Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
8 йилга қамалиб, апелляцияда озодликка чиққан Акмал Шукуров иши бугун тафтишда кўрилади
9 кун аввал апелляция суди Акмал Шукуровга тайинланган 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб, уни суд залидан қамоқдан озод этиб юборганди. Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбли деб топилган, бир одамни уриб, комага тушириб қўйган, қилмишидан кейин қочиб кетиб, Қозоғистондан ушлаб келинган Шукуровга суднинг бундай “бағрикенглик” қилиши “қаловини топса қор ёнар” нақли бежиз айтилмаганини кўрсатди.
Безорилиги учун 8 йилга қамалган ва апелляция суди – 9 декабр куни озодликка чиқариб юборилган Акмал Шукуров иши бугун тафтиш инстанциясида кўрилади. Бу ҳақда белгиланган суд ишлари жадвалида келтирилган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукмига кўра, Акмал Шукуровга жуда кўп миқдорда фирибгарлик учун 8 йил, безорилик учун 3 йил ҳамда безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказганлик учун 5 йил – тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судининг 9 декабрдаги ажримига кўра, Акмал Шукуровга жуда кўп миқдорда фирибгарлик учун етказилган зарар қоплангани сабабли иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, безорилик учун 3 йил муддатга озодликни чеклаш ҳамда безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказгани учун Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган.
Шу тариқа, Акмал Шукуровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унинг 2025 йил 21 март кунидан 2025 йил 9 декабргача қамоқда бўлган 263 куни жазодан чегирилиб, ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган. У дарҳол суд залидан қамоқдан озод қилинган.
Акмал Шукуров 2025 йил 16 март куни “The Tower” меҳмонхонаси ёнида унинг безорилик ҳаракатларига чек қўймоқчи бўлган Б.нинг юзига мушт тушириб, унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказганди. Бунинг оқибатида 35 ёшли Б. бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Яқинлари унда тезкор равишда 5 соатлик мия трепанацияси операцияси ўтказилганини, сўнгра сунъий комага туширилганини айтган.
Воқеа жойидан қочиб яширинган Акмал Шукуров кўп ўтмай Қозоғистонда қўлга олинганди.
Акмал Шукуровга оид жиноят ишини тафтиш инстанциясида кўриш Тошкент шаҳар судига янги раҳбар тайинланган кунга тўғри келмоқда. Судялар олий кенгаши расмий ахборотига кўра, Исмоилов Олимжон Хамитович судялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, шундан беш йил муддатга Тошкент шаҳар суди раиси лавозимига тайинланган. У бунгача Олий суд раиси ўринбосари бўлган.
Мавзуга оид
12:58
Акмал Шукуров ишини апелляцияда кўрган судяларга нисбатан хизмат текшируви тайинланди
18:18 / 18.12.2025
Танқиддан сўнг: тафтиш инстанцияси ажрими билан Акмал Шукуров қамоққа қайтарилди
19:46 / 17.12.2025
Қаловини топса, қор ҳам ёнади: безорилиги учун 8 йилга қамалган Акмал Шукуровни апелляция суди озодликка чиқариб юборди
17:50 / 24.10.2025