«Уларнинг ўзи келмагунча бу хабарлар фейк деб ўйлагандим». Курскдаги шифокорлар шимолий кореялик ярадорлар ҳақида
Курсклик шифокорлар The Guardian билан суҳбатда шаҳардаги шифохоналардан бирига ярадор ҳолда олиб келинган КХДР аскарлари ҳақида сўзлаб беришди.
Декабр ойи давомида Курскдаги асосий шифохоналардан бирига шимолий кореялик ярадор ҳарбий хизматчилар гуруҳи ётқизилган. Улар полиция томонидан қўриқланувчи алоҳида қаватда иҳоталанган. У ерга фақат тиббий ходимлар ва таржимонлар кириши мумкин, дейилади The Guardian мухбири Пётр Сауэрнинг Украина билан урушда Россия томонида жанг қилаётган КХДР аскарлари ҳақидаги мақоласида.
Сауэр шифохонанинг шимолий кореяликларни даволашда иштирок этган икки ходимига асосланиб хабар берган. КХДР аскарлари айнан қачон ва қайси шифохонага ётқизилгани ҳақида мақолада аниқлик киритилмаган.
Шифокорлардан бирининг сўзларига кўра, олиб келинган аскарларнинг кўпчилигида осколкадан жароҳатлар қайд этилган. Шимолий кореяликлар олиб келинганида бу ерда бўлган яна бир тиббий ходим хабар беришича, айрим ҳарбийлар «саросимага тушган ва асабий» бўлиб кўринган, улар билан таржимонсиз мулоқот қилиш имконсиз эди.
«Тонгда бизга алоҳида беморларни қабул қилишга тайёр бўлишимиз кераклиги айтилди. У ерда шимолий кореяликлар жанг қилаётгани ҳақида миш-мишлар бизгача етиб келганди, аммо мен бунга ишонмагандим. Уларни олдин ҳеч ким кўрмаганди. Улар ўзи келмагунича, мен бу гапларнинг барчаси фейк деб ўйлагандим», — дейди шифокорлардан бири.
Октябр ойидан буён Украина, Америка ва Жанубий Корея ҳукуматлари КХДР ҳукумати Россияга урушда иштирок этиш учун ўз ҳарбий хизматчиларидан 10–12 минг нафарини юборгани, шимолий кореяликларнинг бўлинмалари аллақачон йўқотишларга учрагани ҳақида хабарлар бериб келмоқда. Жанубий Корея разведкаси декабр ойи ўрталарида КХДРнинг тикланмас йўқотишларини 1100 кишига баҳолаган. Украина президенти Володимир Зеленский Шимолий Кореянинг Курск областидаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида ўлдирилган ёки яраланган аскарлари сони уч мингдан ошганини маълум қилди.
26 декабр куни телеграм-каналларда Курск областида асир олинган шимолий кореялик ҳарбий акс этгани айтилган фотосурат кенг тарқалди. Бу аскар айнан қачон асир олингани маълум эмас. Жанубий Корея разведкаси ҳам КХДР аскари Украина қуролли кучлари томонидан асир олингани ҳақида хабар тарқатган. Кўп ўтмай Сеулдагилар ушбу аскар 27 декабр куни асирликда жароҳатлардан вафот этганини хабар қилди.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Россияда жанг қилаётган шимолий кореялик аскарларнинг кўпчилиги «Штурм корпуси» элита бўлинмасига мансуб, унинг ҳарбий хизматчилари «юқори жанговар руҳ»га эга, аммо уларда «уруш олиб боришнинг замонавий методлари ҳақида тушунчалар йўқ». Сеул версиясига кўра, Шимолий Корея, катта эҳтимол билан, Россияга қўшимча қўшин ва ҳарбий техникалар юборишга тайёрланмоқда.
Россия ва КХДР шимолий кореялик аскарлар Россия-Украина урушига юборилаётгани, КХДР аскари асир олингани, шунингдек, улар орасидаги йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқламаган. «Медуза» қайд этишича, шимолий кореяликлар фронтда экани ва йўқотишларга учраётгани бўйича тўғридан тўғри далиллар ҳамон йўқ, аммо билвосита далиллар етарлича.
Украина ва Жанубий Корея Москва шимолий кореяликлар жангларда қатнашаётгани изларини йўқотишга уринмоқда, деб ёзади The Guardian. Уларга Россия армияси формалари ва Россия фуқаролиги ҳақида сохта ҳужжатлар берилган — улар Ёқутистон, Бурятия ва Тива аҳолиси экани ҳақида.
КХДР аскарлари ҳудудда экани Курск области аҳолисидан ҳам яширилмоқда, дейилган мақолада. Ҳеч бўлмаганда Курск шаҳри аҳолисидан, дея қайд этади The Guardian муаллифи, шимолий кореялик аскарлар регионга олиб келингани амалда сезилмаган. Нашр област аҳолиси вакилларидан ҳудудда КХДР аскарларини кўрган ёки кўрмаганини сўраган. Сауэр Россия қўмондонлиги хорижлик ҳарбий хизматчилар ҳаракатига қатъий чекловлар ўрнатиб, уларни аҳоли яшаш жойларидан олисдаги казармаларга жойлаштирганини тахмин қилади.
The Guardian журналисти билан суҳбатда бўлган айрим курскликлар ҳали ҳам шимолий кореялик ҳарбийлар Курск областини қайтариб олиш учун Россия армиясига ёрдамга юборилганига шубҳа билан қарамоқда. «Мен бу ерда шимолий кореяликлар бор деб ўйламайман; бизнинг армия уларсиз ҳам етарлича кучли», — деган улардан бири.
Мавзуга оид
14:01 / 04.01.2025
Братиславада Украина билан бирдамлик акцияси бўлиб ўтди
19:37 / 03.01.2025
«Трамп ҳал қилиши мумкин». Зеленский 2025 йилдан умидлари ва иккинчи муддати эҳтимоли ҳақида гапирди
14:58 / 03.01.2025
Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Су-27 самолёти уриб туширилганини хабар қилди
12:38 / 03.01.2025