Ўзбекистон | 15:19 / 30.08.2023
8500
2 дақиқада ўқилади

«Ташаббусли бюджет» доирасида мажбурий овоз тўплаш ҳолатлари ҳақида хабар бериш сўралди

Фото: Видеодан кадр

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет» жараёнлари доирасида мажбурий овоз бериш ҳолатларига дуч келган фуқароларни бу ҳақда хабар беришга чақирди.

Маълум қилинишича, айрим ҳудудларда бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий тарзда овоз беришга жалб этиш ҳолатлари кузатилаётгани юзасидан эътирозлар келиб тушмоқда.

Вазирлик 2023 йил 10 апрелдаги президент қарорига кўра, овоз йиғишга мажбурлаш мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланишини эслатиб ўтди. Бундан ташқари, мажбурий овоз тўплаш ҳолатлари юзасидан келиб тушган барча мурожаатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ваколатли органларга тақдим этилаётганини билдирди.

«Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ҳам «Ташаббусли бюджет» жараёнлари доирасида мажбурий овоз бериш ҳолатларига дуч келсангиз, бу ҳақда зудлик билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ишонч рақамларига ёки «Очиқ бюджет» ахборот порталининг онлайн мурожаат бўлимига хабар беришингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.

«Очиқ бюджет» ахборот порталининг онлайн мурожаат бўлими — Онлайн мурожаатномалар.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ишонч рақамлари:

+99871 2035141; +99871 2035050 (ички рақам — 01115);
+99871 2031993 (ички рақамлар — 01116, 01117).

Мавзуга оид