Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг давом этаётган таҳдидлари, Яманда авж олган можаро ва Швейцариядаги даҳшатли ёнғин қурбонлари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп яна Венесуэлага таҳдид қилди
2026 йилнинг илк ҳафтаси «жуда даҳшатли» бошланди дейиш мумкин. Деярли ҳаммамиз Венесуэлада ҳокимият ағдарилиши ҳақида эшитган бўлсак керак. Хусусан, 3 январ куни АҚШ Каракасга ҳаво зарбалари бериб, суверен давлат пойтахтида ҳарбий операция ўтказди. Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси қўлга олиниб, АҚШга келтирилди.
Мадуро ҳозир Ню Йоркдаги ҳибсхона марказида бўлиб, душанба куни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар юзасидан судга чиқиши кутилмоқда. Унинг қўлга олиниши нефтга бой Венесуэлада чуқур ноаниқликни юзага келтирди.
4 январга келиб АҚШ президенти Доналд Трамп агар Мадуро қўлга олинганидан кейин ҳукуматнинг қолган аъзолари ҳамкорлик қилмаса, Венесуэлага иккинчи ҳарбий зарба берилиши мумкинлигини айтди.
Оқ уй маъмурияти янги ҳукуматни ўрнатиш учун сайлов ўтказишга ундашдан кўра, Мадуро режимининг қолган аъзолари билан ҳамкорлик қилиб, наркотрафикка қарши чораларни кучайтирмоқчи.
Венесуэла ҳукуматининг лавозимида қолган юқори мартабали амалдорлари эса Мадуронинг ҳибсга олиниши ўғирлаш жинояти эканини айтмоқда. Вице-президент ва нефт вазири ҳисобланган Делси Родригес Венесуэланинг олий суди розилиги билан вақтинча етакчиликни ўз зиммасига олган.
Трамп агар янги раҳбар «тўғри иш қилмаса», Мадуронинг ўзидан ҳам қимматроқ нарх тўлаши мумкинлигини айтди.
Бундан ташқари, Трамп агар Колумбия ҳамда Мексика АҚШга ноқонуний гиёҳванд моддалар оқимини камайтирмаса, улар ҳам ҳарбий чоралар билан юзлашиши мумкинлигини англатди.
Шунингдек, Трамп Венесуэланинг яқин иттифоқчиси бўлган Куба ҳам АҚШ ҳарбий аралашувисиз «ўз-ўзидан қулашга тайёр кўринади», деди.
Кўплаб давлатлар Мадурони қўллаб-қувватламаса-да, АҚШдан халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишни сўраб, баёнотлар берди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши душанба куни масалани муҳокама қилади. Россия ва Хитой ҳам АҚШни танқид қилди.
Яманда авж олган можаро
4 январ куни Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар порт шаҳар Мукаллани тўлиқ қайта эгаллади ва шаҳар бўйлаб жойлашди. Ҳадрамаут вилоятининг маркази бир неча кун давом этган Саудия ҳаво зарбаларидан сўнг қайта назоратга олинган.
Associated Press'га кўра, видеоларда Миллий қалқон кучлари қуролланган машиналарда кўчалардан ўтаётгани тасвирланган.
БАА томонидан қўллаб-қувватланадиган Жанубий Ўтиш кенгаши ўтган ой Ҳадрамаут ва Маҳра вилоятларига кириб, нефтга бой ҳудудни эгаллаб олган эди. Шундан сўнг, Яманда БАА ва Саудия ўртасида кескинлик бошланди.
Яман ўн йилдан ортиқ вақтдан бери фуқаролар урушига ботган: ҳусийлар мамлакат шимолининг катта қисмини назорат қилади, Саудия бошчилигидаги коалиция эса жанубда халқаро тан олинган ҳукуматни қўллаб-қувватлайди. Бироқ Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Яман ҳукумати ичида сепаратист гуруҳларни қўллайди. Бу эса Саудиянинг жаҳлини чиқармоқда.
Бунинг ортидан ҳусийларга қарши иттифоқнинг ичидаги катта бўлиниш бошланган: сўнгги ҳафталарда Саудия Арабистони Жанубий Ўтиш кенгаши позицияларини бомбардимон қилди. Қироллик ҳарбийлари БАА қуроллари юклангани айтилган портни ҳам нишонга олди. Саудия босими ва ҳусийларга қарши кучларнинг Ямандан чиқиб кетиш бўйича ултиматумидан сўнг БАА шанба куни ўз кучларини олиб чиққанини эълон қилди.
Швейцариядаги даҳшатли ёнғин
Швейцариянинг Кранс-Монтана чанғи курортидаги барда 1 январга ўтар кечаси содир бўлган портлаш ва ёнғинда ҳалок бўлган 40 кишининг жасади полиция томонидан аниқланди.
Қурбонларнинг ёши 14 ёшдан 39 ёшгача бўлган. Уларнинг 15 нафари 18 ёшга тўлмаган. Ҳалок бўлганлар орасида 8 давлат фуқаролари бор. Ҳалок бўлган 40 кишидан ташқари яна 119 киши жароҳатланган. Уларнинг аксариятида оғир куйишлар мавжуд — олти кишининг куйишлари шунчалик оғирки, уларнинг шахси ҳануз аниқланмаган.
Дастлабки терговга кўра, шишаларга ўрнатилган учқунли шамлар томга жуда яқин кўтарилгани ёнғинга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бар ичидан олинган видеоларда шифт қопламаси ёниб кетгани кўринади.
Прокуратура маълумотига кўра, бар эгалари бўлган франциялик эр-хотин «эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш, тан жароҳати етказиш ва ёнғин содир этиш»да гумон қилинмоқда.
