Полиция маълумотига кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 12:15 атрофида пойтахт Жакарта шаҳрининг Келапа Гадинг туманидаги мактаб мажмуасида жойлашган масжид ичида юз берган.
Портлашдан сўнг 55 киши турли даражадаги — енгил ва оғир, жумладан, куйиш жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган. Вафот этганлар ҳақида маълумот йўқ.



Индонезия полиция бошлиғи Листё Прабовонинг айтишича, гумонланувчининг ўзи ҳам жароҳат олган.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда, жумладан, «гумондор портловчи мосламани қандай тайёрлагани ва ҳужумни қандай амалга оширгани» ўрганилмоқда.

«Машъум товушни эшитганимизда жуда ҳайрон бўлдик — портлаш жуда кучли эди. Юрагимиз тез ура бошлади, нафас олиш қийинлашди ва биз ташқарига югурдик», — деди Reuters билан гаплашган 43 ёшли Люциана. У ҳодиса пайтида мактаб ошхонасида ишлаётган эди.

Унинг сўзларига кўра, бир неча портлаш содир бўлган, деразалар синиб кетган ва ўнлаб одамлар саросимага тушиб, мажмуадан қочиб чиққан.
Мактаб ўқувчиларидан бирининг ҳукуматга қарашли Антара ахборот агентлигига айтишича, портловчи мослама қўпол муомалага учраб юрган ўқувчи томонидан мактабга олиб келинган.
Бошқа ўқувчилар эса гумонланувчини «ёлғиз юрадиган шахс» деб тасвирлаган. У тез-тез зўравонлик саҳналарини чизган ва портлашдан кейин ерда ётган ҳолда топилган.











