Ўзбекистон | 13:14 / 04.12.2025
1675
1 дақиқада ўқилади

АЁҚШда нефт маҳсулотлари сифати устидан назорат кучайтирилди

Аҳолини сифатли ва экологик тоза ёнилғи билан таъминлаш мақсадида автойўл ёқасидаги ёнилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ)да Аи-80 маркали автобензинни сотиш тўхтатилганига риоя этилиши ва нефт маҳсулотларининг сифати бўйича кенг қамровли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 26 ноябридан 2 декабригача ўтказилган текширувлар доирасида 90 та АЁҚШдан 191 та намуна олинди.

Таҳлил натижаларига кўра, 23 та ҳолатда жами 306 430 литр нефт маҳсулотлари давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслиги, яъни сифатсизлиги аниқланди.

Маълумот ўрнида, жорий йил бошидан буён нефт маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида 632 та объект ўрганилган, шулардан 210 та объектда 8 576 466 литр сифатсиз нефт маҳсулотлари аниқланиб, уларнинг сотувга чиқарилиши олди олинган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича маҳсулот сифати тикланиши юзасидан кўрсатмалар берилиб, уларнинг бажарилиши қатъий назоратга олинган.

Техник регламент талабларига жавоб бермайдиган ва меъёридан ортиқ заҳарли моддалар чиқишига сабаб бўладиган ёнилғи-мойлаш материалларини реализация қилиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик мавжуд.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид