Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ва парадокс — америкалик тадқиқотчи Ўзбекистондаги жараёнлар ҳақида
The Diplomat журналида АҚШнинг Питтсбург университети қошидаги Давлат бошқаруви ва бозорлар маркази директори Женнифер Муртазашвили ва ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Баҳром Мироқилов ҳаммуаллифлигида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди.
Женнифер Муртазашвили / Фото: Питтсбург университети
Мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқаролик жамиятида кузатилаётган тенденциялар ва бу жараёнлардаги қарама-қаршилик ҳақида сўз боради.
Муаллифларга кўра, сақланиб қолаётган муаммоларга қарамай, айни дамда Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини мамлакатнинг энг яқин тарихидаги энг фаоли дейиш мумкин.
«COVID-19 пандемияси даврида бу секторнинг фаолияти ўта муҳимлиги яққол кўринди, чунки бефарқ бўлмаган фуқаролар нафақат коррупция ҳақида бонг урди, балки ижтимоий ҳимоя тизимидаги бўшлиқларни ҳам тўлдирди.
Бундай динамикага қарамай, пандемия чўзилиб борар экан, асосан интернетда жойлашган ва гуркираб ўсиб бораётган фуқаролик фаоллиги ортиб бораётган босимларга дуч келди. Бу – ҳокимиятдагиларнинг кайфияти тез ўзгараётгани билан боғлиқ; афтидан, улар фикр билдириш ва уюшиш ҳуқуқига тоқат билан муносабатда бўлиш керакми ёки йўқлиги борасида бир тўхтамга кела олишмаяпти», – дейилади мақолада.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда жаҳон миқёсида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам фуқаролик жамиятининг фаоллиги ва жамоат бирлашмаларига бирлашиши онлайн платформаларга кўчиб ўтмоқда – фуқаролар ижтимоий тармоқларда бир неча минглаб иштирокчига эга гуруҳларга аъзо бўла бошламоқдалар.
Хусусан, Facebook'даги «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом» (230 минг иштирокчига эга), «Xalq fikri» – «Мнение народа» (175 минг иштирокчи), «Антикоррупция гуруҳи» – «Anticorruption Group» (52 минг иштирокчи), «Ташкент–СНОС» (23 минг иштирокчи) кабилар шулар жумласидан.
«Ушбу мўрт фуқаролик бирлашмаларининг тақдири ҳокимиятдагиларнинг қанчалик тоқатли бўлишига боғлиқ, чунки бу гуруҳлар «кулранг зона»да жойлашган – улар жамоат бирлашмаси сифатида рўйхатга олинмаган ва бундай бўлиши ҳам шарт эмас», – деб ёзади муаллифлар.
Кузатувчиларга кўра, сўнгги йиллардаги сезиларли иқтисодий ислоҳотларга қарамай, фуқаролик жамиятига оид сиёсатнинг формал қоидалари аввалгидек қолмоқда.
«Шундай бўлса-да, норасмий қоидалардаги ўзгаришлар фаол учинчи сектор пайдо бўлишига имкон берди. Ўзбекистондаги фуқаролик фаоллиги ортиб бориши қонунларда эмас, манфий қоидаларга тоқат қилиш даражаси ортиб боришида кўринмоқда. Цензурани камайтириб, фуқароларга уюшиш ва ўз иродаларини намоён қилиш учун кўпроқ имконият берилиши ортидан Ўзбекистонда фикр билдириш эркинлиги де-факто ортиб бормоқда», – дейилади мақолада.
Қайд этилишича, цензуранинг камайиши боис мамлакатда интернет-фаолларининг янги авлоди пайдо бўлди – маҳаллий аҳоли уларни «блогерлар» деб атайди. Бу блогерларнинг кўпчилигини бутун мамлакат миқёсида кузатиб боришади, улар минглаб обуначиларга эга.
Муаллифлар карантин даврида интернетдаги фаоллар ўзларини ижобий томондан кўрсата олганига, кўплаб хайрия акциялари, ижтимоий ҳаракатлар ташкил этилганига эътибор қаратган. Фуқаролардаги бундай ижтимоий фаоллик айниқса Сардобадаги офат вақтида янада яққолроқ кўзга ташлангани алоҳида таъкидланган.
Шу билан бирга, халқаро журнал мақоласига кўра, Ўзбекистондаги тараққий этиб бораётган фуқаролик жамияти босим остида қолиши мумкинлигини кўрсатувчи аломатлар тобора кўпайиб бормоқда.
«Июль ойида иккинчи карантин эълон қилиниши асносида кўпчилик Facebook'га киришда муаммолар бўлаётганини айта бошлади. Бу эса VPN'лардан фойдаланишни оммалаштирди. Айримлар мазкур эҳтимолий блокни карантин қоидалари қатъийлаштирилиши ва соғлиқни сақлаш тизимидан норозилик ошиб бораётганига йўйди.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар маҳаллий блогер ва журналистларнинг таъқиб қилинишидан хавотир билдирди. Охирги бир йил давомида органлар камида 6 нафар блогерни улар ижтимоий-сиёсий воқеаларга танқидий муносабат билдиргани ортидан ҳибсга олди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги блог остида қолдирилган изоҳлар учун блогерни масъул этиб белгилашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлади», – дея қайд этган муаллифлар.
Мақолада Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг эҳтимолий ўлими ҳақида хабар берган учта ОАВ муҳаррирлари прокуратурага олиб кетилгани, тошкентлик блогер Миразиз Бозоров Facebook орқали ХВЖ ва ОТБга мурожаат қилиб, Ўзбекистонга ажратилган кредитларнинг сарфланишини назорат қилишни сўраши ортидан суҳбатга чақирилгани каби инцидентлар ҳам санаб ўтилган.
«Ўзбекистонда кенгайиб бораётган фуқаролик жамияти майдони – парадокс. Ҳужжатларда жамоат бирлашмаларига оид ўзгаришлар деярли йўқ, шу билан бир вақтда, мураккабликларга қарамай фуқаролик жамиятининг бугунгидай фаоллиги мамлакат тарихида ҳеч кузатилмаган.
Ўзбек жамиятида рўй бераётган динамизм зукколик ва ижодкорликнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланган, бу эса келгусидаги ислоҳотларнинг муваффақияти учун муҳим аҳамиятга эга. Бироқ ўзгаришларнинг бу кучи ҳукумат анъанавий назорат ва цензура одатларини тийиб туришга қанчалик тайёрлигига боғлиқ.
Шу тариқа, Ўзбекистондаги энг катта ўзгаришлар ҳукуматнинг ҳаракатлари билан эмас, балки ҳаракатсизлиги билан ўлчанади», – дея якунланган мақола.
Мавзуга оид
19:59 / 24.04.2026
Наманганда фуқарони қийноққа солган ИИБ ходимлари қамалди
17:20 / 01.04.2026
Абдураҳмон Ташановга қарши маъмурий иш судда тугатилди
09:33 / 30.03.2026
Amnesty АҚШни ЖЧ олдидан “авторитар амалиётлар”да айблади
13:42 / 16.03.2026