1 ноябрдан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади
Йўловчилар энди тўловларни ягона транспорт карталари орқали амалга оширишади. Транспорт вазирлиги Тошкент метрополитенининг барча линияларидаги бекатлар ва автобусларнинг барчаси электрон тўловни амалга ошириш учун мобил ва стационар валидаторлар билан тўлиқ таъминланганини маълум қилган.
Тошкент шаҳар жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимининг тўлақонли ишлаб кетиш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, жамоат транспортида нақд пул муомаласидан воз кечиш мақсадида 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади. Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳри жамоат транспорти автобус ва метрополитенда автоматлаштирилган тўлов тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича ишлар босқичма-босқич давом эттирилаётганини маълум қилди.
«Ҳозирги кунда Тошкент метрополитенининг барча линияларидаги бекатлар йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт карталари ва NFC банк карталари орқали амалга ошириш имкониятини берувчи стационар валидаторлар билан жиҳозланди.
Шу билан бирга, пойтахтимизда йўловчиларга хизмат қилаётган «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга қарашли 1000дан ортиқ автобуснинг барчаси электрон карталар орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил ва стационар валидаторлар билан тўлиқ таъминланди.
Навбатдаги босқичда йўловчиларнинг ягона транспорт карталари орқали йўл ҳақи тўловларини амалга ошириш кўламини кенгайтириш, автоматлаштирилган тизимнинг тўлақонли ишлаб кетиш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, жамоат транспортида нақд пул муомаласидан воз кечиш мақсадида 2020 йил 1 ноябрдан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилишини маълум қиламиз», дейилади вазирлик хабарида.
Ягона транспорт карталарининг ҳисобини метро кассалари, ойлик йўл чипталарини сотиш шохобчалари, инфокиосклар, барча электрон тўлов тизимлари, шунингдек, АТТО – мобил иловаси орқали тўлдириш имконияти мавжуд.
«Ҳурматли йўловчилар, энди сиз шохобчалар ва кассаларга мурожаат этиб, ортиқча вақт сарфлашингизга ҳожат йўқ. Қолаверса, ўз саломатлигингизни асраш мақсадида ҳам йўл ҳақи тўловларини нақд пул кўринишида амалга оширишдан воз кечинг.
Йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт карталари орқали амалга оширинг. Автоматлаштирилган тўлов тизими доирасида ушбу замонавий ва янги хизмат имкониятларидан фойдаланинг», дейилади хабарда.
- Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 ноябрдаги «Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Тошкент шаҳар жамоат транспорти автобус ва метрополитен йўналишларида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш ишлари доирасида 2020 йил 3 январдан эътиборан ягона транспорт карталари муомалага чиқарилган.
Мавзуга оид
21:47 / 18.10.2024
Тирбандлик, трамвай лойиҳаси, ҳайдовчиларга жазо ва темирйўлларда сифат – транспорт вазири билан интервю
13:44 / 09.04.2024
Ҳайит кунида жамоат транспорти бутун республикада бепул бўлмайди – Транспорт вазирлиги
15:08 / 13.02.2024
Ўзбекистонда аёлларга автобус ва юк машиналарини ҳайдашга рухсат берилди
12:25 / 08.02.2024