Молбозорда ҳаёт тонг саҳарлаб бошланади. Бир томонда молини қимматга сотишга уринган деҳқон, иккинчи томонда арзонроқ олишни истаган харидор. Улар орасида эса бозорнинг “қаҳрамонлари” – даллол ва олибсотар туради. Молбозорда савдо тортишувсиз бўлмайди. Kun.uz мухбири водийдаги молбозорлардан бирида бўлиб одамларга микрофон тутди.
Фарғона туманининг Аввал қишлоғи. Қишлоқда ҳафтанинг шанба куни бозор бўлади. Бозор тўла қўй ва қорамол. Кимдир мол олгани келган, кимдир сотгани, яна бошқалар эса шунчаки томошага. Даллол-у, олибсотарларнинг қўли қўлига тегмайди...

Ёш олибсотарлардан бири Самандар Нурматов бозорда бошидан ўтган қизиқ воқеаларни сўзлаб берди:
“Бугун Аввалда, эртага Марғилонда, бошқа куни Риштонда бўлади молбозор. Асосан ғунажинлар сотиб оламан. 300-400 минг фойдасига сотиб рўзғор тебратаман. Бозорда ҳаёт жўшқин. Бу ерда ҳар қандай тоифадаги одамларни учратасиз. Қизиқ воқеалар ҳам бўлиб туради.
Яқинда ғунажин сотиб олдим шу бозорда. Ҳолироқ жой топиб арқонини боғлашимни биламан иккита туғиб берса бўладими. Бир новвос, бир ғунажин дунёга келди. Ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Аллоҳ ғойибидан берди-да. Сотиб олган ғунажиним икки соат ичида икки боласи бор харидоргир сигирга айланди қолди. 14 миллион сўмга олган молимни 16 миллион сўмга пулладик. Сотиб олган одам ҳам хурсанд бўлди. Сотган одамнинг ўзи ҳам ғунажиннинг қорнида иккита боласи борлигини билмаган-да.

Мол бозор кунлик юмуш бўлиб қолган-да. Ҳобби биз учун. Ҳар куни турли туманлардаги бозорларни кезамиз. Айланасиз, ҳар хил одамлар билан гаплашасиз. Энди мол бозори ҳаётимизнинг бир қисмига айланган. Отам, укам, уч киши чиқамиз. Даллолсиз, олибсотарсиз бозор бозор эмас”, – дейди Самандар Нурматов.

Савдолашишни билсангиз арзон оласиз
“Жияним билан новвосларни томоша қилиб, айланиб юрибмиз. Бозорлар яхши, нисбатан арзон. Нархлар савдолашишингизга боғлиқ. Савдолашишни билсангиз арзон сотиб оласиз. Йўлида қиласиз, сотасиз, йўлида қиласиз, оласиз. Мол нархи ўйнаб туради. Бозор шунақа нарса-да. Кўп бўлганда жуда арзон бўлади, оз бўлса жуда қиммат бўлади. Фермам бор. Унчалик каттамас-у, 20, 25 бош мол боқамиз. Новвосларни сотдик, энди кичикроғидан яна сотиб оляпмиз.
















