22 ёшли футболчи Беларусь чемпионатининг дастлабки 8 турида 6та гол урди (3таси пенальтидан) ва тўпурарлар баҳсида пешқадамлар сафида бормоқда. Ҳозирча у мавсумнинг кашфиётларидан бири бўлиб турибди. Ўтган мавсумда аутсайдерлар сафида борган «Энергетик-БГУ» эса жорий чемпионатда юқори поғоналар учун курашмоқда. Қайд қилиш жоизки, жамоа таркибида ўзбекистонлик яна бир футболчи Шоҳруҳ Умаров ҳам тўп тепяпти.
— Жасурбек, нега баъзилар рус тилини яхши тушунмаслигингизни айтишади?
— Рус тилини жуда яхши тушунаман. Мураббийларнинг кўрсатмаларини ҳам яхши англайман, муаммо йўқ. Аммо атрофимда одамлар кўп бўлса, бироз ҳаяжонланаман, гапиришга қийналаман.
— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
— Кўчага кўп чиқмайман, уйда ўтираман. Баъзан жамоадошларимдан «Play Station»ни олиб тураман. Фильмларни ёки футболни томоша қиламан. Ҳозир ўтмишдаги ўйинлар намойиш этилмоқда. «Барселона» ва «Арсенал» менга ёқади. Ўз позициямдаги футболчилар қандай ҳаракатланишини кузатаман.
— Сиз соф ҳужумчи эмассиз, тўғрими?
— Ҳа, Анатолий Иванович Юревич мени кўрикдан ўтказиб, ҳужум чизиғига йўналтирди. Беларусга келгунимга қадар ўнг қанот яримҳимоячиси эдим. Менга франциялик Ҳотам бен Арфа ёқади, зўр дриблинг эгаси. Ҳозир ҳужум чизиғига ўтганимдан сўнг, Мессини кузатяпман. У яримҳимоячи ҳам, ҳужумчи ҳам эмас, эркин ижодкор. Тўп учун майдон марказига югуради. Мендан ҳам шу тарзда ўйнашни талаб қилишмоқда – тўпни қабул қилиш учун очилишим, орқадан ҳужум қилишим лозим.

— Чинозда туғилгансиз, у қандай шаҳар?
— Уни балиқчилар шаҳри деб аташади. 5 километр узоқликда Сирдарё жойлашган. Чинозда ҳаммага машҳур балиқ бозори бор. Нархи? Килограммига 1,5 доллар атрофида. Балиқларнинг тури кўп: лаққа, сазан, чўртан, судак... Узунлиги мендек келадиган лаққалар бор. Бозор яқинида кўплаб кафелар бор, балиқни қовуриб беришади. Жуда мазали!
— Рамазон рўзасини тутдингизми?
— Ҳа. Ҳар куни рўза тутамиз. Биринчи ҳафтаси – энг оғир бўлади. Кейин ўрганиб кетасиз. Кечқурун эса кўп овқат ейиш мумкинмас. Ошқозон тайёр эмас, дарҳол оғриқ бошланади. Олдин сув, озгина шоколад, ширинликлар. 1,5 соатлардан кейин овқатланса бўлади.



















