Ўзбекистон | 21:49 / 14.10.2024
15175
2 дақиқада ўқилади

«Афросиёб» поезди бирор йил даромад кўриб ишламаган — «Ўзбекистон темирйўллари» раиси

Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликда юрадиган поездларнинг чиптаси нархи худди самолётларники каби ўзгариб турадиган бўлади.

Фото: LiveJournal

Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» 2023 йилда 238 миллиард сўм зарар кўрган. Бу ҳақда «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ бошқарув раиси Зуфар Нарзуллаев Сенатнинг эллик саккизинчи ялпи мажлисда маълум қилди.

Зуфар Нарзуллаевнинг сўзларига кўра, «Афросиёб» бирор йил фойда билан ишламаган. «Европада, умуман, жаҳон миқёсида тезюрар поездларнинг чипта нархи самолёт нархидан қиммат юради... Оддий поездларнинг чипта нархи маълум бир белгиланган тариф асосида ушлаб турилади», — дейди у.

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ бошқарув раисининг айтишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликда юрадиган поездларнинг чипта нархи худди самолётларники каби ўзгариб туради. «Бунда поезд чиптаси нархи талабга қараб, худди самолёт чиптаси нархлари каби ўзгариб турадиган бўлади. Қолган оддий поездларнинг чипта нархлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тартибга солинади», — дейди «Ўзбекистон темирйўллари» раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 20 январдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тезюрар поездларининг чипталар нархи 20 фоизга ошган эди.

15 майдан бошлаб эса «Афросиёб» электропоезди чипталари нархи эконом класс учун 20 фоизга, бизнес класс учун 30 фоизга, ВИП класс учун 40 фоизга оширилганди.

Мавзуга оид