Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дронлар ҳужуми оқибатида Россияда бензин тақчиллиги кучаймоқда
Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари қувватининг қарийб 40 фоизи ишдан чиққан. Айрим ҳудудларда бир кишига 30 литрдан ортиқ бензин сотилмаяпти. 20 дан ортиқ регионда тақчиллик юзага келган.
Фото: Виктор Коротаев, Коммерсант
Август ойи бошидан бери Россия ҳудудидаги йигирмадан ортиқ йирик нефт заводларига зарба берган Украина дронларининг ҳужумлари Россия ёқилғи бозорини мисли кўрилмаган инқироз ҳолатига олиб келди.
28 сентябр ҳолатига кўра, бутун мамлакат бўйлаб нефтни қайта ишлаш заводларида нефтни бирламчи қайта ишлаш қувватларининг 38 фоизи (ёки кунига 338 минг тонна) ишламаяпти, деб ёзади РБК «Сиала» таҳлил агентлиги маълумотларига таяниб.
Август ойида бензин ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш учун мавжуд қувватларнинг умумий ҳажми 6 фоизга, сентябр ойида эса яна 18 фоизга камайди.
«Сиала» ҳисоб-китобларига кўра, тўхташларнинг тахминан 70 фоизи Украина дронлари ҳужумлари билан боғлиқ: сентябр ойи охирига келиб бундай ҳужумлар туфайли кунига 236 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилишини таъминловчи қувватлар ишламаяпти. Бу тарихий рекорд кўрсаткич бўлиб, августдаги кўрсаткич (кунига 206 минг тонна) янгиланди. Нефтни қайта ишлаш заводларида ҳозирги инқирозгача рекорд даражадаги тўхтаб қолиш 2022 йил майида кузатилганди (196 минг тонна).
Сентябр ойининг ўзида дронлар ҳужумлари туфайли нефтни қайта ишлаш заводларидан тўрттаси фаолиятини тўхтатган: улар орасида Россиядаги энг йирик иккинчи завод ҳисобланган Ленинград областидаги «Кинеф» заводи ҳамда Рязан яқинидаги «Роснефт» корхонаси (кучли бешликка киради) бор. Улардан биринчиси 14 сентябрда, иккинчиси – 5 сентябрда ишлашдан тўхтаган. Шунингдек, 20 сентябрдан Новокуйбишев нефтни қайта ишлаш заводи, 22 сентябрдан эса – «Газпром»нинг Астрахандаги газни қайта ишлаш заводи ишламай қолди.
Натижада сентябр ойида бензин ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион тоннага камайди, унинг ички бозордаги тақчиллиги эса истеъмолнинг 20 фоизига етди.
РБК қайд этишича, инқироз фонида Беларус узоқ вақтдан буён биринчи марта Петербург биржасида бензин ва дизел ёқилғиси савдосини тиклади ҳамда дарҳол нархни кескин оширди. Сентябр ойида Россиядаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари Беларус бензинини сотиб олишни ойлик ҳисобда 168 фоизга оширганди.
«Коммерсант» бозордаги иштирокчилардан бирига таяниб ёзишича, сентябрда РФда бензин тақчиллиги ойлик 400 минг тоннадан икки миллион тоннагача етди. Петербург биржасида бензин нархлари сўнгги ҳафталарда бутун тарихдаги энг юқори кўрсаткичларни сақлаб қолмоқда.
Бу фонда баъзи ҳудудларда ёқилғи қуйиш шохобчаларида узилишлар бошланди, энг оғир вазият – Узоқ Шарқ ва Россия жанубида кузатилмоқда. Аннексия қилинган Қримда ҳукумат ёқилғи сотишни чеклади – бир қўлга 30 литрдан кўп эмас, шунингдек, трейдерлар билан 30 кун давомида ёқилғининг қатъий нархи бўйича келишиб олинган.
Умуман олганда, Сахалиндан Нижний Новгород областигача бўлган 20 дан ортиқ регион ёқилғи тақчиллигига дуч келган.
Россия ҳукумати бензин ва дизел экспортига чекловларни йил охиригача узайтирди. Шу билан бирга, 1 октябр куни бош вазир ўринбосари Александр Новак мамлакатда бензин билан боғлиқ вазият «мутлақо назорат остидалиги»ни айтди. «Алоҳида ҳудудлар бўйича таъминот билан боғлиқ айрим муаммолар кузатилмоқда ва Энергетика вазирлиги ҳудудлар билан биргаликда ушбу масалаларни қўл режимида ҳал қилмоқда ҳамда тегишли нефт маҳсулотлари мавжудлиги ва етказиб берилишини таъминламоқда», – деди у.
Россия нефт компаниялари инқирозни юмшатиш учун кўп нарса қила олмайди, дейди иқтисодчи Владислав Иноземцев: зарар кўрган заводларни таъмирлаш ойлаб давом этиши мумкин, айниқса санкциялар ҳисобга олинса. Санкциялар туфайли 2010-йилларда Россия нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш учун ишлатилган Ғарб ускуналарини етказиб бериш тақиқланган ва уларни Хитойдаги аналоглари билан осонгина алмаштириб бўлмайди, деб тушунтиради Иноземцев.
Бензин бозоридаги «ёнғинни ўчириш» учун ҳукумат уни мамлакатдан олиб чиқишни тақиқлади, шунингдек, хориждан харид қилишни бошлашга тайёрланди – бунинг учун ЕОИИ даражасида бензин, дизел ёқилғиси ва авиакеросин учун импорт божлари бекор қилинди. Катта эҳтимол билан, нефтни қайта ишлаш заводлари кўпроқ ёқилғи ишлаб чиқариши учун ҳукумат экологик стандартларни пасайтиришига тўғри келади, деб ҳисоблайди «Коммерсант» манбаси.
Freedom Finance Global таҳлилчиси Владимир Черновнинг огоҳлантиришича, бензин инқирози Россия иқтисодиётига инфляция тезлашишини ваъда қилмоқда. Йил бошидан буён ёқилғининг улгуржи нархлари 40 фоиздан кўпроққа ошди, чакана нархлар ўсиши эса йиллик ҳисобда 11-12 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда ва сўнгги 7 йилдаги рекордларни янгилаяпти. «Ёқилғи нархи ошиши муқаррар равишда қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика харажатларини оширади, бу эса озиқ-овқат ва энг зарур товарлар нархининг ошишига айланади», – дея тушунтиради Чернов.
Мавзуга оид
13:25 / 21.12.2025
Украина Россиянинг Каспий денгизидаги кемасига зарба берди
13:14 / 04.12.2025
АЁҚШда нефт маҳсулотлари сифати устидан назорат кучайтирилди
17:20 / 22.11.2025
Президент Тошкент ҳавосини яхшилаш чораларини тасдиқлади
16:39 / 02.11.2025