Жаҳон | 07:28 / 18.01.2026
28147
5 дақиқада ўқилади

Қодиров ЙТҲ ҳақидаги хабар ортидан ўғли Адам акс этган видеони эълон қилди

Аммо бу кадрлар бир неча кун олдин ўтказилган йиғилишга оид экани маълум бўлди.

Фото: Telegram / Kadyrov_95

Чеченистон мухолифати Niyso телеграм-канали ва «Кавказ.Реалии» нашри 16 январ куни кечқурун манбаларга таяниб, Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Грознийдаги ЙТҲ оқибатида жароҳатлангани ҳақида хабар берди.

«Кавказ.Реалии» манбасига кўра, Чеченистон раҳбарининг 18 ёшли ўғли бошқарган машина жуда катта тезликда бошқарувни йўқотиб, тўсиққа бориб урилган. «Осторожно, новости» манбаси ёзишича, Қодировнинг машинаси кортеж бошида бўлган, унга ҳамроҳлик қилган бошқа автомобиллар ҳам катта тезликда ҳаракатланган, биринчи машина тўсиққа урилганидан сўнг орқадагилар бир-бирига урилган.

ЙТҲ оқибатида қанча одам жабрлангани ҳозирча аниқ эмас. Дастлаб ижтимоий тармоқларда авария оқибатида UFC чемпиони Ҳамзат Чимаев ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалганди. Кўп ўтмай «Чечня сегодня» нашри Чимаев тириклиги ва айни вақтда Дубайдалиги ҳақида хабар берди.

Йўл-транспорт ҳодисаси жойи ва унга туташ кўчалар ўраб олинган, бу Google Maps ва «Яндекс.Карты» хизматларида ҳам ўз аксини топди, шунингдек, Niyso хабарига кўра, йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар олиб келинган шифохона атрофида ҳам ҳаракат тўсиб қўйилган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «учар ҳоспитал» сифатида фойдаланадиган Ан-148-100ЕМ самолёти ўша куни кечқурун Грознийдан учиб кетган. Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, у тахминан соат 1:10 да Москванинг Внуково аэропортига қўнган, ярим соатдан сўнг у ерга Рамзан Қодировнинг RA-73417 борт рақамига эга Airbus ACJ319 самолёти ҳам учиб келган.

«Кавказ.Реалии» манбаси хабар беришича, Адам Қодиров Грознийдалигидаёқ, транспортировкадан олдин ўзига келган, шифокорлар унинг аҳволидан хавотирда бўлмаган. Нашрнинг яна бир манбасига кўра, йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар бошқа шахслар ҳам Москвага юборилган. «Кавказ.Реалии» суҳбатдоши жабрланганлар сони ва жароҳатлар даражасига аниқлик киритмади. Niyso версиясига кўра, жабрланганлар орасида Адам Қодировнинг уч нафар тансоқчиси ҳам бўлиб, уларнинг жароҳати оғир.

Кичик Қодиров иштирокидаги ЙТҲ бўйича ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган. Чеченистон оммавий ахборот воситалари ҳам воқеа ҳақида ёзишмади, фақатгина «Чечня Сегодня» UFC жангчиси Ҳамзат Чимаев касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларга раддия берди. Грознийдаги йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида на федерал нашрлар ва на бундай янгиликларга ихтисослашган Baza, 112 ва Mash телеграм-каналлари хабар берди.

17 январ куни Москва вақти билан соат 16:00 да Рамзан Қодировнинг телеграм-каналида Адам Қодиров республика кучишлатар тузилмалари командирлари иштирокида ўтказган йиғилиш ҳақида пост пайдо бўлди. Йиғилиш айнан қачон бўлиб ўтганига ойдинлик киритилмаган. Постга кичик Қодиров ҳам кўринган видео қўшилган. 

Унда айтилишича, йиғилиш давомида республикада бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик, сайловларни ўтказиш давомида хавфсизликни таъминлаш, экстремизмга қарши кураш каби масалалар муҳокама қилинган. «Йиғилиш давомида Адам Қодиров ҳуқуқ-тартибот органлари ва муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратди. Сайловлар давомида хвфсизликни таъминлаш устувор вазифалардан ҳисобланади», – деб ёзган Рамзан Қодиров.

Шунингдек, Адам Қодировга Запорижжя АЭСини қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун «Атом станциялари хавфсизлигини оширишдаги хизматлари учун» медали топширилгани маълум қилинган.

«Кавказ.Реалии» ёзишича, видеофайл метамаълумотлари таҳлили ушбу видеоёзув 15 январ куни соат 18:04 да – авариядан бир кун олинганини кўрсатган. Niyso бошқа маҳаллий каналларда ўша йиғилиш кадрлари ўша куниёқ эълон қилинганига эътибор қаратган.

Адам Қодиров ким ўзи?

Адам Қодиров – Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг энг таниқли фарзандларидан бири. Рамзан ва унинг расмий никоҳдаги рафиқаси Меднининг камида 12 фарзданди борлиги маълум. Катта фарзандлар Чеченистонда юқори лавозимларга тайинланган. 

2023 йил сентябрида катта Қодиров ўша вақтда 15 ёшда бўлган Адам тергов изоляторида Никита Журавелни (Қуръони каримни ёқиб юборишда гумонланган) калтаклагани акс этган видеони эълон қилганди. Ўшанда Чеченистон раҳбари ўғли билан фахрланишини айтганди. Шундан кейин Адам Қодировни турли мукофотлар билан тақдирлаша бошлашди, унинг ўзи эса Чеченистонда бир неча юқори лавозимларни эгаллади, жумладан, Чеченистон Республикаси раҳбари хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи бўлди. 2025 йил апрел ойида Адам Қодиров Россия Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бўлими куратори этиб тайинланди, кейин эса Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини эгаллади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид