Жаҳон | 12:51 / 24.10.2024
6287
9 дақиқада ўқилади

Анқарадаги теракт, Ливанда ўлдирилган ворис ва BRICS’нинг якуний декларацияси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Туркиядаги теракт

Туркия пойтахти Анқара шаҳри яқинидаги Turkish Aerospace (TUSAŞ) аэрокосмик компанияси штаб-квартирасига ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, 14 киши яраланди.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ҳужум қилганлардан икки нафари — бир эркак ва бир аёл ўлдирилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, яраланганлардан уч нафари оғир аҳволда.

«Туркия аэрокосмик саноатига қарши террорчилик ҳужуми уюштирилди. Афсуски, бизда қурбонлар ва яраланганлар бор», — дея ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Вазир аввалига уч қурбон ҳақида хабар берганди, аммо кейинроқ Қозондаги БРИКС саммитида иштирок этаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қурбонлар сони 4 нафарлигини маълум қилди.

«Халқимиз шуни билиши керакки, Туркия томон узатилган ифлос қўллар албатта синдирилади; хавфсизлигимизга қарши бош кўтарган бирор бир тузилма, бирорта террорчилик ташкилоти ўз мақсадларига эриша олмайди», — деган Эрдўған.

Туркия нашрларига кўра, қўриқчилар алмашаётган вақтда портлаш рўй берган; ҳужумдан кейин корхона ходимларини панагоҳларга жўнатишга тўғри келган. Воқеа жойидан олинган кадрларда тутун ва кучли ёнғин акс этган.

Ҳодиса жойидан тўғридан тўғри кадрларни намойиш этишни бошлаган маҳаллий нашрлар расмийлар талабига кўра трансляцияни тўхтатишга мажбур бўлган.

Маҳаллий нашрлар Turkish Aerospace ҳудудига икки киши — бир эркак ва бир аёл ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатган.

Ижтимоий тармоқларда бино ичкариси ва ташқарисидаги кузатув камералари орқали олинган кадрлар намойиш этилган, уларда ҳужум қилганларнинг юзи кўриниб қолган.

Туркия теракт сифатида таснифлаган бундай ҳужумлар Туркияда биринчи бор рўй бераётгани йўқ. Азалдан бундай ҳужумлар учун жавобгарлик асосан курд айирмачилари зиммасига юкланади, бундай ҳужумлардан кейин уларнинг Сурия шимолидаги лагерлари Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан ўққа тутилади.

Терактни жаҳондаги кўплаб давлат раҳбарлари қоралаган ва Туркия президентига қурбонлар учун ҳамдардлик билдирган.

Насруллоҳнинг вориси ўлдирилган

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўз ижроия кенгаши раҳбари Ҳошим Сафиуддин ўлимини тасдиқлади. У 4 октябр куни Исроил ҳарбийларининг ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

Исроил мудофаа кучлари 22 октябр куни унинг ўлдирилганини эълон қилган эди. Оммавий ахборот воситалари уни 27 сентябр куни Исроил ҳужумида ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг вориси деб атаган.

«Ҳизбуллоҳ» ўз ижроия кенгаши раиси Ҳошим Сафиуддин учун мотам тутади», дейилади баёнотда.

4 октябр куни Исроил ҳарбийларининг ҳаво ҳужуми оқибатида Ҳошим Сафиуддин ҳалок бўлгани ҳақида Al-Arabiya ва Axios телеканаллари хабар берган эди. Тўрт кундан сўнг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Насруллоҳнинг вориси ва унинг ворисининг вориси ҳам йўқ қилинганини» айтган эди.

22 октябр куни Исроил ҳарбийлари Ҳошим Сафиуддиннинг «тахминан уч ҳафта олдин» Байрут чеккасидаги «Ҳизбуллоҳ» разведка бошқармасига берилган зарбада ўлдирилгани ҳақида хабар берди.

Ҳошим Сафиуддин Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси. У 1994 йилдан буён «Ҳизбуллоҳ» ижроия қўмитасини бошқарган. ОАВ хабарларига кўра, 1992 йилдан буён Ливан ҳаракатига раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳ 2008 йилда Сафиуддинни ўз вориси этиб тайинлаган.

Бу орада Исроил яна Ливан пойтахти Байрут шаҳрига бомбалар ёғдиришда бардавом бўлди. Исроил зарба беришда ўз авиациясини ишга солган. Айрим маълумотларга кўра, зарбалар Эрон элчихонаси яқинига берилган.

Сўнгги сутка ичида Ливанда Исроил ҳужумлари натижасида ўлганлар сони 28 киши экан, ярадорлар сони 139 кишига етгани маълум қилинмоқда.

Можаро бошланганидан буён Ливанда қурбон бўлганлар сони 2574 кишига етди, ярадорлар сони 12 минг кишидан ошди, деб хабар беради Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги.

BRICS саммити декларацияси

Россиянинг Қозон шаҳрида ўтган BRICS саммити жаҳонда янги тартиб ўрнатишга қаратилди. Саммит якунларига кўра декларация қабул қилинди. Декларация 43 саҳифа ва 134 параграфдан иборат. У дунёдаги вазиятга умумий баҳо беради, узоқ муддатли истиқболда ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилайди. Унда иштирокчиларнинг асосий жаҳон муаммолари бўйича умумий позициялари қайд этилди.

«Биз умумий манфаатларимиз ва асосий устуворликларимиздан келиб чиққан ҳолда, BRICS мамлакатлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда стратегик шериклигимизни янада кенгайтириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаймиз», дейилади ҳужжат муқаддимасида.

Декларациядаги асосий бандлар қуйидагича бўлди:

- Биз Фаластин давлатининг БМТ тўлақонли аъзоси бўлишини қўллаб-қувватлаймиз;

- Биз Россия томонидан таклиф этилган BRICS дон биржаси ташкил этилишини, унинг кейинги ривожини ва аграр соҳанинг бошқа соҳаларини ҳам қамраб олишини қўллаб-қувватлаймиз;

- Биз коинотда қурол жойлаштиришнинг олди олинишини қўллаб-қувватлаймиз;

- Биз ривожланаётган давлатларнинг глобал жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлашга чақирамиз, шунингдек, Глобал Жануб мамлакатларининг BRICS ташкилотига бўлган қизиқишини қутлаймиз;

- Биз Жаҳон савдо ташкилотининг ислоҳотини қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ҳақидаги қарорни қутлаймиз.

Аргентинада солиқ хизмати тугатилди

Аргентинада солиқ хизмати – давлат даромадлари бўйича федерал идора тугатилди.

Президент Хавьер Милейнинг офисига кўра, идора аргентиналикларни «ахлоқсиз равишда таъқиб қилиб» мамлакатдаги «иқтисодий эркинликка тўсиқ бўлган».

Унинг ўрнида «соддалаштирилган» Даромадлар ва божхона агентлиги ташкил этилиши эълон қилинади.

Янги агентлик солиқ йиғиш ва божхона мониторинги соҳасидаги функцияларнигина сақлаб қолади. Штат бирликлари сони учдан бир қисмга камайтирилади.

Аргентина президенти маъмуриятига кўра, AFIP'ни тугатиш «аргентиналикларнинг иқтисодий ва тижорий эркинлигига тўсиқ бўлиб келаётган кераксиз бюрократияни йўқ қилиш учун» керак.

«Ҳар бир аргентиналикка тегишли бўлган нарса фақат уники, бошқа ҳеч кимга тегишли эмас. Ҳеч бир идорага аргентиналикка ўз мулки билан нима қилиш кераклигини айтиш ҳуқуқи берилмаслиги керак», — деган Адорни.

3000 дан ортиқ солиқчи ходимлар аввалги ҳукумат томонидан «ноқонуний ёллангани» учун ишдан бўшатилади. Бу эса йилига тахминан 6,5 млн долларни тежаш имконини беради.

2023 йил декабрдан Хавиер Милей Аргентинанинг янги президенти сифатида иш бошлаганди. У сайловчиларга давлатнинг фуқаролар ҳаётига аралашувини минимал даражага келтиришга ваъда берган эди.

Россиянинг Украинадаги йўқотишлари

АҚШ президенти маъмурияти Россия армиясининг Украинадаги жангларидаги кунлик йўқотишларига бағишланган маълумотни очиқлади.

АҚШ президенти маъмурияти қошидаги Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбининг маълум қилишича, Украинада ҳар куни 1200 дан ортиқ россиялик аскарлар ё ҳалок бўлишади, ёки яраланади. У йўқотишларни «чиндан ҳам тарихий миқдорда», дея баҳолаган.

«Ҳеч қандай шубҳа йўқки, Россия кучлари жанг майдонида фавқулодда катта йўқотишларга дучор бўлмоқда», — деган Кирби.

У шунингдек, Москванинг юритаётган сиёсати нафақат ҳарбийлар ўртасида йўқотишларга, шунингдек Россиянинг халқаро майдондаги нуфузига ҳам салбий таъсир ўтказаётганини қайд этган.

Бироқ Кирбининг кейинги сўзларини Қозонда ўтказилган BRICS саммити чиппакка чиқаради. Ушбу халқаро анжуманга 36 давлат вакиллари тўпланган. Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа давлатлар етакчилари шахсан ташриф буюришган.

Оқ уй томонидан бундай кескин баҳолаш Жанубий Корея разведкасининг КХДР Москвани қўллаб-қувватлаш учун 1500 нафар аскарини жўнатгани ва яна умумий ҳисобда 10 минг аскар жўнатишга тайёргарлик кўраётгани фонида янгради.

Мавзуга оид