Ғазодаги ҳуманитар ташкилотларга тақиқ
Исроил Ғазода фаолият юритаётган 30 дан ортиқ ҳуманитар ташкилотларнинг лицензияларини бекор қилишини билдирди.
Бу тақиқ сулҳга қарамай 2 миллиондан ортиқ фаластинлик ҳуманитар инқирозга дуч келаётган бир пайтда ёрдам ишларини янада қийинлаштирмоқда. БМТга кўра, Ғазода очарчиликнинг олди олинган бўлса-да, оилаларнинг чорак қисмидан кўпроғи кунига фақат бир маҳал овқат ейди. Озиқ-овқат нархлари етиб бўлмас даражада қиммат, 1 миллиондан ортиқ одамга қиш бўронлари остида яхшироқ чодирлар керак.
Лицензияси бекор қилинган 37 та ташкилот эса Ғазода БМТ агентликлари билан бир қаторда ишлаётган нодавлат ташкилотларнинг энг йирикларидан эди. Улар чодир ва сув таъминлашдан тортиб, клиникалар ва тиббий муассасаларни қўллаб-қувватлашгача бўлган хизматларни бажарган.
Ушбу гуруҳлар 1 мартгача фаолиятини тўхтатиши кераклиги айтилди. Ўтган ҳафта БМТ ва етакчи нодавлат ташкилотлар эълон қилган қўшма баёнотда Исроил томонидан лицензияси сақлаб қолинган ташкилотлар «ҳатто шошилинч ва энг асосий эҳтиёжларни қондириш учун ҳам етарли эмаслиги» айтилган.
Йил бошида Исроил Ғазода ишлаётган ёрдам ташкилотлари учун рўйхатдан ўтишнинг янги талабларини жорий қилди. Энг асосийси, гуруҳлардан маҳаллий ва халқаро ходимларнинг исмлари ҳамда шахсий маълумотларини топширишни талаб қилди, шунингдек, Исроилни танқид қилган гуруҳларни тақиқлашини билдирди.
Рўйхатдан ўтказиш жараёни Исроилнинг ўта ўнг қанот, радикал вакиллари томонидан бошқарилади.
Ёрдам ташкилотлари эса ходимлар ҳақидаги маълумотларни Исроилга топшириш уларни хавф остига қўйишидан қўрққани учун талабга бўйсунмаган. БМТ маълумотига кўра, уруш давомида Исроил ҳарбийлари Ғазода 500 дан ортиқ ёрдам ходимларини ўлдирган.
Нигерияда қуролли ҳужум
Нигериянинг Нигер штатида қуролланган шахслар бир қишлоққа зўравонлик билан бостириб кириб, камида 30 кишини ўлдирди. Штат полицияси хабарига кўра, ҳужумчилар шанба куни Касуван-Дажи қишлоғи яқинидаги ўрмондан чиқиб келган, маҳаллий бозорни ёқиб юборган. Улар дўконларни талаган ва номаълум миқдордаги одамларни ўғирлаб кетган.
«Қуролланган шахслар мотоциклларда шаҳарчага кириб келишди, одамларни бир жойга тўплаб, сўнг уларни сўйиб ташлашди, бошқалари эса отиб ўлдирилди», деди бир маҳаллий журналист BBC билан суҳбатда.
Нигерияда йиллар давомида «бандитлар» деб аталадиган қуролли жиноятчи гуруҳлар томонидан ҳужумлар ва одам ўғирлаш муаммо бўлиб келмоқда. Сўнгги пайтларда мамлакатнинг ғарбий ва марказий ҳудудларида бундай хабарлар кескин кўпайди. Хусусан, ушбу ҳужум ҳам — Нигер штати мактабларидан юзлаб болалар ўғирланганидан бир неча ой ўтиб содир бўлди.
Нигер штати полициясининг айтишича, жароҳатланганларга ёрдам бериш учун фавқулодда гуруҳ юборилган. Хавфсизлик кучлари ўғирлаб кетилганларни қутқариш устида ишламоқда.
Британия ва Франция ИШИД омборига зарба берди
Буюк Британия ҳаво кучларининг Typhoon қирувчи самолётлари Франция авиацияси билан биргаликда Сурияда «ИШИД»нинг ерости қурол омборига қўшма зарба берди.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, «синчков» разведка таҳлили расмийларни бу объект қурол ва портловчи моддаларни сақлаш учун ишлатилганига ишонтирган. У қадимий ёдгорлик бўлган Палмиранинг шимолида жойлашган тоғли ҳудудда бўлган.
«Самолётларимиз бошқариладиган бомбалардан фойдаланиб, объектга олиб борувчи бир неча кириш туннелларини нишонга олди… дастлабки маълумотларга кўра, нишон муваффақиятли зарарланган», дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирликка кўра, Қироллик самолётлари 2019 йилдан кейин ИШИДнинг «қайта тикланишига йўл қўймаслик» учун Сурия устида патрул парвозларини амалга ошириб келмоқда.
БМТ маълумотига кўра, ҳозир ҳам Сурия ва Ироқдаги ИШИД гуруҳлари сафида 5 мингдан 7 минггача жангари мавжуд. Ўтган йили ноябр ойида Аҳмад аш-Шаръа раҳбарлигидаги Сурия ҳам ИШИДга қарши АҚШ бошчилигидаги коалицияга қўшилганди.
Мавзуга оид
15:29
Европанинг йирик мудофаа лойиҳаси барбод бўлди, Си Шимолий Кореяга келди – кун дайжести
15:05 / 08.06.2026
Эрон ва Исроил зарбалар алмашди, Пашинян ўз партияси ғалабасини эълон қилди – кун дайжести
14:30 / 05.06.2026
Путинга очиқ хат йўллаган Зеленский ва Сининг Шимолий Кореяга ташрифи – кун дайжести
14:39 / 04.06.2026