Жаҳон | 10:00 / 23.01.2018
7021
1 дақиқада ўқилади

Тожикистонда масжидлар энди даромадлари ҳақида ҳисобот беради

Фото: metaltraveller.com

Тожикистондаги барча диний муассасалар бундан кейин ўз мулки ва даромад манбалари ҳақида ҳисобот беришга мажбур бўлади. Мамлакатнинг “Дин эркинлиги ва Тожикистон Республикаси диний бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни 19-моддасига тузатиш 22 январдан кучга кирди.

Унга кўра, “диний бирлашмалар, шунингдек, масжидлар, черковлар ва синагогалар даромад манбалари, мулки, пул маблағлари ва мулкдан фойдаланиши, шунингдек, ходимлар иш ҳақи ва тўланган солиқлар ҳақида маълумот беришга мажбур”.

Тожикистонда масжидлар, черковлар ва мамлакатдаги ягона синагога диндорларнинг кўнгилли равишда тақдим этувчи хайр-эҳсонлари ҳисобидан фаолият юритади. Масжидлар имом-хатиблари диний маросимларда иштирок этганликлари учун кичик миқдорда пул мукофотини олади.

Бироқ 2014 йилдан бери жоме масжидлари имом-хатиблари худди давлат хизматчилари сингари ойлик иш ҳақи олади. Тожикистон Уламолар кенгаши раиси муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзоданинг маоши 220 доллардан ортиқни ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид