Toyota Corolla’дан тортиб Chevrolet Impala’гача – Автосаноат тарихида энг кўп сотилган автомобиллар
Дунёдаги биринчи автомобил 1885 йилда Германияда Карл Бенц томонидан тайёрланган. Ўшандан буён қарийб 140 йил ўтди. Бугун кўплаб йирик автоконцернлар бир вақтнинг ўзида ўнлаб русумларда автомобил тайёрламоқда. Улар орасида 50-60 йилдан буён янгиланган ҳолда ишлаб чиқарилаётганлари ва бир неча ўн млн дона сотилганлари ҳам бор.
21-асрга келиб нафақат дунёнинг ривожланган илғор давлатлари, балки энди ривожланаётган давлатларида ҳам автомобил саноати пайдо бўлди.
Бунга сабаб дунёнинг йирик автомобилсозлик компаниялари харажатларни камайтириш мақсадида ўз ишлаб чиқариш линияларини ишчи кучи анча арзон бўлган давлатларга кўчира бошлашди.
Бироқ шундай бўлса ҳам дунёнинг ривожланган давлатлари бугун автосаноатда етакчиликни ушлаб турибди. Жумладан, Германия, АҚШ, Япония, Британия, Франция, Италия, Хитой ва Жанубий Кореяда ўнлаб компаниялар бир вақтнинг ўзида кўплаб русумларда автомобиллар ишлаб чиқармоқда.
Автомобилсозлик тарихида энг кўп сотилган русумлар рўйхатида Toyota Corolla биринчи ўринни эгалланган бўлса, ўнликдан Форд компаниясининг тўртта, Volkswagenʼдан учта, Hondaʼдан иккита автомобил русуми бор.
Айрим автомобиллар турли давлатларда ҳар хил номлар билан сотилгани учун бу рўйхатга кирмаган. Масалан, Fiat-124 автомобили СССРда ВАЗ-2101 Жигули номи билан ҳам чиқарилган. Бу автомобилдан Италия, СССР, Полшада 15 млн донага яқин ишлаб чиқарилган.
Қуйида автомобилсозлик тарихида энг кўп сотилган русумлар ҳақида маълумотларни келтирамиз (рўйхатнинг қуйи қисми бошқа турли манбааларда турлича берилган бўлиши мумкин).
13. Chevrolet Impala
Chevrolet Impala General Motors концерни томонидан илк бор 1957 йилда ишлаб чиқарилган ва 2020 йилда тайёрлаш тўхтатилган. Ўтган йиллар давомида бу автомобил ўн марта янгиланган.
1965 йилгача Chevrolet Impala Chevrolet брендининг энг қиммат автомобили бўлган. 1980-йиллар ўрталарида бу автомобил компаниянинг ўртамиёна нархланадиган русумига айланган.
General Motors корхоналарида умумий ҳисобда 14 млн дона атрофида Chevrolet Impala ишлаб чиқарилган. Ўз тарихида Chevrolet Impala икки эшикли кабриолет, купе, хардтоп ва тўрт эшикли седан ҳамда хардтоп кўринишларида тайёрланган.
12. Volkswagen Passat
Бу автомобил Volkswagen компанияси томонидан 1973 йилда ишлаб чиқарилган. Бу автомобил компаниянинг турли давлатлардаги корхоналарида Dasher, Santana, Quantum, Magotan, Corsar ва Carat номлари остида ҳам тайёрланган.
Автомобил номи йил давомида Ер курраси бўйлаб эсиб турадиган шамол номидан олинган.
Volkswagen Passat ҳанузгача ишлаб чиқарилади ва ўтган даврда автомобил бир неча бор янгиланган. Компания шу вақтгача ундан 15 млн дона тарофида тайёрлаб сотган.
11. Nissan Pulsar
Япониянинг Nissan компанияси бу автомобилни илк бор 1978 йилда ишлаб чиқарган. Nissan Pulsar айрим давлатларда Sunny ва Sentra номлари билан сотувга чиқарилган.
Nissan Motor 2010 йилда Nissan Pulsar’ни ишлаб чиқаришни тўхтатади. Бироқ 2013 йилда компания Австралия ва Янги Зеландияда NissanTiida ўрнига Nissan Pulsar автомобилларининг седан ва хетчбэк турларини яна савдога чиқаради.
Компания бу автомобилдан шу пайтгача 16 млн дона тайёрлаб, сотган.
10. Ford Fiesta
Ford Motor Company Ford Fiesta автомобилини 1976 йилда оммага тақдим этган. Бу автомобил компаниянинг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири ҳисобланади ва у 2023 йилгача ишлаб чиқарилган.
Ўтган йиллар мобайнида автомобил қарийб 10 марта янгиланган ва ундан 16 млн дона тайёрланган.
Ford Fiesta автомобили компаниянинг АҚШдаги корхоналаридан ташқари Европанинг бир нечта мамлакатларида, Бразилия, Аргентина, Мексика, Венесуэла, Хитой, Ҳиндистон, Тайланд ва Жанубий Африка республикасида ишлаб чиқарилган.
9. Ford Model T
Рўйхатдаги бошқа автомобиллардан фарқли ўлароқ Ford Model T автомобили 20-аср бошларида ишлаб чиқарилган. Ford Motor Company бу автомобилни илк бор 1908 йилда оммага тақдим этган.
Ford Model T дунё автосаноати тарихида миллион донадан ошиқ ишлаб чиқарилган биринчи автомобил ҳисобланади. Америкаликлар бу автомобилни 1927 йилгача ишлаб чиаришади ва ундан жами 16 млн донадан ошиқроқ тайёрланган.
Ford Motor Company бу автомобилни Германия, Британия, Франция ва Австралияда ҳам ишлаб чиқарган. Шу сабабли у дунё автосаноат тарихида хорижий давлатларда ҳам тайёрланган илк автомобил сифатида қайд этилган.
8. Honda Accord
Япониянинг Honda компанияси бу автомобилни 1976 йилда ишлаб чиқара бошлаган. Ўшандан буён бу русум бир неча марта янгиланган. Айни дамда ўн биринчи авлод автомобиллари тайёрланмоқда.
Компания Honda Accord автомобилларини уч хил кўринишда – седан, хетчбэк ва универсал кўринишларда ишлаб чиқарган.
Компания Honda Accord автомобиллари ҳозиргача ишлаб чиқармоқда. Ундан шу пайтгача 17 млн донадан ошиқроқ тайёрланган. Улардан 8 млн донаси АҚШда сотилган.
7. Opel Corsa
Opel Corsa автомобили илк бор 1982 йилда ишлаб чиқарилган. Бу автомобил Opel компаниясининг энг кўп сотилган русумларидан бири ҳисобланади. У Европада энг кўп сотилган автомобиллар ўнталигига кирган.
Шу билан бирга Opel Corsa турли давлатларда бошқа номлар билан ҳам ишлаб чиқарилган. Жумладан, Британияда Vauxhall Corsa, Австралияда Holden Barina, Лотин Америкасида Chevrolet Corsa, Японияда Opel Vita номлари билан сотилган.
Opel Corsa автомобили бир неча марта янгиланган ва у ҳанузгача ишлаб чиқарилмоқда. Компания шу пайтгача ундан 18 млн донадан ошиқроқ тайёрлаб сотган.
6. Honda Civic
Honda Civic автомобили илк бор 1972 йилда ишлаб чиқарилган. 1970-йилларда мотоцикл ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири бўлган Honda Motor айнан Honda Civic автомобили туфайли дунё автомобилсозлари орасида ўз ўрнига эга бўлади.
Мазкур автомобил ҳанузгача ишлаб чиқариляпти ва у шу пайтгача 11 марта янгиланган. Компания ўз тарихида Honda Civic автомобилларидан 19 млн дона атрофида тайёрлаб сотган.
5. Ford Escort
Ушбу автомобил Ford Motor Company’нинг энг мувафақиятли лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Бу автомобил Америкадан кўра Европада машҳурроқ. Шу сабабли компания уни асосан Европадаги корхоналарида ишлаб чиқарган.
Ford Escort 1968-2004 йиллар давомида ишлаб чиқарилган ва у Европада энг кўп сотилган автомобиллар ўнлигига ҳам кирган. Компания бу автомобилдан 20 млн дона атрофида тайёрлаб сотган.
Ford Escort автомобиллари Британиядаги иккита, Ирландия, Белгия, Германия, Тайван, Янги Зеландия, Австралиядаги корхоналарда ишлаб чиқарилган.
4. Volkswagen Beetle
Бу автомобил ҳам қарийб 80 йиллик тарихга эга. У илк бор 1946 йилда ишлаб чиқарилган ва ўшанда унинг номи Volkswagen Käfer бўлган. Käfer сўзи Қўнғиз маъносини англатади.
Кейинчалик, ушбу автомобил жаҳон бозорига чиқарилгач унинг номи Volkswagen Beetle (инглизчада Қўнғиз) деб ўзгартирилади. Volkswagen Beetle 2003 йилгача ишлаб чиқарилган.
Volkswagen Beetle тез-тез янгилаб турилган. Компания ҳозиргача Volkswagen Beetle автомобилларидан 23 млн дона атрофида ишлаб чиқарган.
1997 йилда унинг янгиланган русуми Volkswagen New Beetle номи билан сотувга чиқарилади ва бу автомобил 2010 йилгача ишлаб чиқарилади.
2011 йилда компания русумни яна янгилайди ва автомобил номини қайтадан Volkswagen Beetle деб номлайди. 2021 йилда Volkswagen концерни Beetle дизайнини Хитойнинг Great Wall компаниясига сотиб юборади.
3. Volkswagen Golf
Volkswagen Golf илк бор 1974 йилда ишлаб чиқарилган. Унинг номи Аталантика океанидаги Голфстрим (немисча Golfstrom) оқими номидан олинган.
Volkswagen Golf Европада энг кўп сотилган автомобил ҳисобланади. Бу автомобил ҳанузгача ишлаб чиқарилади ва ҳозирда унинг 8-авлоди тайёрланмоқда.
1-авлод Volkswagen Golf автомобилининг дизайнери италиялик бўлган. Шу сабабли у бир пайтлар Fiat компаниясида тайёрланган автомобилларга ўхшаб кетади.
Немислар Volkswagen Golf автомобилларини бошида хетчбэк ва кабриолет кўринишида ишлаб чиқарган. Кейинчалик у седан ва универсал кўринишида ҳам тайёрланган.
Компания Volkswagen Golf автомобилларидан 30 млн дона атрофида ишлаб чиқарган.
2. Ford F
Ford F автомобили илк бор 1948 йилда сотувга чиқарилган ва у ҳанузгача ишлаб чиқарилмоқда. Компания бу русумни шу пайтгача жуда кўп бор янгилаган. Ҳозирда 14-авлод автомобиллари тайёрланмоқда.
Ford F русуми Ford Motor Company’нинг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Бу автомобил асосан икки эшикли (тўрт ўриндиқли) ва тўрт эшикли (беш ўриндиқли) қилиб ишлаб чиқарилган.
АҚШ ва Канадада Ford F русуми жуда оммабоп автомобил ҳисобланади. Компания 1995-йиллардан бошлаб ҳар йили Шимолий Америкада ушбу русумдаги автомобиллардан қарийб 1 млн донадан сотиб келади.
Ишлаб чиқариш бошлангандан буён умумий ҳисобда дунё бўйлаб бу автомобилдан 40 млн дона атрофида тайёрлаб сотилган.
1. Toyota Corolla
Toyota Corolla автомобили 1966 йилда ишлаб чиқарилган. Бу автомобил дунёда энг кўп сотилган русум сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
Toyota бу русумни ҳозиргача ўн мартадан ошиқроқ янгилаган ва ҳозирда унинг 12-авлоди ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, Toyota Corolla асосида яна кўплаб бошқа русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилган.
Ўтган йиллар давомида Toyota Corolla беш хил – седан, уч ва беш эшикли хетчбэк, лифтбэк ҳамда универсал кўринишларида тайёрланиб, сотувга чиқарилган. Компания ўз тарихида 45 млн атрофида Toyota Corolla автомобилларини тайёрлаб сотган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:20 / 23.09.2024
АҚШ Хитой ва Россия технологияси мавжуд «ақлли» автомобилларни тақиқлашни таклиф қилмоқда
14:35 / 27.06.2024
Қозоғистонда Chevrolet автомобилларининг сотуви қарийб 3 баробарга қисқарди
17:42 / 24.05.2024
UzAuto Motors’нинг Қозоғистон бозоридаги сотуви кескин қисқарди
20:03 / 06.03.2024