Авто | 08:00 / 11.02.2026
20767
3 дақиқада ўқилади

Иккинчи қўл машина: қайси бренд камроқ бузилади?

Автомобил маркаларининг ишончлилиги сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин. Бу фарқлар — айниқса янги ва ишлатилган моделлар ўртасида — машинадан фойдаланиш муддати давомида таъмирлаш ва қўшимча тузатишларга катта харажат чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Фото: Freepik

Бундан ташқари, ишончлилик вақт ўтиши билан ўзгаради. Масалан, электромобил брендларининг айримлари сўнгги йилларда сезиларли тараққиёт кўрсатмоқда: аккумулятор ва куч узатиш технологиялари ривожланиб, илк моделлардаги муаммолар бартараф этилгани сари янги моделлар ишончлироқ бўляпти. 

Янги инфографикада Consumer Reports нашри маълумотлари асосида 2026 йилда янги ва ишлатилган автомобиллар орасида энг ишончли брендлар кўрсатилган.

2026 йилги рейтинг учун эгалари учраган реал муаммоларни ҳисобга олган ҳолда 380 000 та истеъмолчи ҳисоботлари таҳлил қилинган.

Ҳар бир брендга 1 дан 100 гача шкала бўйича баҳo берилган. Бу баҳо 20 та асосий носозлик тоифаси бўйича шакллантирилиб, натижада прогноз қилинадиган ишончлилик кўрсаткичи (predictive reliability score) чиқарилган. Ишлатилган автомобиллар сегментида эса ҳозирги эгалари қўлидаги 5–10 йиллик машиналарда муаммолар қанчалик тез-тез учраши ҳисобга олинган.

Фото: Visual Capitalist

2026 йилда Lexus ишлатилган автомобиллар орасида энг ишончли бренд деб топилди — у эски моделларда янги моделларга нисбатан юқорироқ натижа кўрсатган.

Toyota’га тегишли премиум бренд бўлган Lexus янги автомобиллар бўйича ҳам энг ишончлилар орасида учликка киргани унинг сифат барқарорлигини кўрсатади. Toyota'нинг ўзи ҳам ундан орқада қолмай, ҳар икки тоифада юқори ўринларни эгаллаган.

Учинчи ўринни анча орқада қолган ҳолда Mazda эгаллаган: бу брендда ишончлилик кўрсаткичи эски автомобилларда янги автомобилларга қараганда яхшироқ. Бу ҳолатни ишлаб чиқариш жараёнларидаги ўзгаришлар билан боғлашади.

Бунга тескари равишда, ишлатилган автомобиллар орасида энг ишончсиз брендлар сифатида Tesla, Jeep ва Ram қайд этилган.

Гарчи Tesla’нинг янги автомобиллари умумий рейтингда 9-ўринни олган бўлса-да, эски моделларда ишончлилик бир қатор тўпланиб қолган муаммолар сабаб сезиларли даражада пасаяди. Бироқ янги Model 3 ва Model Y учун вазият умидбахшроқ кўринади: уларнинг ишончлилиги ўртачадан юқори, носозликлар эса анча камайган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид