Дарахтга душман, тошга дўст пойтахтда яна бир ошкора қотиллик рўй берди. Навбатдаги ва аниқ биламизки, охиргиси бўлмаган бу машъум воқеа — айнан дарахтларга етказилган зарар туфайли яқиндагина ҳокими ва прокурори алмаштирилган Чилонзор туманида содир бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни пойтахтнинг Чилонзор кўчасини кенгайтириш-таъмирлаш ишлари давомида йўл бўйидаги кўп йиллик дарахтларнинг илдизлари кесиб ташлангани шов шув бўлган эди. Воқеа ортидан Чилонзор туман ҳокими ва прокурори ишдан олинган, пича ўтиб туманга янги ҳоким ва прокурор тайинланган эди.
Кеча тунда рўй берган дарахткушлик натижасида 58 та дарахт бу ёруғ олам билан видолашган. Воқеа Чилонзор тумани 3-даҳа, Чилонзор савдо маркази деб номланадиган ҳудудда, туман прокуратураси биносининг рўпарасида, катта йўл ёқасида содир бўлган.
Ўшанда аниқлашимизча, қимматбаҳо дарахтлар экилган ушбу ҳудуддан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2020 йил 3 сентябрдаги қарорига кўра, Dream House Stroy компаниясига 20 сотих ажратилган. Ўшанда, меҳмонхона ва бизнес маркази қуришни мўлжаллаган объектлар эгалари 20 сотих эмас, 40 сотих ерни ўраб олишган.
Энг ачинарлиси, ушбу ҳудудда дарахтлар ҳибсга олиниб, қамал қилингани ҳақида январ ойида репортаж ҳам тайёрлаган эдик.
Бугунги кунда 58 та дарахтнинг қотилига айланган фирибгар ўшанда бизга бу дарахтларга тегмайман, деб ваъда берганди. Шу ўтган даврда бирорта ҳам ташкилот шу тўсиқларни олдириб ташлолмади.
Бу Ошкора қотиллик қиссасининг худди ўзи. Қотил аниқ, қурбонлар аниқ. Қотиллик қачон рўй бериши номаълум эди, холос.
Энди бўғизлаш содир бўлганинидан сўнг экоқўмита «қарорни бекор қилдирмоқчимиз, тўсиқни олдирамиз, 58 дарахт ўрнига 60 тача дарахт экдик», деб ўтиришибди. 8 ой қаерда эдиларинг? Нега кесилгунча индамадиларинг?
Дарахтлари кесилган жойга шошилинч равишда тувакларда кўкартирилган павловния даорахтлари ўтқазиб ҳам қўйишибди. Гўёки ҳеч нарса бўлмагандек. Гўёки зарар ўрни қоплангандек.
Август ойидаги Чилонзор воқеасидан сўнг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Унда 31 декабргача қаровсиз қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш таъкидланган эди.















