Жамият | 14:23
946
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда икки машина тўқнашуви оқибатида 3 киши ҳалок бўлди

Кегейли туманида Labo қувиб ўтиш қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишда келаётган Damas билан тўқнашган. ЙТҲ оқибатида 2 киши воқеа жойида, бир киши шифохонада вафот этган. Республикада йил бошидан буён ЙТҲ қурбонлари сони 1848 кишига етди.

Қорақалпоғистонда инсонлар ўлими билан боғлиқ аянчли ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ЙТҲ 19 декабр куни соат 16:30 ларда Кегейли туманининг Қумшунгил овули ҳудудида, “Нукус-Чимбой-Тахтакўпир” автомобил йўлида содир бўлган. 1986 йилда туғилган А.С. Labo машинасини “Нукус-Чимбой” йўналишида бошқариб кетаётиб, қувиб ўтиш қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиққан ва 32 ёшли З.Ж. бошқарувидаги Damas билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида Labo ҳайдовчиси А.С. ҳамда Damas йўловчиси, 1962 йилда туғилган М.Д. (аёл) воқеа жойида ҳалок бўлган. Damas’нинг яна бир йўловчиси, 1962 йилда туғилган Т.Б. эса Кегейли тумани тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Шунингдек, Labo машинасида йўловчи сифатида келаётган 27 ёшли А.Е. ўнг елка суяги ёпиқ синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Маълумотларга кўра, 19 декабр куни республика бўйича 7 киши (Бухоро, Саманқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида 1 кишидан, Қорақалпоғистонда 3 киши) ЙТҲлар оқибатида вафот этган. Бу рақам декабрнинг 19 кунида 130 кишига, йил бошидан 19 декабрга қадар эса 1848 кишига етган.

Аввалроқ Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашувида бир киши ҳалок бўлганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид