Нефт-газ соҳасида кадрлар алмашинуви: Сангинов ва Сиддиқовдан фарқли равишда, Султоновга зарбоф тўн кийдирилмади. Шов-шувли жиноятга шов-шувли ҳукм: зўравонни қўллаган судялар устидан текширув бошланди. Тиббиётда электрон рецепт талаби: янги тизимга секин-аста ўтилади. Энг билимли ёшлар тақдирланди: улар орасида 1 млрд сўм олганлар ҳам бор.

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим хабарлари – Kun.uz дайжестида

Нефт-газ соҳаси: истеъфо ва тайинловлар

Ўзбекистонда йиллардан бери давом этаётган газ инқирози расман тан олинди ва соҳа раҳбарлари алмаштирилди. Хусусан, ўзбек энергетикасининг узоқ йиллик раҳбари Алишер Султонов лавозимини тарк этди. Бунинг ортидан республикадаги энг йирик газ қазиб чиқарувчи компания бўлмиш “Ўзбекнефтгаз”га ҳам янги раис тайинланди.

Президент матбуот хизматининг сешанба кунги хабарига кўра, Алишер Султонов давлат раҳбарининг энергетик хавфсизлик масалалари бўйича вакили лавозимидан озод этилган. Хабарда бунинг сабабига аниқлик киритилмаган. Тахмин қилиш мумкинки, Султонов – июн ойида Президент администрацияси раҳбариятида бўлган ўзгаришлардан кейин, курсиси қимирлаб қолган амалдорлардан бири эди: у июл ойида президент маслаҳатчиси лавозимидан президент вакили мансабига туширилганди.

Ўзбекистон энергетикаси асосан табиий газ устига қурилган. Алишер Султонов – айнан нефт-газ соҳасининг энг катта раҳбарларидан бири эди. У охирги 10 йилда “Ўзбекнефтгаз” раиси, бош вазир ўринбосари, энергетика вазири ва президент маслаҳатчиси каби лавозимларда ишлаб, энергетика сиёсатини белгилашда муҳим ўринни эгаллаб келаётганди