Жаҳон | 15:21 / 07.04.2026
2334
7 дақиқада ўқилади

Таҳдидларни давом эттираётган Трамп, ердан энг кўп узоқлашган астронавтлар ва келишувни рад этган Эрон – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трампнинг таҳдидлари давом этмоқда

Яқин Шарқдаги уруш давом этмоқда: сешанба куни Эрон ва Исроил ўзаро зарбалар алмашди; Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини қайта очишни ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўт очишни тўхтатиш келишувини қатъиян рад этди.

Режадан хабардор манбага кўра, Эрон Покистон воситачилигидаги АҚШ таклифини рад этган. Ушбу таклиф зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, бўғознинг амалдаги блокадасини бекор қилиш ва шундан сўнг 15-20 кун ичида кенг кўламли тинчлик битими бўйича музокаралар ўтказишни кўзда тутганди.

IRNA расмий ахборот агентлиги хабар беришича, Эроннинг жавоби 10 та банддан иборат бўлиб, улар минтақадаги можароларга барҳам бериш, Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш протоколи, санкцияларни бекор қилиш ва қайта тиклаш ишларини ўз ичига олади.

Душанба куни Трамп: «Бутун мамлакат бир кечада йўқ қилиниши мумкин ва ўша тун эртага бўлиши эҳтимолдан холи эмас», деди. У агар Теҳрон белгиланган муддатгача рози бўлмаса, Эрон инфратузилмаларини йўқ қилишга ваъда берди.

Трампнинг айтишича, келишувга эришилмаса — чоршанба куни ярим тунгача «Эрондаги ҳар бир кўприк яксон қилинади» ва «Эрондаги ҳар бир электр станцияси ишдан чиқади, ёнади, портлайди ва бошқа ҳеч қачон фойдаланилмайди».

Дипломатик айтишувлардан ташқари, реал жанглар ҳам тўхтамаяпти. Сешанба куни эрта тонгда Исроил ҳарбийлари Теҳрон ва бошқа ҳудудлардаги Эрон ҳукумати инфратузилмасини нишонга олди.

Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги ўзининг шарқий минтақасига йўналтирилган баллистик ракеталарни тутиб қолганини, парчалари энергетика объектлари яқинига тушганини билдирди.

Расмийларнинг маълум қилишича, уруш бошлаганидан бери Саудия Арабистони Эроннинг юзлаб ракета ва дронлари ҳужумига учради, уларнинг аксарияти тутиб қолинган.

Сешанба куни нефт нархи бир баррел учун 110 долларга кўтарилди. Чунки Трамп белгилаган муддат яқинлашмоқда ва Ҳўрмуз бўғозининг очилиш истиқболлари деярли кўринмаяпти. Бу Теҳрон учун кучли музокара воситаси бўлиб чиқди ва улар буни қўлдан бой бермоқчи эмас.

Ой миссияси давом этмоқда

Artemis II миссиясининг тўрт нафар астронавти душанба куни коинотнинг ҳар қачонгидан кўра чуқурроқ нуқтасига кириб борди. Улар ойнинг қоронғи, орқа томони узра камдан кам бўладиган парвозни амалга ошириб, космик бомбардимон остида қолган ой юзасини кузатди.

Ой ўз ўқи атрофида — Ер атрофида айланиши билан бир хил тезликда айлангани сабабли, унинг орқа томони доимо сайёрамизга тескари қараган бўлади. Шу боис ойнинг бу юзасини ҳозирча фақат Artemis ҳамда Apollo астронавтлари бевосита кўра олган.

NASA коинот марказида йигирмадан ортиқ олимлар Artemis экипажи гувоҳ бўлган ой ҳодисаларини реал вақт режимида қайд этиб боришди. Бу вақтда уларнинг «Orion» кемаси ой юзасига 6,5 минг км яқинлашиб, унинг атрофида сузиб юрганди.

Душанба кунги парвоз пайтида кема ой орқасига ўтганида, экипаж 40 дақиқа давомида зулматда ва алоқа узилган ҳолатда қолди. Чунки ой NASAʼнинг «Чуқур коинот тармоғи» — экипаж билан гаплашиш учун фойдаланадиган улкан радиоалоқа антенналари ўртасини тўсиб қўйганди.

