг кескин ўзгариши ва ўзбек сўмининг эҳтимолий қадрсизланиши хизмат кўрсатиш харажатлари ва миқдорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, глобал инфляцион ҳолат фонида Марказий банкларнинг қаттиқлаштириш сиёсати ва фоизларни ошириши халқаро бозорларда қарз ва капитал нархини кескин қимматлаштириб юборди. Бу эса Ўзбекистонга ўхшаган ривожланаётган мамлакатлар учун ташқи қарз жалб қилишни қийинлаштиради.
Олдин Ўзбекистон асосан қаттиқ белгиланган ставкаларда ташқи қарз жалб қилган бўлса, ҳозирги кунда ўзгарувчан ставкаларда маблағ жалб қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса рискларни оширади.
Маълумот учун, “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Аммо 60 фоизлик меъёр халқаро молия ташкилотлари томонидан берилган тавсиягина ҳисобланиб, аниқ ва жиддий ҳисоб-китобларга асосланмаган.
Мавзуга оид
18:33 / 18.11.2024
2025 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 45 млрд доллардан ошади
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
17:21 / 29.10.2024
2025 йилда Ўзбекистон 5,5 млрд долларгача ташқи қарз олиши мумкин
17:43 / 18.10.2024