17:10 / 23.03.2024
28559

“Ҳайдовчидан бир неча марта тезликни оширмаслигини сўрадик” – Бухородаги мактаб ўқувчилари билан бўлган автоҳалокат тафсилотлари

Бухоро вилояти Когон туманида мактаб ўқувчиларини театрга олиб кетаётган автобус ва бетон қорувчи машина ўртасида бўлган автоҳалокатда 2 нафар ўқувчи вафот этгани айтилмоқда. Автобусда бўлган ўқитувчининг қовурғаси синган ва у реанимацияда. 15 нафар жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида даволаняпти. Kun.uz мухбири автоҳалокатга учраган ўқувчилар ва шифокорлар билан суҳбатлашди.

18 март куни Бухоро вилояти Когон туманида мактаб ўқувчиларини театрга олиб кетаётган автобус тартибга солинган чорраҳада бетон қорувчи машина билан тўқнашди . Ҳодиса вақтида автобуснинг орқа ўриндиқларида бўлган болалар (уларнинг аҳволи анча яхши) Kun.uz мухбири билан суҳбатда воқеа тафсилотларини гапириб берди. Ўқувчиларнинг айтишича, 18 март куни 5 та синф синф ўқувчилари тақсимланиб, 2 та автобусга чиқарилган. Жами 140 кишидан ошиқ ўқувчи бўлган. Автобусларда 60-70 нафардан ўқувчи бўлган. Тахминан 10:25 ларда автобус ҳаракатланишни бошлаган.

Ҳайдовчининг тезлиги баланд эди. Автобусдаги кўпчилик буни сезиб, ҳайдовчидан бир неча марта тез ҳайдамасликни сўрадик. Шу орада ён томонимизга келиб нимадир урилди. Бу жуда тез бўлди, нима бўлганини тушунолмай қолдик. Оёғим оғриётганини сездим, кейин ҳамма чиқишни бошлади. Мен ҳам чиқдим. Телефон ва сумкамни ҳам олиб чиқишга улгурдим. Соғлар, юра оладиганлар ҳаммаси бир амаллаб автобусдан чиқдик. Кейин портлаб кетиши мумкинлигидан қўрқиб, тезроқ автобус ёнидан узоқлашишга ҳаракат қилдик. Лекин автобус портламади. Кейин дарров орқамизга қайтиб, чиқолмаётганларга ёрдам бердик. 10-12 киши ичкарида қолиб, чиқолмади, қолганлар ёрдамсиз ўзлари чиқишди”, – деб ҳикоя қилиб берди 5-ИДУМнинг 9-синф ўқувчиси Мироншоҳ Жумаев.

Унинг қўшимча қилишича, автоҳалокат пайтда бир ўғил бола вафот этган. Ўқувчилар бир-бирлари билан хабарлашиб туришганини, кўпчиликнинг аҳволи яхши эканини айтишди. Воқеа гувоҳларидан яна бирининг айтишича, бетон қорадиган машинанинг ёнида бўлган яна бир йўловчи вафот этган. Лекин буни шифокорлар тасдиқламади.

Автоҳалокатдан кейин тарқалган видеоларда бетон қорадиган машина ҳаракатланаётган томондаги светофорнинг чироқлари ёнмагани кўринган эди.

Биз ҳам юк машинаси томондаги светофорнинг ишламаганини видеолардан кўрдик. Автобуснинг орқа ўриндиғида ўтирганимиз учун автобус ҳаракатланаётган йўлдаги светофорнинг чироқлари ёниб-ёнмаётгани бизга кўринмади. Юк машинаси автобуснинг олдига келиб урилганидан кейин, ағдарилиб кетиб, автобусни туртиб юборди ”, – дейди 11-синф ўқувчиси.

Воқеа ҳақида гапиришни бошласам, ўша дақиқалар кўз олдимда келиб, кўнглим айниб, қусишни бошлаяпман. Стресс таъсири ҳали мендан кетгани йўқ. Қайта- қайта айланяпти”, – дейди Мироншоҳ Жумаев. 

11-синф ўқувчиси Асадбек Ҳамидов ҳам воқеани умуман эслашни хоҳламаслигини, фақат йўқолган телефонлари топилишини хоҳлашини айтди.

Ўша пайтда 2-3 боланинг телефони йўқолган. Шуларнинг топилишини хоҳлардик. Ўзимнинг ҳам 2 та телефоним йўқолди. Автобус келиб урилганда қўлимда эди, кейин нима бўлди билмайман”, – дейди 11-синф ўқувчиси Ҳамидов.

Шунингдек, олдинроқ мактаб ўқувчилари театрга олиб борилаётгани маълум бўлган эди. Kun.uz суҳбатлашган ўқувчиларнинг айтишича, ўқувчилар театрга боришни истамаган.

Дарс вақти ҳамма бориши керак деб бизни ҳам олиб чиқишди”, – дейди бир ўқувчи.

Kun.uz болаларнинг соғлиғи ҳақида маълумот олиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали раҳбари Муҳсин Ражабов билан суҳбатлашди. Унга кўра, 18 март куни 16 нафар бемор тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Қолгани Когон туманидаги тез тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилган. Когон туманидаги беморларга жавоб берилиб, 3 нафари Бухоро тез тиббий ёрдам бўлимига кўчирилган. Ҳозир ўқувчиларнинг аҳволи яхши. Автобусда бўлган бир нафар ўқитувчининг қовурғаси синган ва у реанимация бўлимида сақланяпти. Шифокор бетон қорадиган машинанинг ҳайдовчисига жавоб берилгани, автобус ҳайдовчисининг ўмров суяги сингани учун даволанаётганини қўшимча қилди.

Мухсин Ражабов

Т.О. воқеа жойида вафот этган, бир нафар қиз оғир аҳволда келган эди. Уни сақлаб қолиш учун ҳамма ишни қилдик. Синмаган жойи қолмаган, жароҳатлари оғир эди. Тошкентдаги шифокорлар билан телемедицина ўтказдик. Уни йўқотганимиз учун ўзим депрессияга тушдим”, – дейди Муҳсин Ражабов.

Марказ раҳбари, шунингдек, ўқувчиларнинг жиддий муаммоси йўқлиги, уларга тез орада уйларига кетишга рухсат берилишини маълум қилди.

Фақат стресс бўлгани учун ушлаб турибмиз. 80 фоиз болага жавоб берсак бўлади. 3 нафари даволаниши керак. Улар билан психолог ва невропатолог ҳам ишлаяпти. Озгина оғриқ бўлса ҳам ўша нарсани кўз олдига келтиришяпти, шунинг учун уларни сақлашга мажбурмиз”, – дейди шифокор Хушмамад Арабов.

Хушмамад Арабов

Болалар билан ишлаган психолог Лобар Сатторова улар қўрқувда экани, бир бола у билан бирга келаётган синфдошининг ўлимига гувоҳ бўлгани учун қаттиқ стрессда эканини айтди. “Когонда 19 киши билан, Бухоро шаҳар шифохонасида эса 4 нафар бола билан ишладим. Улар билан яна 1 ойгача ишлайман”, – деди у.

Толибхўжа Жамолов, болалар шифокори

Kun.uz айрим беморларнинг оила аъзолари билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ улар жавоб бермасликни афзал кўришди. 

Бобур Муҳаммедов, болалар травматологи

Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеа юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси айрим мансабдорларга “Мансабга совуққонлик билан қараш” ҳолати бўйича алоҳида жиноий иш очилганини маълум қилган.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz

Top