Шунингдек, астронавтлар бир неча соат ўтгач, Ердан қарийб 407 минг км масофага узоқлашиб, инсоният тарихида коинотга энг чуқур кириб борган инсонлар сифатида тарихга кирди.

Ғазода тўқнашувлар давом этмоқда

6 апрел куни Исроил ҳаво ҳужуми натижасида кўчирилган фаластинликлар бошпана топган мактаб биноси яқинида камида 10 киши ҳалок бўлди ва бир неча кишини яраланди. Бу воқеа АҚШ тузган Ғазодаги сулҳга соя солган навбатдаги зўравонлик бўлди.

Reutersʼнинг ёзишича, зарбалардан аввал, фаластинликлар Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳ аъзолари билан тўқнашган. Ушбу гуруҳ баъзи одамларни ўғирлаб кетиш мақсадида мактабга ҳужум қилган.

Тўқнашувлар пайтида Исроил дронлари ҳудудга иккита ракета учирди, натижада камида 10 киши ҳалок бўлди.

Гувоҳ Аҳмад ал-Мағозийнинг айтишича, ҳудудга Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳ аъзолари ҳужум қилиб, ўт очган. «Аҳоли ўз уйларини ҳимоя қилишга уринди, бироқ босқинчи кучлар уларни бевосита нишонга олди», деди у Reuters агентлигига.

Кейинроқ Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳлардан бирининг раҳбари Ҳамаснинг беш нафар аъзоси ўлдирилганини айтди. Ҳамас бу борада изоҳ бермади.

Аввалроқ Ғазо шаҳрида Исроилнинг ҳаво ҳужумлари яна икки кишининг ҳаётига зомин бўлгани айтилган эди.

2007 йилдан бери Ғазони расман бошқариб келаётган Ҳамас гуруҳи ва Исроил октябр ойида бошланган сулҳнинг бузилиши бўйича бир-бирларини айблаб келмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ўт очишни тўхтатиш бошланганидан бери Исроил ўқи камида 700 кишини ўлдирган. Исроил эса худди шу давр мобайнида Ғазода тўрт нафар аскари ўлдирилганини айтмоқда.

Россия–Украина уруши ҳам давом этмоқда

Душанба куни эрталаб Украинанинг жанубий порт шаҳри Одессага Россиянинг дрон ҳужумлари оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди ва яна 15 киши яраланди. «Турар жой бинолари, ўта муҳим инфратузилма ва маъмурий бинолар зарбага учради. Қутқарув ишлари давом этмоқда; вайроналар остида ҳали ҳам одамлар бўлиши мумкин», деди вилоят губернатори.

Украина ҳаво мудофаа кучларига кўра, Россиянинг сўнгги ҳаво ҳужумида 141 та дрон иштирок этган, улардан 114 таси уриб туширилган. Украина президенти Володимир Зеленский душанба куни мамлакат ҳамкорлари «дронлар ва ракеталарни тутиб олиш кўрсаткичи ўсиши учун ҳаво мудофаасини биргаликда кучайтириш кераклигини» айтди.

Украина эса Россиянинг нефт экспорт объектларига зарба беришда давом этмоқда. Бундан кўзланган мақсад — Эрондаги уруш туфайли Россия нефтидан кўрилаётган фойдани камайтириш.

Хусусан, дам олиш кунларида Россиянинг Приморск, Нижний Новгород ва Новороссийск портидаги нефт объектларига Украина дронлари зарба берди. Украина қуролли кучлари Новороссийскда Россия ҳарбий кемасига ҳам зарба берганини даъво қилди. Россиялик ҳарбий блогерлар нефт экспорти ва энергетика инфратузилмасига етказилган зарарни таъмирлаш «қимматга тушиши ва кўп вақт талаб қилишини» айтган.

Шу билан бирга, шарқий фронт чизиғида Украина бош қўмондони Александр Сирский унинг кучлари январ ойи охиридан бери 480 квадрат километр ҳудудни озод қилганини даъво қилди. Шунга қарамай, Россия қўшинлари Днепропетровск вилоятида буфер зона яратишга уринишларини давом эттирмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид