Ўзбекистон | 21:17 / 12.10.2019
10278
3 дақиқада ўқилади

«Дарахт кесилиши ҳолатларининг ярмидан кўпи қурилиш ишлари билан боғлиқ» — Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси

11-12 октябр кунлари бўлиб ўтган Сенатнинг 23-ялпи мажлисида дарахт ва буталарни кесишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатлари сенаторлар томонидан муҳокама қилинди. Муҳокама доирасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мазкур масала юзасидан ахбороти тингланди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоровнинг баёнотига кўра, 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида республика бўйича 143,560 туп дарахтни кесиш бўйича 4909та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлардан 28 фоизи (1892таси), яъни 40,992 туп дарахтни кесишга рад жавоби берилган. 39,000 туп дарахтни қуриганлиги боис, 63,561 туп дарахтни эса қурилиш масалалари туфайли кесишга расмий рухсат берилган.

“Расмий рухсат билан кесилаётган дарахтларнинг ярмидан ортиғи қурилиш ва коммуникация масалалари туфайли кесилмоқда”, — дея таъкидлайди Қўчқоров.

Баҳром Қўчқоров зарарланган деган баҳона билан соғлом дарахтларни ҳам кесишга рухсат бериляпти, деган гапларга муносабат билдирди.

“Ҳар бир дарахтнинг ҳолати жойига бориб ўрганилади, ходим уни расмга туширади, зарарланганлик даражасини аниқлайди. Агар шубҳаси бўлса, қўшимча тарзда мутахассис билан маслаҳатлашади. Рухсат асосида кесилган ҳар бир дарахт бўйича маълумотлар “дело”да жамланади. Кейингина рухсат берилади”, — дейди қўмита раиси.

Баҳром Қўчқоровнинг маълумот беришича, кесилган дарахтлар ўрнини тўлдириш мақсадида баҳор-куз мавсумларида янги кўчатлар экиш тадбирлари ўтказилади. Хусусан, жорий йил куз мавсумида 14 млн туп, кейинги йил баҳор ойларида эса 200 млн туп кўчат ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси дарахтларнинг зарарланишига нималар сабаб бўлаётганини очиқлади.

“Ўрмон фондига кирмайдиган ҳудудлардаги дарахтларни парваришлаш шаҳар/туман ободонлаштириш бошқармалари вазифасига киради. Аммо бу тузилмаларда дарахт парвариши бўйича етарли малакага эга бўлган мутахассислар мавжуд эмас. Шу билан бирга, моддий-техник база ҳам яхши аҳволда эмас. Натижада дарахтларни буталаш, кесишда тартибсизликларга йўл қўйилмоқда. Бу кетишда бор дарахтларимиздан ҳам айрилиб қолишимиз ҳеч гап эмас”, — дея таъкидлайди Баҳром Қўчқоров.

Мавзуга оид