Иқтисодиёт | 14:31 / 08.08.2024
4136
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг расмий захиралари рекорд миқдор – 37,4 млрд долларга етди

Шундан 29,2 млрд долларлик қисми олтин, 7,7 млрд долларлик қисми хорижий валютадаги активлардан иборат. Июл ойи давомида захираларнинг умумий ҳажми 1 млрд долларга кўпайган. Хусусан, захира олтинлар қиймати 1,8 млрд долларга ошган бўлса, валютадаги активлар 782 млн долларга камайган.

Фото: Akio Kon / Bloomberg

1 август ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий захиралари 37,4 млрд долларга етди. Бу бир ой олдингидан 1,06 млрд долларга кўп.

Захираларнинг ушбу қиймати маълумотларни очиқлаш бошланган 2018 йилдан кейинги давр учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Шундай бўлса-да, 37,4 млрд доллар бу 12 ойлик импортни қоплаш учун етади, аввал бу кўрсаткич 20 ой бўлган.

Халқаро резервлар қийматининг ошиши асосан олтин захираси ва нархининг ошишда давом этаётгани билан боғлиқ. Захиралар таркибида олтиннинг физик ҳажми ўтган ой давомида 310 минг унция (9,64 тонна)га ошиб, 12,05 млн унция (374,8 тонна)га, қиймати эса 29,15 млрд долларга етган (+1,84 млрд доллар).

Марказий банк изоҳига кўра, июл ойида олтин нархининг 2327,6 доллардан 2419,6 долларгача кўтарилишининг таъсири +1,11 млрд долларни ташкил этган.

Хорижий валютадаги активлар июлда 781,5 млн долларга камайиб, 7,69 млрд долларга тушган. Валютадаги активлар йил бошидан буён 1,68 млрлд долларга камайган бўлиб, бунга 2019 йилда чиқарилган 500 млн долларлик суверен еврооблигацияларнинг сўндирилиши ҳам таъсир кўрсатган.

Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати 35,3 млн долларни ташкил этган.

Мавзуга оид