Ўзбекистон | 12:12 / 05.08.2022
6239
2 дақиқада ўқилади

ОТМга ўқишга киритиш бўйича жиноятларда 384 млн сўм ва 457 минг доллар ушланди

Жорий йил ўтган даврида олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш билан боғлиқ 127 та жиноят фош этилиб, 384 млн сўм ва 457 минг доллар фирибгарлик ёки пора сифатида қўлга киритилиши олди олинди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, хорижий давлатлардан ўқишни кўчириб беришни ваъда қилган шахслар 34 та жинояти фош этилиб, ҳуқуқбузарлар томонидан 81,8 млн сўм ва 168,2 минг доллар қўлга киритилишига чек қўйилди.

Коллеж ва техникумларга ўқишга киритиш билан боғлиқ 37 та жиноят фош этилиб, 22 млн сўм ва 27,5 минг доллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда, бу борада Андижонда – 29 та, Фарғонада – 27 та, Тошкент шаҳарда – 26 та, Самарқандда – 21 та, Бухоро ва Тошкент вилоятларида – 17 тадан, Наманган ҳамда Сирдарёда – 16 тадан, Сурхондарёда – 9 та, Жиззах, Қорақалпоғистон ва Хоразмда – 6 тадан, Қашқадарёда – 3 та, Навоий вилоятида – 1 та жиноят аниқланган бўлиб, ҳуқуқбузарлик содир этганлар 17 нафари олий таълим тизимида, 14 нафари  коллеж ва лицейларда ишласа, 169 нафари бошқа соҳа вакиллари ёки фуқароларни ташкил этган.

“Айни пайтда, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари давом этар экан, департамент ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар томонидан ушбу йўналишда коррупция ҳолатлар олдини олиш борасида профилактика ва тезкор-қидирув тадбирлари давом этади”, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид