Жаҳон | 22:20 / 10.12.2019
31077
6 дақиқада ўқилади

Импичмент: демократлар Трампга қарши биратўла иккита айблов қўйишмоқда

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг юридик қўмитаси президент Дональд Трампга қарши эҳтимолий импичмент бўйича текширув ишлари доирасида айблов илгари сурди.

Фото: AP

Айблов қўмита раҳбари Жеррольд Надлер томонидан ўқиб эшиттирилди. Президент хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш ва конгресс фаолиятига тўсқинлик қилишда айбланмоқда.

Трамп ўзининг сиёсий манфаатлари йўлида Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиш ва ушбу давлат президентига босим ўтказишда айбланмоқда.

Трампнинг ўзи ҳеч қандай номуносиб иш қилмаганини айтмоқда ва импичмент жараёнини жиннилик деб атамоқда.

Агар Вакиллар палатасининг юридик қўмитаси президентга қарши қаратилган бу даъволарни тасдиқласа, палатада овоз бериш жараёни ўтказилади. Қуйи палатадаги конгрессменларнинг аксари Демократик партия аъзоси ҳисобланади.

Агар Вакиллар палатаси айбловларни маъқулласа, президент иши Сенатда муҳокама қилиниши керак бўлади. Лекин сенаторларнинг кўпчилик қисми - Республикачилар партияси вакилларидир.

Вакиллар палатаси аппарати ходимлари айблов моддалари рўйхати ошиши мумкинлигини истисно этмаган: Оқ уй раҳбарининг мухолифлари ҳали эътирозлар рўйхатига президент АҚШдаги сайловларга аралашиш масаласида хорижий мамлакат билан келишишга урингани бўйича айбловни, шунингдек, махсус прокурор Роберт Мюллернинг якуний ҳисоботида қайд этилган адлия ишларига қаршилик қилиш бўйича айбловни қўшишни ҳал қилмаган.

АҚШ президенти импичменти жараёни доирасида душанба куни конгресснинг юридик қўмитасида навбатдаги тинглов бўлиб ўтди ва бу 9 соат давом этди. Йиғилиш вақтида демократлар республикачиларнинг ўз гувоҳларини чақириш бўйича талабини рад этишди.

Бунинг ўрнига Дональд Трампнинг мухолифлари Вакиллар палатасининг демократлар томонидан назорат қилинадиган разведка бўйича қўмитаси юристининг кўрсатмаларини тинглашди.

Ноябрь ойи охирида бу қўмита АҚШ президентининг «жиноятлари ва ҳуқуқбузарликлари» акс этган 300 саҳифали ҳисоботни эълон қилган, президентнинг сиёсий мухолифлари бу ҳисоботни уни ҳокимиятдан четлатиш учун етарли асос деб ҳисоблашади.

Жеррольд Надлер президент ўз манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўйишини таъкидлайди

Очиқ эшитув вақтида конгресснинг юридик қўмитаси раҳбари Жеррольд Надлер ўз позициясини яшириб ўтирмади.

«Президент Трамп ўз шахсий манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўйган», деди у президент Украина раҳбари Владимир Зеленский билан телефон мулоқоти вақтида унга тўғридан-тўғри ўзининг 2020 йилги президентлик сайловларидаги асосий рақиби бўлиши кутилаётган, АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байденга қарши иш очиш эвазига 391 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни тиклаш бўйича таклиф берганини эслаб.

«Президент Трамп доимий равишда хорижий давлатлар раҳбарларини ўзига сайловда ғалаба қозонишга ёрдам беришга мажбурлаб келмоқда, бу эса бизнинг эркин ва адолатли сайловларимизга ҳамда миллий хавфсизлигимизга очиқдан-очиқ таҳдиддир», - деди конгресснинг разведка бўйича қўмитаси юристи Дэн Голдман.

Қайд этиш керакки, импичмент эълон қилиниши президентнинг автоматик равишда ҳокимиятдан четлатилишини англатмайди. АҚШда импичмент конгресс ташаббуси билан давлат раҳбарига қарши айблов бўлиб, у амалга ошиши учун Сенат аъзоларининг учдан икки қисми бунга қўшилиши керак бўлади.

Нэнси Пелоси ва тарафдорлари Трамп Сенатда оқланишидан ташвишда эмас

Ҳозирда конгресснинг юқори палатасини республикачилар назорат қилади ва президент импичментининг ашаддий тарафдорлари ҳам бу амалга ошиши даргумон эканини билишади.

Сўнгги ойларда демократлар бир неча марта давлат раҳбари ҳокимиятдан четлатилишига эришиш зарурат эмаслиги, фақат барчаси мамлакат конституцияси бўйича кечиши муҳимлигини қайд этишди.

Душанба куни кечқурун Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Сенатда Трампни оқлашса, бундан ранжимаслигини айтиб ўтди.

«Бундай вазиятда биз овозларни санамоқчи эмасмиз, одамлар шунчаки ўз позициясини билдирмоқчи», - деди у The Wall Street Journal нашри томонидан ташкиллаштирилган конференциядаги чиқишида.

Трамп эса твиттердаги серияли хабарларида яна бир марта демократларни «давлат тўнтаришига уриниш»да айблади ва ўзига қаратилган айбловларни «асоссиз» деб атади.

У ўзига нисбатан барча айбловларни рад этади. Унинг сўзларига кўра, у Киевдан коррупцияга қарши курашишни талаб қилган.

Конгресснинг юридик қўмитасидаги нуфузли республикачилардан бири Дага Коллинз демократлар президентга айблов қўйиш орқали 2020 йилги сайловлар арафасида «ўзларига қарши ишлаётган вақтдан ютиш»га ҳаракат қилишаётгани ҳақида гапирди.

«Улар Трамп Қўшма штатлар президенти эканига тоқат қила олишмайди, уни енга оладиган номзодни эса топа олишмаяпти», - деди конгрессмен журналистларга Вакиллар палатасидаги эшитув якунлангач.

Трампнинг Лавров билан учрашуви

Вашингтондагилар демократларнинг айблов эълон қилишини сешанба куни Вашингтонда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув бўлишига боғлиқ деб ҳисоблашмоқда.

Оқ уй 10 декабрь куни россиялик вазир Дональд Трамп билан учрашиши, унда «икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатлари» муҳокама қилинишини тасдиқлади.

Россия ТИВ раҳбари ва АҚШ президентининг сўнгги учрашуви 2017 йил майида ўтказилган ва бу учрашув шов-шувли можаро билан якунланганди.

Америка нашрлари ўшанда музокараларга Оқ уй вакили таклиф этилмагани, россиялик вазир билан суҳбат вақтида Дональд Трамп Исроил разведкасидан олинган мутлақо махфий маълумотлар билан бўлишгани ҳақида ёзишганди.

Азиз Қаршиев тайёрлади

Мавзуга оид