Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Туапсе порти ва Россиянинг турли ҳудудларидаги электр подстанцияларига ҳужум қилди
Фото: Exilenova+
Украина дронлари 2 ноябрга ўтар кечаси Краснодар ўлкасидаги Туапсе денгиз портига ҳужум қилди, деб хабар берди регион оператив штаби. Маълум қилинишича, дронлардан бирининг парчалари нефт танкери устига қулаган, кемада ёнғин чиққан, экипаж эвакуация қилинган. Палубанинг устқурмаси шикастланган. Бундан ташқари, нефт қуйиш терминали иншоотлари ва инфратузилмаси шикастланган. Туапсе округи раҳбари Сергей Бойко шикастланишларни «арзимас» деб таърифлади.
Туапсе портида камида учта жойда ёнғин содир бўлди, деб хабар берди Astra телеграм-канали гувоҳларнинг суратлари ва видеоларига таяниб. Нашр маълумотларига кўра, иккита ёнғин «РН-Морской терминал Туапсе» МЧЖнинг чуқур сувли причал комплексида, учинчиси – Южний мол ҳудудидаги нефт қуйиш причалида содир бўлган.
Бундан ташқари, Туапседаги темирйўл вокзали ойналари синган, шаҳардан 20 километр узоқликдаги Сосновая посёлкасида эса Украина дрони парчалари кўп қаватли тураржой биносига қулаган, деб хабар берди Краснодар ўлкаси оператив штаби. Ҳужум натижасида жабрланганлар йўқ.
Россия мудофаа вазирлиги хабар беришича, 2 ноябрга ўтар кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг 164 та дронини тутиб олган ёки уриб туширган, уларнинг қарийб учдан бир қисми Кубан ёки унинг яқинида: 39 та қурилма Қора денгиз устида, 32 таси бевосита Краснодар ўлкаси устида йўқ қилинган.
«Украинская правда» нашрининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси таъкидлашича, дронлар Туапседаги танкер ва порт инфратузилмасига зарба берган. Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, бешта дрон урилиши натижасида танкер ёниб кетган ва камида тўртта нефт қуйиш стендери ишдан чиққан. Порт биноларига ҳам зарар етган, дея таъкидлади нашр суҳбатдоши.
Туапсе портида Россия нефтининг энг йирик экспортчиларидан бири бўлган «Роснефт» компаниясининг нефт терминали ва нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган.
Шунингдек, 2 ноябрга ўтар кечаси Украина ҳарбийлари Россия ҳудудларидаги бешта электр подстанциясига дронлар билан ҳужум қилди, деди Украина қуролли кучларининг учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди (лақаби «Мадяр»). Украинанинг Exelinova+ телеграм-канали маълумотларига кўра, энергетика объектлари Курск, Липецк, Орёл областларида, шунингдек, Луҳанск областининг аннексия қилинган қисмидаги Алчевск шаҳрида зарба остида қолган. Бундан ташқари, аннексия қилинган Қримда ҳарбий инфратузилма объектига ҳужум қилингани айтилмоқда.
Украина Бош штаби ҳозирча бу ҳужумлар юзасидан изоҳ бермади.
Мавзуга оид
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025