Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин қароргоҳига «дронлар ҳужуми», Трампнинг Эрон ва Ҳамасга таҳдиди ва Ямандаги портни бомбардимон қилган Саудия – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп ва Нетаняҳу учрашуви
29 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Флоридадаги қароргоҳида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни қабул қилди. Нетаняҳу жорий йилда расман 10-маротаба Трамп билан учрашмоқда.
Учрашувдан сўнг Трамп агар Эрон баллистик ракета ёки ядровий қурол дастурларини қайта тикласа, Теҳронга қарши яна бир йирик зарба бериши мумкинлигини айтди. Трампга кўра, Эрон ўз қурол дастурларини тиклаш устида ишлаётган бўлиши мумкин.
«Биз улар қаерга бораётганини, нима қилаётганини аниқ биламиз ва умид қиламанки, улар буни қилмаётгандир. Чунки биз Б-2 самолётига ёқилғини бекорга сарфлашни хоҳламаймиз. Унда бориб-келишнинг ўзи 37 соатлик парвоз», — деди у аввалги зарбада ишлатилган бомбардимончи самолётга ишора қилиб.
Бундан ташқари, Трамп Ҳамасни қуролсизланишни тезлаштирмаганликда айблаб, Исроил битимдаги ўз мажбуриятларини бажарганини таъкидлади.
«Жуда оғир жазоси бўлади», — деди Трамп агар Ҳамас қуролини топширмаса нима бўлиши ҳақидаги саволга жавобан. У бунга ўхшаш баёнотларни уруш давомида ҳам айтганди.
Худди шу куни Ҳамас икки йиллик урушда ўзининг ҳалок бўлган қўмондонларини тасдиқлади. Қассам бригадаларининг ёзиб олинган баёнотида штаб бошлиғи Муҳаммад Синвар, гуруҳнинг ОАВда асосий овози бўлган Абу Убайда ва бошқа қўмондонлар ҳақида маълумот берилган.
Трамп Исроил босиб олган Ғарбий соҳил масаласида Нетаняҳу билан тўлиқ келишмаганини айтди, бироқ келишмовчилик нимада эканини очиқламади.
Трамп учрашувдан олдин Исроил президенти Исхақ Герцог Нетаняҳуни коррупция айбловларидан афв этмоқчи эканини айтди. Аммо Герцог идораси буни дарҳол рад этди.
Саудия Ямандаги Мукалла портини бомбардимон қилди
30 декабр куни Саудия Арабистони Ямандаги Мукалла порт шаҳрини бомбардимон қилди. Саудия давлат ахборот агентлиги тарқатган ҳарбий баёнотда ҳужумлар – БААдаги Фужайра портидан келган кемалар Мукаллага етиб боргач амалга оширилгани айтилади.
«Ушбу қуроллар туғдираётган хавфни ҳисобга олиб, Коалиция ҳаво кучлари тонгда портда икки кемадан туширилган қурол-яроғ ва жанговар техникани нишонга олган чекланган ҳарбий амалиёт ўтказди», — дейилади баёнотда.
Зарба оқибатида қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Ҳужум «Greenland» номли кемани нишонга олган бўлиши мумкин. Кузатув маълумотларига кўра, кема 22 декабр куни Фужайрада бўлган ва якшанба куни Мукаллага етиб келган.
Мукалла Яманинг Ҳадрамавт вилоятида жойлашган бўлиб, сўнгги кунларда айнан шу ҳудудни БАА қўллайдиган Жанубий Ўтиш Кенгаши кучлари эгаллаб олганди. APнинг ёзишича, Кенгаш тарафдорлари кўпроқ 1967–1990 йилларда алоҳида давлат бўлган Жанубий Яман байроғини ҳилпиратмоқда. БАА томони ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.
Аслида Саудия ва БАА қўллаётган Ямандаги гуруҳлар — ушбу минтақадаги катта куч, Эрон қўллайдиган ҳусийларга қарши курашади. Лекин ҳозирги кунга келиб бу коалициянинг ўзида ҳам бўлинишлар ортиб бормоқда.
Сепаратистларнинг бу ҳаракатлари эса Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги муносабатларга босим ўтказмоқда. Улар яқин иттифоқчилар ва OPEC аъзолари бўлишига қарамай, сўнгги йилларда минтақавий таъсир ва халқаро бизнес учун рақобатга киришган.
АҚШ Венесуэла ҳудудига зарба берди
Душанба куни президент Доналд Трамп АҚШ Венесуэлада гиёҳванд моддалар юкланадиган қайиқлар жойлашган ҳудудга зарба берганини маълум қилди. Бу Николас Мадуро ҳукуматига босим бошланганидан бери Венесуэланинг қуруқликдаги ҳудудида ўтказилган илк амалиётдир.
«Улар гиёҳванд моддалар юклайдиган қайиқлар бандаргоҳи ҳудудида катта портлаш бўлди. Биз барча қайиқларни урдик, энди эса ҳудуднинг ўзини урдик... Бу ижро ҳудуди эди ва жой энди мавжуд эмас», деди Трамп.
Трамп қайси нишон урилгани ва АҚШ ҳукуматининг қайси тузилмаси ҳаракат қилганини айтмади. CNN манбаларининг хабар беришича, Марказий разведка бошқармаси бу ой бошида Венесуэла соҳилидаги порт объектига дрон билан зарба берган. Зарба гиёҳванд моддаларни сақлаш ва жўнатиш учун фойдаланилмоқда деб ҳисоблаган чекка бандаргоҳни нишонга олган. Трамп аввалроқ МРБга Венесуэлада яширин амалиётлар ўтказишга рухсат берганини айтганди.
Оқ уй ва Пентагон, шунингдек, Венесуэла ҳукумати ҳам Трамп тилга олган ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.
АҚШ миллий хавфсизлик идораларининг жимлиги Трамп айтган ҳодиса яширин тарзда амалга оширилганига ишора бўлиши мумкин. Бундай амалиёт эса одатда расмийларнинг бу ҳақда гапириш имкониятини чеклайди.
БМТ Сомалиландни тан олмайди
БМТ бош котиб ёрдамчиси Холид Хияри Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида Исроилнинг Сомалининг ажралиб чиққан ҳудуди — Сомалиландни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақидаги қарори юзасидан маълумот берди.
БМТ расмийси Сомали давлатининг суверенитети ҳурмат қилинишини яна бир бор тасдиқлади.
«Бош котиб ҳам айтгaнидек, Хавфсизлик кенгаши Сомалининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ва бирлигини ҳурмат қилишни бир неча бор тасдиқлаган», — деди Хияри.
У Сомали ва ажралиб чиққан Сомалиланд ҳудудини «тинч ва конструктив мулоқотга киришишга» чақириб, «вазиятни кескинлаштириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга» ундади.
Сомалиланд — Адан қўлтиғи бўйида ва Сомалининг шимолида жойлашган ҳудуд. Расман Сомали давлатининг бир қисмидир. 2025 йил 26 декабр куни Исроил — Сомалиландни мустақил суверен давлат сифатида расман тан олган биринчи мамлакат бўлди.
Сомалининг БМТдаги элчиси Абукар Дохир Усмон фаластинликлар ёки сомалиликларнинг келажаги «савдолашув объекти сифатида ишлатилмаслиги» кераклигини урғулади: «Исроилнинг бу ҳаракати нафақат хавфли прецедент яратади, балки минтақавий ва халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликка жиддий таҳдид туғдиради», деди у.
Буюк Британия, Хитой, Россия ва бошқа кўплаб давлатлар ҳам Сомалиландни тан олмаслигини таъкидлаб, Исроилнинг ҳаракатларини қоралади.
Путин қароргоҳига «ҳужум»
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги давлат резиденциясига Украина 91 та дрон ёрдамида ҳужум қилишга уринганини айтди. Унинг сўзларига кўра, «ҳужум» 29 декабрга ўтар кечаси содир бўлган ва барча 91 та учувчисиз аппарат йўқ қилинган. Лавров шунингдек, шу сабабли «Россиянинг музокара позицияси қайта кўриб чиқилишини» билдирди. Бироқ Москва АҚШ билан музокара жараёнидан чиқмайди.
Путин Трамп билан суҳбатида бу ҳақда унга айтган. Юрий Ушаковга кўра, АҚШ президенти Путиннинг дрон ҳужуми ҳақидаги хабаридан «шокка тушган ва ғазабланган».
«Мен бу ҳақда ҳозиргина эшитдим. Бу жуда ёмон бўларди», — деди Трамп Флоридада журналистлар билан суҳбатда.
Шу билан бирга, Трамп АҚШ Россия президентининг резиденциясига эҳтимолий дронлар ҳужумини «аниқлаб олишини» айтди. «Ҳозир нозик давр. Ҳозир бундай ‘ҳужумларʼ учун мос вақт эмас. Ҳужум қилиш — бир нарса, унинг (Путиннинг – таҳр.) уйига ҳужум қилиш — бошқа нарса», деди Трамп.
Украина президенти Володимир Зеленский эса Лавровнинг ҳужум ҳақидаги баёнотини ёлғон деб атади ва буни Россия Киевдаги ҳукумат кварталига зарба беришга ҳозирланаётгани билан изоҳлади.
«Кўриниб турибдики, агар биз ва Америка ўртасида жанжал бўлмаса, бу руслар учун мағлубият. Чунки улар бу уруш тугашини хоҳламайди», — деди Зеленский.
Мавзуга оид
16:06 / 29.12.2025
Трампга ваъда берган Путин, Тайван атрофида машғулот бошлаган Хитой ва яна ракеталар учирган Ким – кун дайжести
13:59 / 27.12.2025
Ғарбий соҳилдаги зўравонлик, Хитойнинг АҚШ компанияларига санкцияси ва Беларусга жойлаштирилган «Орешник»лар – кун дайжести
14:35 / 26.12.2025
Нигерияда ИШИДга зарба берган АҚШ, украиналикларнинг Путинга «тилаги» ва Килиманжарода қулаган вертолёт – кун дайжести
14:59 / 25.12.2025