Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Севимли спортчим – Муҳаммад Али. Кўпчилик у сабаб бўлиб исломни танлаган» – Жасурбек Яхшибоев билан интервью
Фото: KUN.UZ
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда Беларуснинг «Энергетик» клуби ҳужумчиси Жасурбек Яхшибоев Ўзбекистон чемпионати ўйинларида доим ҳам асосий таркибда ўйнайвермас, доим унга нимадир етишмасди. Аммо Беларусдаги легионерлик фаолияти Жасурбек учун жуда омадли кечмоқда. Айни дамда 12та гол билан Беларусь чемпионати тўпурари бўлиб турган Яхшибоев маҳаллий «Прессбол» нашрига интервью берди. Интервью давомида ўзбекистонлик футболчи кўп саволларга қисқа ва аниқ жавоб берган.
– Борган шаҳарларингиз орасида энг чиройлиси қайси?
– Қатар пойтахти Доҳа. Шунингдек, БААнинг йирик шаҳарларидан бири Дубай. Дубай яхшироқ ҳам. Ўта замонавий, осмонўпар ва чиройли бинолари кўп шаҳар. Мен у ерга «Пахтакор» билан ОЧЛ ўйинида ва Ўзбекистон олимпия жамоаси ўртоқлик учрашуви ўтказганида бўлган эдим. Аммо мен учун барибир Тошкентга етадигани йўқ.
– Севимли фильмингиз?
– Кино томоша қилишни унчалик ёқтирмайман. Бўш вақтимда эса футбол томоша қилишни маъқул кўраман. Фантастик фильмлар ҳам кўриб тураман. Масалан, «Марвел». Актёрлардан Том Круз ва Жонни Депп.

– Ёқтирган овқатингиз? Табиийки палов бўлса керак?
– Тўғри. Ўзбекистонда паловни қўй гўштидан тайёрлашади, яна майиз ҳам қўшилади. Сузилган ош устига от гўштидан тайёрланадиган қази ҳам қўйиб беришади. Бу таомни бодринг ва помидордан тайёрланган салат билан есангиз, зўр кетади. Умуман олганда, ўзбек оилаларида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни палов тайёрлаш анъанаси бор. Беларуслар картошкани қанчалик севишса, ўзбеклар паловни шунча яхши кўради.
– Севимли қўшиқчингиз?
– Менга асосан ўзбек қўшиқлари ёқади. Шоҳруҳхон, Муниса Ризаеваларни эшитаман. Улар кўпроқ севги ҳақида куйлашади. Шунингдек, араб қўшиқчилари ёқади. Бу ерда кийиниш хонасида Айк Мусаханян ва африкалик жамоадошларимиз французлар ижросидаги репларни қўйишади. Сўзларини тушунмасам ҳам, оҳанги менга ёқади.
– Севимли байрамингиз?
– Улар аниқ янги йил ёки туғилган кун байрамлари эмас, мусулмонларнинг севимли байрамлари Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, шунингдек, баҳор айёми Наврўз.
– Севимли рақамингиз?
– 24. Чунки 24 июнда туғилганман. Яна 7. Бу ерда 7-рақамда ўйнайман. Шунингдек, 7, 9, 10 рақамлари ёқади. Ўзбекистонда 9 ва 22-рақамларда ўйнаганман.
– Сиз учун эрталаб яхшими ёки кечки пайт?
– Кечки пайт. Мен уйқучироқман. «Энергетик»нинг машғулотлари эрталаб соат 8:30да бошланади, унга эрталаб уйғониб, боришга кўникиш керак бўлди. Ярим йилда ўрганиб қолдим. Ўзбекистонда эса кундузи ҳаво иссиқлиги учун машғулотлар асосан кечки пайт ўтказилади.

– Уйда диванга ёнбошлаб ётиш ёки кўча айланиш?
– Хўш, 50га 50. Бу машғулотларда қанчалик чарчаганимга боғлиқ.
– Севимли фаслингиз?
– Шубҳасиз, ёз. Бу фаслда чўмилиш, қуёшда тобланиш мумкин. Шунингдек, енгил кийимда юрасиз. Айтганча, ёзда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 50 даражагача чиқиб кетади.
– Севимли жамоангиз? Аввалроқ «Барселона» дегандингиз адашмасам?
– Ҳа. Мен бу жамоага уни Гвардиола бошқаргандан бери мухлислик қиламан. Айнан Гвардиола «Барселона»ни юқори чўққига кўтара олди. Месси ҳам унинг қўл остида дунёнинг энг зўр футболчиси даражасига чиқди.
– Месси ёқтирган ўйинчингизми?
– Ҳа, шундай. Шунингдек, «Манчестер Сити» ўйинчиси Рийад Маҳрез ҳамда «Боруссия» Дортмунддаги Санчоларнинг ўйини ёқади.
– Спорт оламида қайси спортчилар ёқади?
– Муҳаммад Али. У инсонийлик жиҳатдан барчага ўрнак бўладиган инсон. Унинг сўзлари ва амаллари кўпчиликнинг Исломни танлашига сабаб бўлган.

– Қайси миллий жамоани ёқтирасиз?
– Испания. Бу жамоа охирги вақтларда ўз савиясида ўйнай олмаяпти. Испанияни ёқтиришимга Хави ва Иньесталар сабабчи бўлишган. Ўшанда испанлар Европа чемпиони бўлишган эди. Германия миллий жамоасининг ўйинлари ҳам ёқади. Немисларда интизом юқори.
– Сизда энг яхши таассурот қолдирган стадион?
– Қатардаги «Ас Саад» клуби стадиони. Қатар жуда иссиқ минтақада жойлашганини барча билади. Кўчадаги намлик юқори бўлган иссиқ ҳавода нафас олиш қийин, аммо стадионда совуткичлар ўрнатиб чиқишган. Ҳатто оёқ остигача. Стадионга киргандан кишига хуш ёқувчи салқин ҳаво гуп этиб урилади. Ҳатто майкада совқотиб қоласиз. Стадионнинг сиғими катта эмас. Унга 15 минг атрофида мухлис сиғади. Стадионда зўр шароит қилиб қўйилганига қарамай, қатарликлар футбол ўйинларига кўп ҳам бораверишмайди. Бу жиҳатдан энг зўр стадионлар Беларусда. Эҳтимол, Минскдаги «Динамо» ва «Борисов-Арена» стадионлари.
Мавзуга оид
20:56 / 09.07.2020
Беларуснинг «Шахтёр» клуби Яхшибоев трансферини эълон қилди
17:16 / 08.07.2020
Жасурбек Яхшибоев Беларуснинг бошқа клубига ўтди
21:35 / 19.05.2020
Яхшибоевга Польша клуби қизиқиш билдирди
11:10 / 13.05.2020