Жаҳон | 10:18
1024
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Европани Киевга ҳаво мудофааси учун ракеталар беришга чақирди

“Омборларда ракеталар бор, биз буни биламиз”, — деди Украина президенти. Унинг айтишича, 12 январ куни учрашув бўлиб ўтади ва унда Киевга қурол топшириш масаласи муҳокама қилинади.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский Европани Киевга ҳаводан ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари учун ракеталар беришга чақирди. Украина раҳбарининг мурожаати якшанба, 11 январ куни унинг Telegram каналида жойлаштирилди.

“Биринчи навбатдаги устувор вазифа — ҲҲМ учун ракеталар”, — дея таъкидлади давлат раҳбари. Унинг сўзларига кўра, 12 январ куни учрашув бўлиб ўтади ва унда мазкур масала муҳокама қилинади. “Ҳамкорларнинг PURL дастурига янги ҳиссалари керак, Европадаги омборлардан етказиб беришлар ҳам керак”, — деди Зеленский.

PURL дастури (Prioritised Ukraine Requirements List — “Украина учун устувор талаблар рўйхати” — таҳр.) 2025 йил ёзидан бери НАТОнинг АҚШ президенти Доналд Трамп билан келишуви асосида амал қилиб келмоқда.

Украина президентининг айтишича, “омборларда ракеталар бор”. “Биз буни биламиз”, — дея урғу берди у ва бу қуроллар “осмонни ҳимоя қилаётганлар қўлида бўлиши керак”лигини қўшимча қилди.

Володимир Зеленский аниқлаштиришича, у Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский билан ҳамкорлардан келаётган таъминот ҳақида гаплашган: “нима — йўлда, нима — зарур, қайси сўровлар ҳалигача бажарилмаган, нимани тезлатиш керак”.

Украина раҳбари, шунингдек, “Украинская правда” нашри қайд этишича, АҚШ томони билан мулоқот натижалари бўйича Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустем Умеровнинг ҳисоботини кўриб чиққанини айтди. “Биз учрашувлар жадвали ва кейинги музокараларни режалаштиряпмиз”, — деб қўшимча қилди Зеленский.

Бундан аввал, 11 январ куни Украина Мудофаа вазирлигига қарашли Бош разведка бошқармаси 2026 йил бошида Россия армияси қўшма ҳаво ҳужумлари вақтида илк бор янги “Герань-5” зарбали дронини қўллаганини билдирди. Идора маълумотига кўра, ушбу дроннинг узунлиги тахминан 6 метр, қанот ёйилиши 5,5 метргача. Унинг жанговар қисми оғирлиги 90 кг атрофида, кўрсатилган зарар етказиш масофаси эса тахминан минг километр экани айтилди.

Украина пойтахтида 10 январ куни ҳокимият фавқулодда электр узилишлари бўлганини маълум қилди. Шунингдек, сув таъминоти, иссиқлик таъминоти ва электр транспорти тизимлари иши тўхтатилгани ҳақида Киев шаҳар давлат маъмурияти ижтимоий тармоқларда хабар берди — у буни “Укрэнерго” давлат компанияси кўрсатмасига таянган ҳолда айтган. Пойтахтнинг айрим туманларида узилишлар эртаси куни ҳам давом этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид