Жамият | 16:53 / 29.12.2021
19401
8 дақиқада ўқилади

«Шаҳар бедарвозами?» — Нега Фарғонада аҳолининг асабига ўйнаб, мактаб яқинида метан заправка қурилмоқда?

Фарғона туманидаги Чек шура маҳалласидагилар ҳудуддаги 26-мактаб ёнида, аҳоли яшаш пунктига яқин жойда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси — «метан заправка» қурилаётгани, уни қураётган тадбиркор эса аҳоли эътирозини инобатга олмаётганини маълум қилди.

Kun.uz мухбири ҳудудда бўлиб вазиятни ўрганди, маҳалла вакиллари ва мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозига қулоқ тутди.

Мавлуда Эргашева, ўқитувчи
Фото: Kun.uz

«Мактабимизда 1100 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқувчилар ҳаёти учун мактаб ҳудуди билан битта деворда метан заправкаси қурилиши хавфли. Чунки қурилаётган шохобчанинг шундай орқа томонида болалар баскетбол ўйнайди.

Меъёрига кўра, бундай хавфли объект билан ижтимоий объект орасидаги масофа камида 500 метр бўлиши керак. Устига устак, аҳоли бу ерда зич жойлашган. Бу ерда заправка очилса, қаторлашиб машиналар навбатда турса, буларнинг ҳаммаси ўқувчилар учун ҳам, аҳоли учун ҳам ноқулайлик туғдиради», — дейди ўқитувчи Мавлуда Эргашева.

Фото: Kun.uz
Ширинхон Абдуллаева. Маҳалла фуқароси
Фото: Kun.uz

«Шу маҳаллада 50 йилдан бери яшайман. Фарзандларим шу мактабда ўқиб неварали бўлди. Энди эса бу масканда чевараларим ўқияпти. Метан заправка қурилишига биз қаршимиз. Мактаб ёнида, аҳоли уйлари орасида заправка бўлиши мумкин эмас.

Фото: Kun.uz

Қурилаётган заправка ўрнида аввал ҳаммом бўларди. Ҳаммом йўқолиб кетгач, бу жой қўлма-қўл бўлди. Майли, бу ерга бошқа иншоот қурилсин, биз қарши эмасмиз. Лекин айнан метан заправка қурилишига қаршимиз», — дейди маҳалла фаоли.

Абдуваҳоб Қамбаров
Фото: Kun.uz

«Маҳалла ўртасига, қолаверса, мактабнинг шундоқ ён томонида заправка қурилишини биз маҳалла фуқаролари тушунмай қолдик. Тадбиркор қандай қилиб бу ерга заправка қуриш учун рухсат олди? Қурмасин эмас, қурсин! Аҳоли яшаш жойидан ташқарида қурсин. Бўш жойлар қанча?» — дейди шу маҳаллада яшовчи Абдуваҳоб Қамбаров.

Яна бир маҳалла фаолининг айтишича, машина гавжум бўлиб ўтадиган йўлнинг эни ўзи бор-йўғи 6–7 метр. Боз устига, мактаб олдида светофор ҳам йўқ.

Собирхон Султонов
Фото: Kun.uz

«Бошқа метан заправкаларда машиналар портлаб кетганини ижтимоий тармоқларда кўп кўрганмиз. Заправка умуман бошқа ҳудудга қурилса мақсадга мувофиқ бўлади. Қурилаётган жой мактабга ҳам, хонадонларга ҳам яқин жойлашган.

Фото: Kun.uz
Мактаб билан қурилаётган заправка ўртасидаги девор
Фото: Kun.uz
Мактаб билан қурилаётган заправка ўртасидаги девор
Фото: Kun.uz

Қурилиш ишлари бошланганига 20 кун бўлди. Қурилиш бўлаётган жойга кириб, бу ерда қандай қурилиш қиляпсизлар деб сўрасак, «Чиқ бу ердан, метан заправка қурилаётгани йўқ», дейишяпти. Лекин метан заправкаси қурилаётгани аниқ-ку?! Ҳокимиятгача бориб келдик. Қурувчининг қўлида жойни сотиб олгани ҳақида ҳужжатдан ташқари заправка қурилиши учун рухсат берувчи бошқа бир ҳужжат йўқ», — дейди Собирхон Султонов.

Муҳсинжон Сотволдиев бу ҳудуд аввал нима бўлгани, қандай қилиб қўлдан қўлга ўтгани ҳақида сўзлаб берди.

Муҳсинжон Сотволдиев
Фото: Kun.uz

«Заправка қурилаётган жой илгари колхоз ери бўлган. Колхоз йўқолиб ширкат хўжалиги бўлди. 2007 йилда ширкат хўжалиги тугатилди. Шундан кейин боғлар, колхоз мулклари ва барча асосий воситалар баҳоланиб ким ошди савдога қўйилган. Бу ерда аввал ҳаммом ва клуб бўлган. Ўша пайтда бу бинонинг баҳоси баланд бўлгани учун сотилмаганди.

Фото: Kun.uz

Кейин эса бу жой, адашмасам, бир одамга сотилди. Ундан кейин қўлма-қўл бўлиб кетди. Қурилиш қилаётган шахслар қайси ҳужжатга асосан, ким орқали бу ерни сотиб олди? «Заправка» қуриш учун қўлларида ҳужжат борми?» — дейди Муҳсинжон Сотволдиев.

Муҳаммаджон Абдусамадов
Фото: Kun.uz

«Тадбиркордан илтимос қилар эдик. Мактаб олдига метан заправка қуришмасин. Биз қураётганларга мурожаат қилиб шуни маълум қиламизки, мактабда кичкинтойлар, жажжи ўқувчилар ўқишади. Заправкани мактаб ва аҳоли яшаш ҳудудидан чеккароқда қуришсин. Биз шундагина тадбиркорни қўллаб-қувватлаган бўлар эдик», — дейди Муҳаммаджон Абдусаматов.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Фарғона тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Ўткир Тешажонов билан телефон орқали мулоқот қилдик. Масъул ҳам қурилиш ишлари ноқонуний равишда амалга оширилганини таъкидлади.

«Ўша ҳудудда метан заправкаси қурилаётганидан куни кеча хабардор бўлдим. Ҳудудга борсам, ҳақиқатан ҳам қурилиш бўлаётган экан. Қурилиш қилаётган катталарни ҳудуддан топиб бўлмади. Шундан сўнг «заправка» қураётган тадбиркорнинг телефон рақамини топиб суҳбатлашдим. Ундан қурилиш қилиш учун ҳужжати бор йўқлигини сўраганимда ҳужжати жойидалигини айтди. Ҳужжатларни тақдим қилишини сўраганимда, аввал бошлиқдан сўраб, кейин бериши мумкинлигини айтди.

Қоидага кўра, СЭС ва ФВБ бирор ҳудудда АГТКС қурилиши учун ижобий хулоса берсагина шундан кейин қурилиш бошлаш мумкин. Ундан кейин вилоят ҳокимидан рухсат сўраш мумкин бўлади. Вилоят ҳокими рухсат бергач, Энергомарказга рўйхатга қўйилади.

Ваҳоланки, на СЭС ва на ФВБ ҳудудда заправка қуриш учун рухсат берган», — дейди туман ҳокими ўринбосари.

СЭС ва ФВБ раҳбари тақдим икки хулоса хати
Фото: Kun.uz
СЭС ва ФВБ раҳбари тақдим икки хулоса хати
Фото: Kun.uz
СЭС ва ФВБ раҳбари тақдим икки хулоса хати
Фото: Kun.uz

Фарғона тумани СЭО ва ЖС бўлими бошлиғи Р.Ҳожиқурбоновнинг мазкур масала юзасидан туман ҳокимига билдирган хатига кўра, «Metan Omad Savdo» МЧЖ томонидан автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаси «Санитария қоидалари, маъёрлари ва гигиеник нормативлари» талаблари асосида ўрганилганда санитария ҳимоя зонаси белгиланган меъёрга мос эмаслиги аниқлангани, шохобча компрессори қурилиш меъёридаги 50 метр ўрнига аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи клиника дорихонаси билан 48 метр, мактабга кириш йўлаги билан 38 метр, мактаб спорт майдони билан 10 метр, қурилиши тугалланмаган тўйхона билан 25 метр масофада қурилаётгани маълум қилинган.

Фото: Kun.uz

Шунингдек, СЭО ва ЖС бўлими томонидан туман бош архитектори А.Аҳмаджоновга ҳам меъёрий талабга амал қилинмай қурилаётган АГТКС ҳақидаги ҳудди шундай хулоса юборилган.

Суриштирув натижасида аён бўлдики, АГТКС беписандлик билан, фақат тадбиркорнинг шахсий манфаати йўлида қурилмоқда. Мактаб ва аҳоли яшаш ҳудудига яқин жойда амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳеч қайси норматив ҳужжатга тўғри келмайди.

Тадбиркор АГТКС бунёд этиш учун қаршисида турган хавфсизлик қонун қоидаларига қўл силтаб қўйган. Аҳолининг сўзларига кўра, қурилиш ишлари олиб бораётганлар ҳатто АГТКС бунёд этилаётганини маҳалла аҳлидан яширишга уринган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Албатта, норматив ҳужжатларда белгиланган талабларни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар АГТКС қуриб битказилиб ишга тушса, энг камида ишлаётган компрессорлар овози мактабда дарс ўтилишига халақит қилади. Мактабга яқин ҳудудда бирор кор-ҳол рўй бермаслигига ҳам ҳеч ким кафолат бермайди.

Чек шура маҳалласи ҳудудидаги мактаб ёнида метан заправка қурилиш-қурилмаслиги борасида Фарғона вилоятидаги назорат қилувчи масъул ташкилотлардан тайинли жавоб кутиб қоламиз.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид