2026 йил ёзида АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбон мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ кескин инқироз шароитида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Amnesty International'нинг 30 март, душанба куни эълон қилинган “Инсоният ғалаба қозониши керак: ФИФА-2026 жаҳон чемпионатида ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва репрессияларга қарши кураш” номли ҳисоботида сўз боради.

Мусобақа ўйинларининг асосий қисми бўлиб ўтадиган АҚШда “инсон ҳуқуқлари соҳасида фавқулодда вазият” кузатилмоқда ва у “таниш авторитар амалиётлар” билан кечмоқда, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари. Amnesty International асосий муаммолар сифатида қуйидагиларни санаб ўтади: “Қуролланган агентлар эшикларни бузиб кирмоқда, болаларни ушлаб кетмоқда ва аллақачон юз минглаб кишиларни депортация қилди. Айрим футбол мухлислари омма олдида кўриниш хавфли бўлиб қолганини айтмоқда, тўрт давлат — Кот-д’Ивуар, Ҳаити, Эрон ва Сенегал фуқароларига эса мамлакатга кириш тақиқланган”.

Amnesty International фикрича, АҚШда жаҳон чемпионати вақтидаги энг жиддий хавф “қаттиққўл, камситувчи ва кўп ҳолларда ўлимга олиб келувчи миграция назорати” тизимидан келиб чиқади. Ҳисобот муаллифлари шундай ёзади: “Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ҳамда АҚШ Чегара-божхона хизмати ҳарбийлаштирилган тузилмаларга айланди: ниқобли, қуролланган агентлар ордерсиз уйларга бостириб кирмоқда, одамларни асоссиз ушламоқда, ҳибсда сақламоқда, зўравонлик қилмоқда ва ўлдирмоқда”.

Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошидан буён ICE сақлаш марказларида 43 киши вафот этган, агентлар эса “ўлимга олиб келувчи куч ишлатган, жумладан ноқонуний ўлдириш ҳолатлари ҳам бўлган”. Бундан ташқари, расмий статистикага кўра, ўтган йили 500 мингдан ортиқ киши депортация қилинган, ICE томонидан кўчаларда амалга оширилган ҳибслар сони ўн бир баробарга, ҳибсда сақланаётган болалар сони эса олти баробарга ошган. Amnesty International Майами яқинидаги сақлаш марказларидаги шароитларни шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни таҳқирловчи муомалага, айрим ҳолларда эса қийноққа тенглаштирган.

Ҳисоботда шундай дейилади: “Футбол мигрант жамоалар орасида оммабоп бўлишига қарамай, на ФИФА, на АҚШ ҳукумати этник профиллаш, ўзбошимчалик билан ушлаш ва депортациядан ҳимоя бўйича кафолат берди. Бундан ташқари, ICE вакиллари агентлик жаҳон чемпионати хавфсизлик тизимининг бир қисмига айланишини айтган”.

Мексикада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар аллақачон “чуқур илдиз отган”, дея қайд этади ҳуқуқ ҳимоячилари. Улар “кенг тарқалган зўравонлик, жазосизлик ва тизимли таҳдидлар”га ишора қилади. Amnesty International расмий маълумотларга таяниб ёзишича, Мексикада қотилликлар даражаси дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, ҳар 100 минг аҳолига 17,5 ҳолат тўғри келади, ўғирлаб кетиш ҳолатлари сони эса сўнгги 10 йил ичида 200 фоизга ошган.