Жамият | 21:30 / 25.12.2018
10767
4 дақиқада ўқилади

Тўрткўлдаги шифохонада ҳар куни ток ўчади. Беморларга қўлда сунъий нафас берилади

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги шифохонада электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолмоқда. Сунъий нафас олиш қурилмасига уланган беморларга қариндошлари қурилмани қўли билан сиқиб, кислород беришга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси жонлантириш бўлими бош врачи Эркабой Жумабоев Turon24 мухбирига сўзлаб берди.

«Электр ҳар куни 3-4 марталаб ўчади. Кечқурун соат 23:00ларда чироқ ўчди ва эрталаб 7:00да ёнди. Электр узилганда сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолади. Фақат беморнинг қон босимини ва юрак уриш пульсини кўрсатувчи ускуналар ишлаб туради. Сунъий нафас олиш қурилмасига уланган беморларга ҳамшираларимиз қўл ёрдамида босим билан кислород беришади. Бу жараён тунги навбатчиликда жуда қийин кечади. Чунки касал кўп, навбатчиликка қолган ҳамширанинг қўли 5-6 соат давомида толиб кетади. Шу сабабли беморларнинг яқинлари ёрдам беради. Шифохонамизда «движок» бор, лекин унинг қуввати фақат жарроҳлик хонасига етади. Аслида электр узилиш олдидан туман электр таъминоти бўлими шифохонамизга огоҳлантириш бериши керак. Аммо огоҳлантиришларсиз узиб қўйган вақтлари ҳам бўлди. Бу каби ҳолатда жарроҳлик хонасида ноқулай вазият вужудга келади», дейди Эркабой Жумабоев.

«Отам 14 кун давомида комада бўлди. Сунъий нафас олиш қурилмасига уланган эди. Электр узилган пайтлар ускуна ишламай қолар экан. Биз ўзимиз қўлимиз билан аппаратни ишлатиб, кислород юбориб турдик. Бу шифохонада шароит жуда оғир. Бунинг устига, шифокорлари ҳам ўта масъулиятсиз», дея Рашид Ниёзимбетовнинг сўзларини келтирган агентлик.

«Тўрткўл тумани электр таъминоти бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, истеъмолчилар учта тоифага бўлинади. Шифохоналар биринчи тоифага киради. Яъни, уларнинг марказий постстанциямиздан тортилган ўз электр тармоқлари бўлиши керак. Бу тармоқ ишдан чиққан ҳолатда, қўшимча резерв тармоқдан фойдаланиши мумкин. Қўшимча тармоқ ҳам узилган тақдирда мустақил истеъмоли бўлиши шарт. Яъни, «движок» ва шунга ўхшаган қўшимча қурилмалари бўлиш керак. Туманимиздаги марказий шифохонанинг электр тармоғи йўқ. Шу сабабли биринчи тоифада эмас, учинчи тоифадаги истеъмолчилар таркибида. Шифохона «Янги йўл» ҳаво тармоғида икки мингга яқин учинчи тоифадаги истеъмолчилар билан электр токидан фойдаланмоқда. Юқори электр қувватидан фойдаланмайдиган хизмат кўрсатиш марказлари ва ҳудудий аҳоли учинчи тоифадаги истеъмолчиларимиз ҳисобланади. Қиш кунлари бу линияда турли фавқулодда вазиятлар кузатилиб туради. Ноябрь ойида ёнғингарчилик ва турли таъмирлаш ишлари сабаб узилишлар кўп бўлди. Агар шифохона ўз линиясига эга бўлса, бу каби муаммолар вужудга келмайди», деган Тўрткўл тумани электр таъминоти бошқармаси бошлиғи Фахриддин Оллониязов.

Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Пўлат Худойбергенов электр генератор билан таъминлаш учун туман ҳокимлигига ёзма мурожаат қилинганини айтди. Агар генератор берилмаса, оғир вазиятлар бўлиши мумкин.

Тўрткўл тумани ҳокими ўринбосари Хайрулла Матназаров шифохонадаги электр узилишлардан хабари борлигини, яқинда шифохона учун алоҳида генератор олинишини маълум қилган, лекин айнан қачон олинишини айтмаган.

Маълумот учун, Тўрткўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Тўрткўл шаҳри марказий шифохонаси 410 ўринга мўлжалланган. Жонлантириш бўлими эса 6 ўриндан иборат, унда ўртача 8-10 бемор даволанади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид