Жаҳон | 08:38
7023
3 дақиқада ўқилади

FT: Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди

АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг ёрдамчилари Европа расмийларини унинг режалари ҳақида хабардор қилди, деб ёзади FT. Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятида ва НАТОнинг мудофаа харажатларини оширишга интилади.

Фото: DW

Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришгач, Украинага ёрдам беришда давом этишни режалаштирмоқда, деб ёзади Financial Times (FT) газетаси 20 декабр, жума куни Республикачилар жамоасига таяниб. Шу билан бирга, Трамп, FT манбаларига кўра, НАТО аъзоларидан мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишни талаб қилмоқчи. Музокаралардан хабардор одамлар журналистларга маълум қилишича, АҚШ сайланган президентининг ташқи сиёсатдаги энг яқин ёрдамчилари шу ойдаги маслаҳатлашувлар чоғида Европанинг юқори мартабали амалдорларига унинг позицияси ҳақида маълумот беришган.

Айни пайтда НАТОга аъзо 32 давлатдан атиги 23 таси ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини ҳарбий эҳтиёжларга сарфлайди, дея эслатади FT. Ушбу харажатларни 5 фоизга ошириш уларни икки баробардан кўпроққа кўтаради. Трампнинг режалари билан таниш бўлган европалик амалдорлардан бири нашр билан суҳбатда гап кўпроқ ЯИМнинг «уч ёки ундан кўп фоизи» ҳақида кетаётганини таъкидлади. Унинг аниқлик киритишича, Қўшма Штатлар бу мавзуни 2025 йил июн ойида Ҳаагада бўлиб ўтадиган Шимолий Атлантика алянси саммитида муҳокама қилмоқчи.

Оқ уйга кўра, АҚШ мудофаа харажатлари 2024 йилда ЯИМнинг 3,1 фоизини ташкил қилади. Трампнинг биринчи президентлик муддатининг сўнгги йилида (2020 йилда) Пентагон харажатлари 3,4 фоизга етди, деб ёзади FT.

Шолц ва Трамп телефон орқали Украинадаги урушни муҳокама қилди

Россиянинг Украинага қарши уруши жуда узоқ давом этмоқда. Германия канцлери Олаф Шолц ва АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 19 декабри куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида шундай фикрга келишди, деб хабар бермоқда Германия ҳукумати матбуот хизмати.

Германия канцлерининг расмий вакили Штеффен Хебештрайт таъкидлаганидек, «Европадаги хавфсизлик муаммолари суҳбат марказида бўлган». «Улар Россиянинг Украинага қарши уруши жуда узоқ давом этаётгани ва имкон қадар тезроқ ҳалол, адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш йўлидан бориш муҳимлиги ҳақида келишиб олдилар», — деди Хебештрайт. 

Мавзуга оид